17.12.2019

АХБОРОТНИНГ ЎЗГАРАЁТГАН МАВҚЕИ

Миллий Конституциямиз қабул қилинган куннинг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанада маъруза қилган муҳтарам Президентимиз кўплаб муҳимдан-муҳим муаммолар қатори оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ҳозирги кундаги ҳолати ҳамда вазифалари ҳақида алоҳида тўхталди. Таъкидламоқ керакки, кейинги уч йил мобайнида миллий ахборот майдонимиз “об-ҳавоси” янада мусаффолашиш сари юз тутди. Жамиятда ахборот олиш ва уни эмин-эркин тарқатиш борасида жиддий янгиланишлар кузатилмоқда. Хусусан, интернет тўлқинларида, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар, тафсилотлар, суҳбатлар ва баҳслар ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор журналистлар (жумладан, блогерлар)нинг жамиятимизнинг фаол аъзоларига айлантириб бормоқда. Муҳими, жамиятнинг ҳар қандай қатламида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ҳатто у ёки бу вазир, ҳоким ва ҳоказо раҳбар шахслар томонидан айтилган икки оғиз жумла ҳам зумда жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилмоқда. Жамоатчилик ҳам ўз навбатида қараб ўтирмаяпти – мулоҳаза, мушоҳада, мунозара қизғин тус олмоқда.

Ахборот эркин ва озод жамият учун ниҳоятда табиий ҳолат бу. Тўғри, бундай фикр олишувларида ахборот маданияти, сўз айтиш, мунозарага киришиш одоби хусусида турфа мулоҳазалар билдириш мумкин, лекин булардан қатъи назар, яратилаётган оммавий мулоқот имкониятлари жамиятда фикр-муносабат айланишини йўлга қўймоқда, халқимизнинг жуда кенг қатлами вакилларида дахлдорлик туйғусини шакллантирмоқда.

Давлат органларининг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлагани, хусусан, уларнинг мақоми оширилгани ҳар жиҳатдан инқилобий аҳамиятга эга. Зеро, янгиликларни зудлик билан жамоатчилик эътиборига етказиш демократик жамиятнинг бирламчи шартларидан ҳисобланади. Маърузада айтилганидек, эндиликда “барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак”.

Давлат хизматчилари олдига қўйилаётган бу каби вазифалар ҳар қайси раҳбар ходимнинг замон ўзгаришларига мутлақо ўзгача ёндашувлари зарурлигини тақозо этмоқда. Жамоатчилик билан алоқа раҳбар кадрларнинг мулоқот маданияти, керак бўлса, ахборот маданияти кўзгусига айланмоқда.

“Яна бир марта такрорлайман, — деди давлатимиз раҳбари, — Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди”.

Юксак минбардан алоҳида таъкидлаб айтилган бу сўзлар жамиятимизда ахборот ўз табиий ва қонуний мавқеига эга бўлиш йўлига ўтаётганидан далолат сифатида узоқ олқишларга сазовор бўлди. Зеро, ахборотга муносабат ўзгариши муҳитнинг, кайфиятнинг ўзгариши, пиравордида эса жамиятнинг мутлақо замонавий ва мутараққий янгиланишларга юз тутиши демакдир.

Тўғри, бу борада қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп. Биринчи навбатда, оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчиликни замон ва давр талаблари даражасига кўтариш, уларга муайян зарур ўзгаришлар киритиш талаб этилади. Қонун талабларининг амалий ижросини таъминлаш ўзини журналистман, матбуот ходимиман деган ҳар бир қаламкаш зиммасига улкан масъулиятлар юклайди. Соҳада ўзини ўзи бошқариш тизимини яратиш ва шу орқали матбуотни қудратли ва таъсирчан жамоатчилик назоратчисига айлантиришда билим, тажриба, маҳорат ва ҳар қачонгидан уюшқоқликни тақозо этади. Соҳа жонкуярлари бўлмиш журналистлар, таҳририят ходимлари, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатаётган қалам  аҳллари касбимизга энг замонавий андозалар асосида ёндашадиган давр келди. Сўзимизнинг қудрати холислиги, ижодий маҳоратимиз самимийлиги билан  чинакам маънодаги халқ эътирофига сазовор бўладиган замон келди.

 

Хуршид  ДЎСТМУҲАММАД,

адиб.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: