Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2016    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
20.12.2016

«ВАТАНИМИЗ РАВНАҚИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ХОҲЛАЙМИЗ»

«Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди

«Ҳар бирида ўзига хос шижоат, аниқ мақсад ва мустаҳкам ирода мужассам. Бу қайси замон фарзандлари? Албатта, мустақил юртнинг бахтиёр ёшлари, менинг зукко тенгдошларим. Улар билан бир сафда эканимдан фахрланаман!..»

«Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг республика босқичини кузатар экан, сирдарёлик иштирокчи Жамшид Баратовнинг кўнглидан ана шундай сўзлар ўтди.

Дарҳақиқат, ўз ҳудуди шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаган ҳар бир йигит-қиз танловга пухта ҳозирлик кўргани, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур ўргангани, ўз устида астойдил ишлагани яққол намоён бўлди.

Аввал хабар берганимиздек, 15-17 декабрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Марказий Кенгаши ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг якуний, республика босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республика, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичлари ғолиблари «Лойиҳа тақдимоти», «Савол-жавоб» ва ­«Нотиқлик санъати» ­шартлари асосида билимларини намойиш этишди.

Умумий натижаларга кўра, хоразмлик иштирокчи Элнур Каримов учинчи ўринга лойиқ топилди. Пойтахтлик иштирокчи Абдулвоҳид Пазлиддинов эса иккинчи ўринни қўлга киритди. Танловнинг мутлоқ ғолиблиги фарғоналик Моҳидил Қурбоновага насиб этди. Қолган иштирокчилар турли номинациялар ­бўйича тақдирланди.

Кўрик-танловнинг тақдирлаш қисмида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Хатамжон ­КЕТМОНОВ билимли ва интеллектуал салоҳияти юқори ёшлар ҳақида самимий фикрлар билдирди. Барчани кириб келаётган Янги йил билан табриклади.

Интилувчан ва фаол ёшларнинг фикрлари билан қизиқдик.

 

Мирзоҳид ШОДМОНОВ, танлов иштирокчиси, Жиззах вилояти:

— Жиззах давлат педагогика институти талабасиман. Мактабдаги устозларимдан чексиз миннатдорман. Уларнинг меҳнати туфайли давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Инсон болалигида турли соҳаларга қизиқар экан. Мен ҳам бошқа болалар каби учувчи, космонавт, генерал бўламан, дер эдим. Вақт ўтгани сайин қизиқишларим орзуга, орзуларим аниқ бир мақсадга айланди. Англадимки, энг аввало, оиламга нафим тегадиган, ота-онам фахрланадиган инсон бўлиш менга кўпроқ бахт бераркан.

Оилада 6 нафар фарзандмиз. Акам олий маълумотли. Укам мен таҳсил олаётган инс­титутнинг хорижий тиллар факультетида ўқийди. Опаларим ҳам ўзлари қизиққан соҳаларда меҳнат қилишяпти. Муҳими, инсон ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши ва қилаётган ишидан роҳатланиши керак, деб ўйлайман.

Танловдан бир олам таассурот олдим. Кўп нарсани ўргандим. Тенгдошларимга унда қатнашиб, омадларини синаб кўришларини тавсия қиламан.

 

Ниғматилла АБДУҚЎЧҚОРОВ, танлов иштирокчиси, Тошкент вилояти:

— Танловга келишимдан олдин синглим мен ҳам бораман, деб туриб олди. Аввалига, бироз ноқулайдек туюлса-да, кейин унинг келганидан хурсанд бўлдим. Чунки ҳар бир шарт давомида унинг даврада борлиги менга куч-қувват бағишлади. Саволларга жавоб бериш, тақдим этилган лойиҳалар хусусида ҳакамлар ҳайъатининг фикрларини тинглаш ва албатта, дўстларим, яқинларимнинг қўллаб-қувватлашини кўриш мароқли бўлди.

«Келажакка қадам» — иқтидорли ва ташаббускор ёшлар интернет тармоғи лойиҳасини тақдим этдим. Кўзлаган мақсадим касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, умуман, ёшларнинг ишга жойлашиши учун қулай, замонавий усул жорий этишдан иборат. Яъни, мазкур сайтда ҳар бир соҳа учун алоҳида саҳифалар ташкил этилади. Ишга жойлашишни истаган йигит-қизлар ундан ўзларининг касбий кўникмаларини ошириш бўйича керакли тавсиялар, фикрлар ва саволларига жавоб олишлари мумкин бўлади.

 

Азиза ҚЎЗИБОЕВА, танлов иштирокчиси, Қашқадарё вилояти:

— Коллежни битиргач, олий ўқув юртига кириш учун имтиҳон топширдим. Лекин омадим келмади. Келажакда ҳуқуқшунос бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун тарихимизни, дунё тарихини, қонунларни яхши билишим керак. Ўқиш ва изланишдан тўхтамайман. Ушбу танловда тайёргарлик кўриш ва унда қатнашиш жараёнида кўп нарса ўргандим. Бундан ҳурсандман.

Бугун дадам қўллаб-қувватлаш, менга мадад бўлиш учун Тошкентга бирга келди. Дадам хусусий тадбиркор. Кўп ишлайди, сафарда бўлади. Лекин акам ва мен учун, вақт ажратади. Доим ўқишимиз билан қизиқади. Ўзи ўқиган даврлар билан ҳозиргисини таққослаб, бизга ўрнак бўладиган гапларни кўп айтади. Яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланаман, албатта, келаси йили ўқишга кираман.

 


Хуршида БОБОЖОНОВА, танлов иштирокчиси, Наманган вилояти:

— Косонсой туманида «Аёллар ва ёшлар соғломлаштириш маркази»ни ташкил этиш лойиҳасини тақдим этдим. Бу орқали хотин-қизларни спортга жалб қилиш ҳамда соғломлаштириш имкони ортади. Шунингдек, коллеж битирувчилари иш билан таъминланади. Хотин-қизлар учун турли ўқувлар ташкил этиш, уларни фаол ижтимоий ҳаётга жалб қилиш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Мақсадим лойиҳамни шунчаки тақдим этиш эмас, балки уни келажакда амалга оширишдан иборат. Танловда ғолиб бўла олмадим. Аммо бу билан тўхтаб қолмайман. Лойиҳамни рўёбга чиқариш ҳаракатида бўламан.

 



Моҳидил ҚУРБОНОВА, танлов ғолиби, Фарғона вилояти:

— Танловда юртимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли, билимли ва ташаббускор ёшлар йиғилган. Энг аввало, улар билан бир сафда туриб вилоятим шарафини ҳимоя қилганимдан хурсандман. Иштирокчилар орасида энг ёши кичиги бўлганим учунми, уларнинг салобати босди, ҳаяжоним жуда кучли эди. Шунда менга ишонч билдирган яқинларим, устозларим кўз олдимга келди. Ҳаяжонимни енгиб, фикрларимни бир жойга жамлашга ҳаракат қилдим.

Тўғрисини айтсам, танловнинг мутлоқ ғолиби сифатида исм-шарифим ўқилганида қулоқларимга ишонмадим. Хурсанд­чилигимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу ғалаба менга янада катта масъулият юклайди. Бу юксак ишончни оқлашим керак.

 



Перизат УРАЗАЛИЕВА, танлов иштирокчиси, Қорақалпоғистон Республикаси:

— Болалигимдан бироз ўжарман. Бирор нарсага қўл урсам, натижага эришмасдан кўнглим тинчимайди. Шундан бўлса керак, ўғил бола дўстларим ҳам бор. Улар самимий, садоқатли ва ҳар қандай вазиятда ёрдамга қўл чўзишади. Буларни айтишимга сабаб, «Ёш сиё­сатчи-2016» кўрик-танловининг Республика босқичига чиқишимда ҳам улар кўпдан-кўп ёрдам беришди.

Танлов орқали ўз иқтидоримни синовдан ўтказдим, сиёсий-ҳуқуқий билимимни мустаҳкамлашга эришдим, янги дўстлар орттирдим. Ўз ҳудудингда биринчи бўлиш яхши. Республикада биринчилик учун беллашиш ўзимга бўлган ишончни оширди. Зукко, кенг тафаккурли тенгдошларимни кўриб, фахрландим. Бир нарсани ишонч билан айта оламанки, бу танлов менинг депутатлик сари қўйган илк қадамим бўлди.

 


ТАНЛОВДАН КЕЙИНГИ МУЛОҲАЗАЛАР

— Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад сиёсий билимга чанқоқ ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларга йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари ­Рустам Комилов. — Танловнинг асосий шартларидан бири ижтимоий лойиҳа тақдимоти ҳисобланади. Бу шарт орқали партиямиз дастурий мақсад-вазифалари ёшларнинг нигоҳида қандай ечим топишини ўзимиз учун белгилаб оламиз, янгича ёндашувларни кутамиз. Танлов давомида қизиқарли, асосли лойиҳалар тақдим этилди. Бундан жуда хурсандмиз.

Ёшларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, ўзимизга бир қанча вазифаларни ҳам белгилаб оляпмиз. Келажакда ёшлар билан ишлашда қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз кераклиги юзасидан хулоса чиқариш имкониятига эга бўлдик.

— Ўғлим Муслимбекни қўллаб туриш учун Андижондан синглим билан бирга келдик — дейди Қорасув шаҳридаги 19-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Иродахон МАМАДАЛИЕВА. — Унинг муваффақиятларидан жуда ҳам хурсандман. Унинг ҳар бир ютуғи, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта, менга ўзгача ғурур бағишлайди. Оиламизда ўғлимни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. Мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ, бошқа тенг­қурларидан ажралиб турарди.

«Ёш сиёсатчи» танловида иштирок этиш ҳақида айтганида, бемалол тайёргарлик кўриши учун қулай шароит яратиб бердик. Чунки танлов фақат беллашиш учун эмас, ёшларимизнинг ­салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади, деб ўйлайман.

«Ёш сиёсатчи-2016» кўрик-танлови ниҳоясига етди. Бу йил унинг барча бос­қичларида 20 000 нафарга яқин йигит-қиз иштирок этди. Уларнинг ҳар бири ўз ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий равнақи билан боғлиқ лойиҳаларини тақдим этишди. Мамлакатимизда демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш масалаларига оид кўплаб саволларга жавоб беришди. Энг муҳими, бу жараёнларда улар фикрлашди, келажак ҳақида мулоҳаза юритишди, ҳаёт ҳақида кенгроқ тасаввурга, ёрқин таассуротга эга бўлишди. Бу таассуротлар ёшларнинг қалбида бир умр сақланиб қолади, уларни янги марраларга руҳлантиради.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: