22.12.2016

ҚОНУНЧИЛИК ЧУҚУР ЎРГАНИЛЯПТИ

Моҳидил Қурбонова «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг Фарғона вилоятидаги 6784 нафар иштирокчисидан бири. У санъат касб-ҳунар коллежида ўқиш билан бирга, Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти тадбирларида фаол иштирок этди, долзарб мавзулардаги баҳс-мунозараларда ўз фикрини дадил айтишни ўрганди. У «Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг вилоят, кейинчалик Республика босқичида ғолибликни қўлга киритди.

Моҳидил коллежда мусиқашуносликнинг назарий масалаларини астойдил ўр­ганмоқда. Унинг фортепьяно санъати ҳақидаги дастлабки тахлилий мақолалари чоп этилди. Келажакда санъатшунос журналист бўлмоқчи.

Дарҳақиқат, Моҳидилнинг қатъий қарори амалга ошишига асослар мавжуд. Ўзбекистонда таълим соҳасига йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, дунёнинг аксарият давлатларида бу кўрсаткич ўртача 3-5 фоиздан ошмайди.

— Юртимизда ҳар йили юзлаб таълим муассасалари замонавий моддий-техника базасига эга бўляпти, энг узоқ қишлоқларда ҳам спорт мажмуалари қад ростламоқда, яъни биз ёшларнинг етук инсон бўлиб етишишимиз энди ўзимизга боғлиқ, — дейди Моҳидил Қурбонова.

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши ташкил этган «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида» лойиҳаси доирасидаги «Депутат ва ёшлар» учрашуви Моҳидил каби ёшлар муваффақиятлари мисолидаги фикр­лашувдан бошланди. Тадбирда янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун, унинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўз юритилди.

— Ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш — долзарб масала, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Умурбек Бектемиров. — Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишидан тортиб, касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашиши, уй-жойли бўлиши — барчаси давлат эътиборида. Уларга кўмаклашиш нафақат давлат органлари, шу билан бир қаторда, жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Баҳром Обиджонов ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.