Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2017    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
07.12.2017

СИЁСИЙ ПАРТИЯ ТУШУНЧАСИ

ҳар доим «дадиллик», «ташаббускорлик» тушунчалари билан ёнма-ён туради

Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан жорий йилнинг июль ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар фаолияти ҳақида таҳлилий-тан­қидий фикрлар билдирилган эди. Хусусан, сиёсий партиялар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмагани, устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф, ташаббуслар деярли сезилмаётгани танқид қилинган эди. Орадан қарийб ярим йил вақт ўтди. Сиёсий партиялар фаолиятида нималар ўзгарди? Қандай янгиликлар кўзга ташланмоқда?

Ушбу саволлар билан сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВга мурожаат қилдик.

 

Бу саволлар таҳлилий, асослантирилган жавобни талаб этади. Ўша йиғилишдан сўнг сиёсий партия­лар фаолиятида, албатта, жонланиш кўзга ташланди, ҳаракатлар сезилди, масъулият ошди. Аммо ҳали кўп изланиш, қаттиқ меҳнат қилишга тўғри келади. Сиёсий партия жамиятда таъсир кучига эга бўлиши осон иш эмас. Сиёсий курашда катта мақсадларга бирданига эришиб бўлмайди.

— Келинг, унда сиёсий партия­ларнинг жамиятдаги обрўси мус­таҳкамланиши учун қайси масалаларга эътиборни кучайтириш зарурлиги ҳақида суҳбатлашайлик.

— Маълумки, мамлакатимизда сиёсий партиялар 20-25 йилдан буён яшаб келаётган бўлса-да, улар ҳанузгача демократик тамойиллар ва қадриятлар талаблари даражасидаги сиёсий ташкилотлар даражасига кўтарила олди, дея олмаймиз. Бунинг асосий сабабларидан бири партияларни ташкилий жиҳатдан ривожлантиришга боғлиқ. Тажрибадан маълумки, қуйидан — сиёсий иштирокчилар (фуқаролар вакиллари) — сайловчилар умумий иродаси билан тузилган партия пойдевори мустаҳкам бўлади.

Партиянинг табиати шундайки, у доимо қуйидан (электорат, бошлан­ғич партия ташкилотлари ва уларнинг аъзоларидан), фаол омманинг хатти-ҳаракатидан руҳий қувватланиб, ўзининг яшовчанлигини таъминлайди. Бу энергия кучсиз ёки суст бўлса, сиёсий партия жамият, электорат олдидаги вазифаларини бажара олмайди ёки у партия кўринишидаги қандайдир фаолият (квазипартия) сифатидагина намоён бўлиши мумкин.

Сиёсий партияларнинг ижти­м­оий-сиёсий ҳаётдаги ўрни, уларнинг ривожланиш суръати ҳақида бугун нима дейиш мумкин? Халқ депутатлигига номзодлар тайёрлаш ва танлаш, ўз электорати манфаатларини партия дастурларида ва ўз фаолиятида ифодалаш, сиёсий тизимда бирон-бир ёки бир неча ижтимоий қатламлар манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, фуқаролар ҳуқуқий, сиёсий маданиятини ошириш, сайловчилар дунёқарашига партия мафкураларини сингдириш, муаммоларни тезлик билан илғаш, уларнинг ечимларини топиш каби масалалар сиёсий партияларнинг жамиятдаги асосий вазифаларидан саналади. Аммо сиё­­сий партиялар фаолиятига назар солсак, уларнинг ҳозирги ривожланиш даражаси давр талабларига жавоб бермаслиги кўзга ташланади.

— Ҳар бир сиёсий партия ўзининг тарафдорлари, хайрихоҳлари манфаатларини ҳимоя қилишга интилади. Уларнинг бу борадаги амалий ишлари нималарда кўриняпти, деб ўйлайсиз?

— Агар жаҳон тажрибасига эътибор берсак, сиёсий партиялар даст­лаб ижтимоий қатламлар ва гуруҳларнинг манфаатлари ҳамда эҳтиёжларини қондириш воситаси сифатида пайдо бўлган. «Инсоннинг манфаатлари турли-туман. Лекин уларнинг ичида энг асосий манфаат мавжуд: инсоннинг ўзини ўзи ҳаётда амалга ошириши (реализация қилиши) — унинг бош манфаатидир». Демак, инсоннинг мазкур манфаати уни бирон-бир сиёсий партияга киришга ундайди. Лекин у сиёсий партияда бу каби манфаатни амалга ошириш имкониятини тополмаса, унинг ҳафсаласи пир бўлади, партиянинг мудроқ аъзосига айланади.

Демак, сиёсий партия ўзининг тарафдорлари, хайрихоҳлари манфаатларини астойдил ҳимоя қилса, у фаоллашади, ҳимоя қила олмаса, жамиятда нуфузини йўқотади. Шу маънода, ҳозирги даврдаги сиёсий партияларни ҳақиқий демократик принциплар асосида фаолият юритмоқда, деб баҳолаш қийин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг аксарият қисми ижтимоий муаммолар ёки инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига доир шикоятлардан иборат. Савол туғилади? Нима учун ўтган давр ичида фуқаролар шу каби мурожаатлар билан сиёсий партияларга мурожаат қилмади? Чунки, партияларнинг бу каби мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш ресурслари ва хоҳиш-эътибори етарли эмаслигини халқимиз билади. Ваҳоланки, ижтимоий муаммолар ечимини топиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш барча партияларнинг дастурларида белгилаб қўйилган.

— Бугун сиёсий партиялар фао­лиятига эътибор қаратадиган бўлсак, улар кўпроқ сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий мавзулардаги тадбирлар ўтказиш билан машғул бўлишаётганга ўхшайди. Сиёсий партияларнинг вазифаси аслида нималардан иборат?

— Албатта, бу каби тадбирлар ҳам керак. Лекин сиёсий партиялар томонидан ўтказилаётган сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий тадбирлар расмиятчилик ва «хўжакўрсин»чилик кўринишидан нарига бормаяпти. Яна бир қизиқ томони шундаки, тадбирлар асосан сайловларга 2-3 ой қолганда авж олади. Партиявий тадбирларда партиянинг жамиятдаги ўрни, вазифаси, жамият институти сифатидаги мақоми, сиёсий мафкурасига доир масалаларга кам эътибор берилади. Шунинг учун ҳам тадбирлар корхона, фирма, таълим муассасаси раҳбарларининг ёрдами билан ўтказилади, лекин улар долзарб масалаларни кўтармагани, замонавий талаблар даражасида ўтказилмаганлиги учун таъсир кучига эга бўлмаяпти.

Сиёсий партиялар ўзининг асосий тадбирларларини сайловчилар яшайдиган масканларда ўтказиши лозим. Шунингдек, партиянинг бошланғич ташкилоти тузилган корхона-ташкилотлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Тадбирлар бошланғич ташкилот етакчиси томонидан ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Партиянинг туман ёки шаҳар кенгаши вакили уни ўтказишга ёрдам бериши ёки иштирок этиши мумкин. Чунки бошланғич ташкилот ташаббуси ёки иштироки билан ўтказилмаган ҳар қандай тадбир расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Қайси партия ўзининг мустақил, ташаббускор, ўзини ўзи бошқаришга қобил бўлган бошланғич ташкилотига эга бўлса, ўша партиянинг нуфузи баланд бўлади, жамият ҳаётидан доимо бохабар бўлиб туради.

Сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган тадбирларда асосан партия аъзоларининг партия низоми ва дастурларини бажаришдаги иштироки, бурчи, партия аъзосининг ҳуқуқ ва имтиёзларига доир масалалар муҳокама этиб борилиши муҳимдир. Мазкур тадбирларнинг асосини бошланғич ташкилот атрофида яшаётган сайловчиларнинг ижтимоий аҳволи, улар ҳаётида вужудга келган муаммолар ва уларнинг ечимлари, сайловчиларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ошириш, аҳоли ижтимоий-сиё­сий онгини ўстириш, партия ёшлар қанотини мустаҳкамлаш каби масалалар ташкил этса, нур устига нур бўларди.

Сиёсий партиянинг турли йиғинлар, тадбирлар ўтказишдан кўзлаган мақсади тарафдорларини кўпайтиришга қаратилиши керак. Асосий мақсад сайловларда кўп ўрин эгаллаб, ҳокимият учун кураш олиб боришга қаратилмоғи зарур. Сиёсий партияларнинг бошқа жамоат ташкилотларидан фарқи ҳам шунда.

Сиёсий партиянинг таъсир кучи, нуфузини ошириш масаласига янада аниқлик киритсак. Бу кўпроқ нималарга боғлиқ, деб ҳисоблайсиз?

— Сиёсий партияларнинг жамиятда нуфузи ошиши уларга нисбатан халқ ишончи мустаҳкамланиши билан чамбарчас боғлиқдир. Халқ ишончисиз етук сиёсий партия даражасига кўтарилиш мушкул. Партия нуфузи жамиятда фуқаролар сиёсий партиялар воситасида ўз манфаатларини қондира олишларига, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлай олишига чин дилдан ишонганида ошади, деб ўйлайман.

Яна бир муҳим масала — партия ташкилотлари, айниқса, туман, вилоят кенгашлари етакчилари салоҳиятли, тажрибали, бошқарувчилик сифатлари юқори даражада бўлиши зарурдир. Бунинг учун бошланғич ташкилот, туман (шаҳар), вилоят ва марказий ташкилотларга сайланадиган етакчилар номзоди пастдан, аъзолар томонидан кўрсатилиши, номзодлар ўртасидаги нуқтаи назарлар, баҳс-мунозаралар, сайловда ютиб чиқиш каби омиллар етакчини баҳолашнинг асосий мезонлари даражасига кўтарилиши лозим. Бу мезонларсиз партия етакчиларини баҳолаш усуллари ҳақиқий салоҳиятни аниқлаб беришга ожизлик қилади. Қолаверса, ҳар қандай инсон ўз эркин хоҳиши билан сайлаган етакчига нафақат бўйсунади, балки унга эргашади. Етакчи номзоди қуйидан кўрсатилганида ташаббускорлик, фаоллик сифатлари шаклланишига кенгроқ имкониятлар пайдо бўлади, бефарқлик ва сусткашлик каби иллатларга жой қолмайди. Сиёсий партия тушунчаси доимо «дадиллик» ва «ташаббускорлик» тушунчалари билан ёнма-ён туради. Бу алоқадорлик узилган ҳолатларда етакчи партияни охир-оқибатда ин­қирозга олиб келади.

Партия нуфузини оширишнинг яна бир талаби — партия дастурларини соддалаштириш, унда сайловчиларнинг манфаатларидан бошқа мақсадларни қисқартириш ҳисобланади. Дастур оддий сайловчига, унинг тушуниш ва англаш қобилиятига мос равишда тузилиши лозим. Сайловчи учун осмондаги олий ваъдаларга қараганда, оддий, ҳаёт учун зарурий бўлган ресурслар муҳимроқ аҳамият касб этади. Қайси партия ўз ваъдасини бажаришнинг уддасидан чиқса, ўша партия кейинги сайловнинг бош қаҳрамонларидан бирига айланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: