10.01.2017

НИШОНДА БАЛИҚЧИЛИК

ривожланмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда

Сиз атрофини саксовул, юлғун, бурган каби ўсимликлар қоплаган дашт бағридаги сув ҳавзаларининг турган-битгани хазина эканини биласизми? Рости, мен ҳам ишонмагандим, кейинчалик ўз кўзим билан кўрдим, завқландим, ҳайратга тушдим...

Адоғини кўз илғамайдиган Қарши чўлининг поёнини Нишон туманининг экинзор ва яйловлари эгаллаган. Бағрига 3 миллиард кубметргача оби-ҳаёт сиғдира оладиган Толлимаржон сув омбори ҳам шу манзилда. Унинг яқинидаги исми-жисмига монанд «Нуристон» шаҳарчаси йил сайин кенгайиб бораяпти.

Ҳамроҳим — туман ҳокимининг иқтисодий-ижти­моий масалалар бўйича ўринбосари Зокиржон Баратов билан чўл қаърига тобора кириб бораяпмиз.

Йўл-йўлакай суҳбатимиз давом этади.

— Ўтган йили ҳукуматимизнинг Нишон туманини ривожлантириш бўйича алоҳида қарори қабул қилинди. Унга кўра, 1040 лойиҳа амалга ошади. Биз бошқа тармоқлар қатори балиқчиликка ҳам катта эътибор бераяпмиз. Чунки шарт-шароит етарли. Биргина Толлимаржон сув омбори 200 гектар майдонни эгаллаган. 2016 йил 300 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди. «Жайхун кўли саховати» балиқчилик хўжалигининг дўкони ҳам, ошхонаси ҳам бор. Бу йил яна 60 гектар ер балиқчилик хўжаликлари учун ажратил­япти. Ҳадемай балиқ консерва ишлаб чиқарадиган кичик корхона қурилади.

Мен ҳоким ўринбосарининг мулоҳазаларини эшитиб, қилинаётган ишларни ўз кўзим билан кўриб, режаларнинг амалга ошишига аниқ ишондим. Ниҳоят, катта тош йўл ёқасидаги тепаликлар ёнига етиб келдик...

Балиқларининг асосий қиммати — уларнинг гўшти таркибидаги ярим тўйинган омега-3 ёғ кислотасидир. Бу модда қондаги липидлар ва холестерин миқдорини тартибга солиб, атеросклерознинг ривожланишига тўсқинлик қилади, бош мия, юрак ва қон томирлар ҳолатига самарали таъсир кўрсатади. Тўрт соат мобайнида ҳазм бўладиган чорва моллари гўштларидан фарқли равишда балиқ таркибида 15 фоиз миқдорида организмга енгил сингадиган оқсиллар, шунингдек, йод, марганец, мис, рух, фтор каби моддалар алмашинуви учун бетакрор ноёб микроэлементлар мавжуд. Олимларнинг таъкидлашича, энг арзон балиқлар ҳам соғ­лиқ учун фойдали бўлиб, кўпгина хусусиятларига кўра, қимматбаҳо балиқлардан асло қолишмас экан. Ҳафтасига икки марта балиқ истеъмол қилувчиларда юрак хасталиклари пайдо бўлиш хавфи 30 фоизга камаяр экан.

Биз яқинида тўхтаган тепаликнинг ёнида кичикроқ кулба кўзга ташланди. Унинг олд тарафида дарахт­лар кўкка бўй чўзган. Сал нарида маҳсулот сақланадиган омбор қурилаётган экан.

Тепаликнинг бир томони катта кўлга туташиб кетган. Чуқурликнинг ён тарафидаги тарам-тарам қатламлар тагида тошлар кўзга ташланади. Бизга пешвоз чиққан оқ-сариқдан келган йигит изоҳ берди:

— Бу ер эски ташландиқ тош кони, илгарилари қазиб олинган қум-шағал йўл қурилишига ишлатилган. Туман ҳокимлиги шу ердан бизга 28 гектар майдон ажратиб берди.

Бу йигит биз излаб борган Йўлдош Матсаидовнинг ўғли Эргашжон экан. Йўлдош ака бу йил 64 ёшга кирибди. Олий маълумотли темирйўлчи. Қарши темир йўл депосида 10 йил меҳнат қилган. Кейин «Шўртангазкимё» мажмуи қурилишида қатнашган. Умр йўлдоши билан бирга 4 ўғил ва бир қизни улғайтириб элга қўшишипти.

— Юртимизда тадбиркорлар ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, — дейди Йўлдош ака бизни қудратли техника тупроғини сураётган тепалик сари бошларкан. — Ҳокимият шу ташландиқ тепалик ва кўлни олишни таклиф қилганда, йўқ демадим. Қолаверса, ўзим балиқчиликка қизиқаман. Лекин ишни бошлаш осон бўлгани йўқ. Ошиқча сувни коллекторга чиқариш учун тепа тагидан алоҳида қувур ўтказдик. Чунки сувни камайтирмасак, балиқ овлаб бўлмайди.

— Аввал Сирдарё сувида кўпайтирилган чавоқларни олиб келиб ташладик, — отасининг гапини давом эттирди Эргашжон. — Унча кўпаймади. Кўп ўйладик. Билсак, бу кўлга келадиган сизот сувлари Амударёдан келар экан. Шунинг учун Хоразмга бориб, Аму сувларида ўсаётган балиқларнинг чавоғини олиб келиб, кўлимизга ташладик. Асосан зоғора, дўнг пешона, оқ амур, ола-була зотли балиқ боқаяпмиз. 2016 йилда 25 тонна балиқ сотдик. Аммо вазни унчалик эмас эди. Ўтган йили эса савдога чиқарган балиқларимизнинг ҳар бири 1-1,5 кило тош босди.

— Текисланаётган манави ер нимага мўлжалланган?

— Бу жойни боғ қиламиз, — деди Йўлдош ака жонланиб. — Тепалик бағрида эса лимон етиштирилади. Камида яна 20 киши ишли бўлади.

Шу пайт суви қочирилган кўлга тўр ташлаган балиқчилар 5-6 балиқни овлашди. Ҳар бирининг вазни 2-3 килограммдан кам эмас.

Туман ҳокими ўринбосарининг айтишича, келгуси беш йилликда Қашқадарё вилояти бўйича балиқ етиштириш камида 2 бараварга ошаркан.

Балиқчилар ҳузуридан қайтар эканман, халқимиз дастурхонини тўйимли, харидоргир, шифобахш неъматлар билан тўлдириш йўлида тер тўкаётган нишонлик азаматларга омад тиладим.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: