фаоллиги ошади, давлат бошқаруви янада демократлашади
Демократик жамиятда давлат бошқаруви қандай амалга оширилади? Жавоб — оддий. Яъни, аҳолининг бевосита иштироки орқали. Бунинг учун эса фуқаролар мамлакатда қандай қарор ва дастурлар қабул қилинаётгани, улар қай йўсинда бажарилаётгани, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар қандай ҳал қилинаётганидан хабардор бўлиши керак. Ислоҳотларнинг бориши ҳақида етарли тасаввурга эга киши шунга қараб ҳаракат қилади, ўз иши, эртанги куни учун режа тузади. Турли йўналишлар бўйича давлатнинг сиёсати, дастурлари ҳақида ўз муносабати, қарашларини шакллантириб боради. Бу кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Эътибор билан қаралса, бутун дунёда давлат ва жамият бошқарувига ёндашув ўзгариб, тобора такомиллашиб бораётганини кўрамиз. Фуқаролик жамияти шаклланишини ўрганиш ва тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган халқаро институтлар аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошиб бораётгани бунга асос бўлаётганини қайд этмоқда. Шу боис бугунги кунда бир қатор давлатлар фуқаролар билан ахборот ва фикр алмашиш учун қулай муҳит яратишга эътиборни кучайтирмоқда. Бу ахборот соҳаси ҳар томонлама ислоҳ қилиниши билан боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани бежиз эмаслиги аён бўлади. Чунки фуқaролaрнинг axборот соҳaсидaги конституциявий ҳуқуқларини таъминламасдан, фуқаролар ахборот олишининг ҳеч қандай тўсиқсиз механизмини яратмасдан туриб дaвлaт ҳокимияти вa бошқaрувини демократлаштириб бўлмайди.
Бу ҳақда гап кетганда, Давлатимиз раҳбарининг Фармойиши асосида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давлат ҳокимияти органлари негизида ўтказилган ҳуқуқий экспериментнинг ўзига хос хусусиятларига тўхталиш ўринлидир.
Қонун лойиҳасида дaвлaт ҳокимияти вa бошқaруви оргaнлaри фaолияти очиқлигининг асосий тамойиллари аниқ белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий эксперимент жараёнида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни атрофлича хабардор қилиб бориш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Самарқанд вилояти маҳаллий газеталарида «Бошлиққа саволингиз борми?» рукни остида савол-жавоблар бериб борилиши йўлга қўйилди. Ҳуқуқий эксперимент даврида биргина Ахборот-кутубхона марказига 170 дан ортиқ сўров келиб тушди ва уларга қонун лойиҳасида белгиланган тартибда ва муддатда жавоб берилди. Ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичига киришилгандан сўнг ҳафтанинг ҳар шанба куни «Веб-сайтлар билан ишлаш куни» деб эълон қилинди. Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти (www.samarkand.uz) доимий ишчи ҳолатида бўлиб, қонун лойиҳасида белгиланган талаблар асосида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ва ҳуқуқий эксперимент бошқа субъектларининг веб-сайтларида ҳуқуқий экспериментнинг бориши тўғрисида маълумот берувчи махсус бўлимлар ташкил этилди.
Вилоятдаги 91 та ҳуқуқий эксперимент субъектининг 37 таси веб-сайтлари дизайни янгиланди, 15 та корхона-ташкилот янги веб-сайт яратди.
Ҳозирги кунда энг тезкор ва батафсил маълумот тақдим этиш манбаларидан бири — расмий веб-сайтлар ҳисобланади. Бухоро вилоятида ҳуқуқий эксперимент бошланмасдан илгари 12 та давлат органида веб-сайт ташкил этилган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 46 тага етди. Барча шаҳар ва туманлар ҳокимликлари buxoro.uz портали таркибида веб-саҳифаларини юритишмоқда. Қолаверса, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги маълумотлардан батафсил ва тезкор хабардор этиш мақсадида бундай жойларда инфокиосклар ҳам ўрнатилиб, уларга зарур маълумотлар киритиб борилмоқда.
— Қонун лойиҳаси асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари биноларининг фуқаролар эркин кириб чиқиши мумкин бўлган жойларида ахборот олиш хоналари ташкил этилиб, белгиланган мазмундаги стендлар ўрнатилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова. — Ушбу стендларда идоранинг иш тартиби, фуқароларни қабул қилиш жадвали, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва амалга ошириш тартиби ҳамда бошқа зарурий маълумотлар жойлаштирилган. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий эксперимент аҳамияти ҳақида қатор тушунтириш тадбирлари ўтказилгандан сўнг мазкур маълумотлар билан танишувчилар сони кескин ошгани кузатилди. Бу қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар тўғри инобатга олинганини кўрсатмоқда.
Умуман, ҳуқуқий эксперимент давомида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, сўз ва ахборот эркинлигига эришиш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу жамиятда демократик тамойилларни янада мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.