Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2016    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
27.12.2016

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ ФАОЛЛИГИ, ЖОНКУЯРЛИГИ

одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, инсон манфаатларини ҳимоя этишда муҳим ўрин тутади

Бугун сиёсий партия халқнинг ичига чуқурроқ кириб бориши, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни изчил ўрганиши, ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш бўйича ташаббуслар билан чиқиши талаб этилмоқда. Айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳудудлар равнақини оширишдаги ролини кучайтириш катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конс­титуция кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобдорлигини ошириш, бу борада Олий Мажлис ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича долзарб таклифлар ўртага ташланди. Аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан танқидий-таҳлилий фикрлар билдирилди. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир партия гуруҳи депутатлик фаолиятига муносабатини тубдан ўзгартириши талаб этил­япти.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан 2015-2019 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Ҳаракат дастури ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Хўш, ўтган давр мобайнида дастурда белгиланган вазифалар қай даражада амалга ошди? Аҳолини ўйлантираётган масалалар сессияларда муҳокама этилиб, ўз ечимини топаяптими? Дастурнинг жорий йил 10 ойи давомидаги ижроси таҳлили нималарни кўрсатмоқда?

— Ўтказилган таҳлиллардан шундай хулосага келиш мумкинки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари ташаббуси билан 166 масала партия гуруҳларида, 103 масала доимий комиссия йиғилишларида, 71 масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Боймурод Юсупов. — Айниқса, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги партия гуруҳлари Ҳаракат дастури ижросини ўз вақтида таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Депутатлик бирлашмалари ташаббуси билан муҳокама қилинган масалалар мазмун-моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, уларда электорат манфаатларига дахлдор бўлган қатор масалалар ўз ифодасини топган.

Ҳаракат дастури доирасида биз учун жуда муҳим аҳамиятга бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тегишли тартибда муҳокама қилинди. Мисол учун, уларнинг 26 таси партия гуруҳлари, 20 таси доимий комиссиялар ҳамда 14 таси сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Аммо айрим партия гуруҳлари ушбу муҳим масалани ўз йиғилишида номига кўриб чиқиш билан чекланган.

Олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири маҳаллий Кенгашлар зиммасига юклатилаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этишдир. Бу эса бевосита Ҳаракат дастури ижроси билан чамбарчас боғлиқ.

Ҳаракат дастурида соғлиқни сақлаш, ҳудудий поликлиникаларни замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, туғма ва ирсий касалликларни профилактика қилиш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базасини яхшилаш, дори воситалари ва фармацевтик фаолият билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш кўзда тутилган. Эътибор берсак, буларнинг ҳаммаси инсон манфаатлари билан боғлиқ ҳаётий вазифалардир. Хўш, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари қандай ишларни амалга оширди?

— Мазкур йўналишда 39 масала партия гуруҳларида, 26 таси доимий комиссияларда ҳамда 16 таси сессияларда муҳокама қилинган, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Дурбек Худойқулов. — Жумладан, Тўрткўл, Қоракўл, Бахмал, Нурота, Томди, Пайариқ, Олтинсой, Қумқўрғон, Оҳангарон, Хонқа, Янгибозор, Бувай­да, Косон туманлари, Бухоро, Бекобод, Фарғона шаҳар Кенгашларида масалалар сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Бу масалалар Амударё, Қора­ўзак, Андижон, Чуст, Боғот, Касби, Нишон туманлари ҳамда Жиззах, Наманган, Урганч шаҳарларида доимий комиссияларда кўрилган бўлса, айрим туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларида расмиятчилик юзасидан, яъни номига кўриб чиқилган, холос.

Агар қайси туманда муаммо сессия муҳокамасига олиб чиқилмасдан қолиб кетадиган бўлса, бу ўша ҳудудда партиямизнинг таъсир кучи камлиги, электорат манфаатлари эътиборсиз қолдирилганидан далолат беради.

Шунингдек, партия гуруҳларимиз сессия қарори ижросига ҳам жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки сессияда муҳокама этилди дегани муаммо ҳал бўлди, дегани эмас. Сессия қарори ижросини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, сайловчилар ишончини қозонишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаракат дастурида пенсия ва нафақа пулларининг тайинланиши, ёш оилаларнинг имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар билан таъминланиши, давлат томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдамларнинг манзиллилигини ўрганиш ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам долзарб масалалар белгиланган. Мазкур йўналишда 27 масала партия гуруҳларида, 20 таси доимий комиссияларда ҳамда 13 таси сессияда кўриб чиқилган.

— Йил бошида Ҳаракат дастурида кўзда тутилган масалаларга алоҳида эътибор қаратдик, — дейди Ўзбекис­тон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Чори Жумақулов. — Шу боис Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ туманлари ҳамда Термиз шаҳар Кенгашлари сессияларида партия гуруҳларимиз ташаббуси билан бир қатор йўналишлар кўриб чиқилди. Сессия муҳокамасига киритишдан олдин пенсия ва нафақа пулларининг тайинланиши, шунингдек, давлат томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдамларнинг қай даражада манзиллилиги ўрганиб чиқилди. Кўплаб таҳлиллар ўтказдик. Бунинг натижасида жойларда камчилик ва нуқсонлар яққол кўзга ташланди.

Ҳозирда сессия қарорлари ижросини таъминлаш бўйича иш олиб бораяпмиз. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз масалани изчил ўрганиб, керак бўлса, сессияга такроран киритиш устида ишлаяпти.

Бундан ташқари, туманлардаги Бандликка кўмаклашиш марказлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

Ҳаракат дастурида кўзда тутилган муҳим масалалар — таълим тизимини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, ушбу тизимдаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя­га муҳтож оилалар фарзандлари, айниқса, қиз болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш, чекка ҳудудларда янги спорт объектларининг қурилиши, уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш йўналишларида 25 масала депутатлик гуруҳлари, шундан 16 таси доимий комиссиялар ва 6 таси эса сессиялар йиғилишларида кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Бироқ Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш борасида айрим минтақавий, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда партия гуруҳлари томонидан суст­кашлик ва камчиликларга йўл қўйилди. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳаракат дастурида 10 ой давомида ўрганилиши белгиланган 159 масаладан 22 таси фақатгина депутатлик гуруҳларида муҳокама қилиниб, доимий комиссия ва сессия муҳокамасига олиб чиқилмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, қайси ҳудудда партия гуруҳлари самарали фаолият юритса, одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганса, уларни ҳал этиш бўйича ташаббус кўрсатса, ўша ерда аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончи ортади, муаммоларга ижобий ечим топилади. Демак, маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари ишини янги бос­қичга олиб чиқиш ҳамда ташаббускорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: