19.11.2019

BAYROQ VA YuRAK

Кеча давлатимиз байроғи қабул қилинган куннинг 28 йиллигига бағишланган тадбирлардан руҳланиб, бир сўз айтгим келди...

Бироқ кўнгилда тўлиб-тошган туйғуларни — фахр-ифтихорни, ғурурни ифодалаш қийин бўляпти. Байроғимизга муносиб, байроғимиздек улуғ, азиз сўзни топиш қўлимдан келмаяпти. Байроғимизнинг маъно-мазмуни, аҳамияти, қадри ва муқаддаслигини англатадиган сўзни айтаман, деб қанча уринмайин, уддасидан чиқа олмаяпман.

Ўйлаганим сари байроғимиз билан боғлиқ турли воқеалар ёдимга тушяпти. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлари. Мустақил Ватанимиз байроғи қандай бўлиши кераклиги умумхалқ муҳокамасига қўйилган кунлар... Депутатлар, ёзувчи, тарихчи, сиёсатчиларнинг фикр-мулоҳазалари... Ўзбекистонимизнинг байроғи қандай кўринишда бўларкин, деган савол оддий одамларни ҳам қизиқтиргани, баҳс-мунозарага чорлагани... Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида мустақил давлатлар байроқлари қаторида Ўзбекистон Республикаси байроғи баб-баровар ҳилпираган кунлар... Биз энди озодмиз, мустақилмиз, биз ҳам халқмиз, ўз номимиз, байроғимиз бор, энди ўз номимиздан ўзимиз гапирамиз, дея қалбимиз қувончларга тўлган кунлар.

Қизил империя босқини даврида хорижий давлатларга қочиб кетиб, юртга қайтолмай армон билан яшаб юрган ватандошларимиз дунёнинг турли четларидан Нью-Йоркка етиб келиб, БМТ биноси олдида ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғига тикилиб, «Ўргилай сендан, она юртим байроғи», дея юм-юм йиғлашганини кўрганмиз.

Кейин мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хорижий давлатларга давлат ташрифи билан борганда Ватанимиз байроғи шаҳарлар аэропорти ва кўчаларида ҳилпираб турганини кўриб, кўнглимизда буюк бир бахтни, ғурур-ифтихорни туйганмиз.

Байроғимиз ҳақида ҳар гал ўйлаганимда бир воқеа доим ёдимга тушади, ҳамон ҳаяжонланаман. Ўша воқеалар ипидан-игнасигача бир-бир кўз ўнгимдан ўтади.

1994 йил, Япониянинг Хиросима шаҳридамиз. Осиё ўйинларининг сўнгги куни. Футбол мусобақасининг финал ўйини. Майдонда Ўзбекистон ва Хитой терма жамоалари. Стадион тўлиб-тошган. Футбол бўйича ғолиб аниқлангач, Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлади. Шу боис барча делегация аъзолари, Япония ҳукумати раҳбарлари, фахрий меҳмонлар, журналистлар, томошабинлар жамул-жам бўлган. Майдонда биров таниб, биров танишга улгурмаган Ўзбекистон ва дунёнинг энг катта ва қудратли давлатларидан бири, бир миллиарддан кўп аҳолига эга Хитой футболчилари олтин медал учун курашишмоқда. Ўшанда бутун Осиё кўз ўнгида Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб чиқиб, Ватанимиз байроғи энг юқорига кўтарилган эди.

Ўшанда, биз учун еру осмон қувончу шодликларга тўлганди, фахрдан, қувончдан кўзларимизга ёш тўлиб турган бир пайтда ҳужумчимиз Шуҳрат Мақсудов юрт байроғини боши узра баланд кўтариб, футбол майдонини гир айланиб югурганида, биз ўзимизни еттинчи  осмонда ҳис этганмиз. Ватан байроғи баланд кўтарилиши, ҳилпираши учун футболчиларимиз икки ҳафта давомида кураш олиб боришганди. Байроқ билан бирга биз ҳам юқори кўтарилгандек. Ундай бахтли онларни ҳеч бир бошқа бойлик билан алмаштириб бўлмайди. Байроғимизнинг юқори кўтарилиши халқимизнинг, Ватанимизнинг юқори кўтарилиши эди.

Байроқ билан боғлиқ бундай туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин. Байроқ нима ўзи, деган саволга ҳам ҳар хил жавоб бериш мумкин, аммо тугал жавоб бериш қийин. Одатда байроқ мустақиллигимиз рамзи, бизнинг миллат сифатида борлигимиз тасдиғи, байроқ ғуруримиз ҳисобланади, деймиз. Бу сўзлар тўғри, аммо байроғимиз қадри, аҳамиятини тўла англата олмайди. Ватан байроғи бу — Ватаннинг сиймоси, шони, шавкати, қудрати, ор номуси... Бу сўзлар ҳам байроғимиз таърифини тўла келтира олмайди.

Кечаги байрам куни мамлакатимизнинг барча жойларида байроғимизга кўрсатилган ҳурмат, эътибор, эътиқод, эъзоз, эҳтиромни кўриб, Ватан байроғи нақадар азиз ва муқаддаслигини янада чуқурроқ ҳис этдик. Айниқса, жажжи қўлларида Ватанимиз байроқчаларини маҳкам ушлаб, ҳилпиратиб турган болажонларни кўриб, энтикиб кетдик, кўнгилга кўп орзу умидлар нурдай қуюлди. Вақти келади, болажонларнинг байроқ тутган қўллари кучга тўлади, байроқ билан боғлиқ туйғулари мустаҳкамланади, онги шуурига, қонига сингиб, юрагига етиб боради, юраги билан боғланади. Бу туйғу бир умр унга миллий ғурур, куч-қувват бағишлаб туради.

Тадбир тантаналарида байроқ ҳақида фикр билдирганлардан бири педагогика фанлари доктори Муҳаммаджон Қуронов «Ҳар бир хонадонда Ватаннинг байроғи бўлиши керак», деган таклифни билдирди. Бу таклифнинг аҳамияти нимада?

Аввало, байроққа ҳар куни кўзингиз тушишининг ўзи кишига фахр-ифтихор, ғурур бағишлайди, сен мустақил Ўзбекистон фарзанди эканингни ёдга солади, масъулият ҳам юклайди. Энг муҳими, фарзандларда байроққа — Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари шаклланади. Дунёга келган бола кўзини очиб, илк бор ота-онаси қаторида Ватан байроғини кўради. Фарзанд ота-она билан байроққа бирдек меҳр қўйиб вояга етади, ота-онасига қандай садоқатли бўлса, байроққа, Ватанга ҳам шундай садоқатли бўлади. Байроғимизни худди ўз ота-онасини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилади.

Шунинг учун ҳам ҳар бир оилада Ватан байроғи бўлиши катта маъно-мазмунга эга. Энди бир-биримиздан «Уйингизда Ватан байроғи борми?», деб сўрайдиган пайт келди чоғи. Уйимизда Ватаннинг байроғи бўлса, демак, уйимизда қуёш бор, нур бор, ёруғлик бор, миллий ғурур, Ватанга муҳаббат бор. Бу фазилат — анъана фарзандларингизга ҳам ўтади, авлоддан авлодга ўтади. Эрта бир кун болангиз қўлидан кимдир ниманидир юлиб олиши мумкин. Аммо, ҳеч ким унинг қўлидан Ватан байроғини тортиб ололмайди, Ватан байроғига хужум қилолмайди.

Ватан байроғи!.. Чуқур ўйласанг, диққат билан қарасанг, унга осонликча етиб келмаганимизни англайсан. Байроқ рангларида минг бир ҳикмат, минг бир маънони уқийсан. Аждодларимизнинг юрт ҳимояси йўлида тўккан қонларини кўрасан, қарамликка тушиб қолган халқни озодликка олиб чиқиш учун жонларини фидо қилган аждодлар сиймосини кўрасан, армонларини, азобларини ҳис этасан... Кейин эса асрий орзу-армонлар ушалганини, дили пок, нияти оқ халқимиз ҳурриятга эришгани, ўз ҳаётини ўзи мустақил қураётгани, ҳеч кимдан кам эмаслигини ўйлайсан.

Кўнгилга яна турли фикрлар келади: Байроқни кўрганда кўз ёнмаса, юрак титрамаса, ким деган одам бўламиз. Мавжланиб, ҳилпираётган байроғимизга тикилиб, ғурурланмаган, ундан куч олмаган, қудрат сезмаган одам кучсиз одам, ожиз одам...

Ўйлаб-ўйлаб кўрсак, хаёлга янги саволлар келади: Миллатнинг  байроғи асли миллат юрагининг рамзи эмасмикин?.. Кўксимизда уриб турган юрагимиз — шу байроқ эмасмикин? Йўқ, юракни байроққа алмаштириш мумкин, лекин байроқни юракка алмаштириб бўлмайди. Ватан байроғи юрагимиздан ҳам қимматли, қадрлидир...

Бу йил байроғимиз қабул қилинган кун ҳар доимгидан бошқача, янгича, катта ҳурмат, эҳтиром билан ўтказилганини кўриб, кўнгилдан ана шундай фикр-мулоҳазалар ўтди.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Fikr va mulohazalar

Spam bot protection (CAPTCHA)

So‘nggi yangiliklar: