Инсон ҳаёти давомида турли муаммоларга дуч келади, баъзида эса чигал саволлар гирдобида қолади. Шундай кезда масалага ечим излайди. Қувонарлиси, бугунги кунда фуқароларимиз дунёқараши ўзгарган. Ўзини қийнаётган муаммо юзасидан қаерга, қандай мурожаат қилиш лозимлигини билади. Бузилган ҳақ-ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишяпти, ҳам. Масалан, Оққўрғон туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245-моддасида белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар тез-тез кўриладиган бўлган. Бу ерда аҳоли ўртасида кенг қамровли тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. ФПКнинг 264- моддасида белгиланган давлат ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларга оид ишлар ҳам кўриб чиқилди.
Туман маъмурий судига келиб тушган ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг таҳлили шундан далолат берадики, майда безорилик, солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаслик,экинзорларни пайҳон қилиш, қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш, ҳақорат қилиш ҳолатлари нисбатан кўп. Туман суди томонидан 2019 йил давомида 569 маъмурий иш сайёр суд мажлисларида маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, корхона, ташкилот муассаса ходимлари ва фуқаролар иштирокида кўрилди.
Сайёр суд мажлисларининг таъсири катта бўляпти. Бу авваламбор аҳолининг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий онгини оширишга, айниқса турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз самарасини бермоқда.
Яқинда Бўстонлиқ тумани ФҲДЁ бўлими мудирасининг аризачи Анварбек Қурбоновнинг номига никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклашни рад этилганлиги ғайриқонуний, деб топилди. Суд бўлим мудираси зиммасига 1985 йил 12 март куни А.Қурбонов ва Э.Эштаева ўртасида никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш ва унга тегишли маълумотларни киритиш мажбуриятини юклади.
Бошқа бир мисол — фуқаро Абдуллажон Рисовнинг шикояти ҳам очиқ суд мажлисда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. А.Рисов номига Оққўрғон тумани Хонобод МФЙ Дўрмон-3 тор кўчаси 11- уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мажбуряти Оққўрғон тумани ҳокимлиги ва Тошкент вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси туман филали мансабдор шахслари зиммасига юклатилди.
Шерзод ЮЛДАШЕВ,
Тошкент вилояти Оққўрғон туман маъмурий суди раиси.