18.06.2019

САЙЁР ҚАБУЛ: МУАММО, ЕЧИМ ВА САМАРА

Зебинисо Бўстонова 2016 йилда Бухоро муҳандислик технология институтининг кимё-технология факультетини тамомлаган. Фарзандлар тарбияси билан бўлиб, ишлашга имкон бўлмади. Кейинчалик эса ихтисослигига мос иш тополмай келаётган эди.

Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Умаров томонидан Қоровулбозор туманида ўтказилган оммавий сайёр қабулда Зебинисо Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишга қабул қилинадиган бўлди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва бошқа ташкилотлар мутасадди раҳбарларига бандлик, уй-жой, хусусий бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш, пенсия таъминоти, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, солиқ, саломатликни тиклаш учун кўмаклашиш каби 60 га яқин муаммолар юзасидан мурожаатлар қилинди.

«Имом Бухорий» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Орзугул Исоқова тумандаги корхоналардан бирида тикувчи-касаначи бўлиб ишлайди. Сайёр қабулда у хусусий тадбиркорлик қилиш ниятида эканини билдирди.

— Мен ўз шахсий бизнесимни йўлга қўймоқчиман, – дейди у. — Уйда иккита тикув машинкам бор. Яқинда технологиялар кўргазма ярмаркасига бориб, «Агробанк» филиали томонидан ажратилган 9 миллион сўмлик уч йиллик муддатга имтиёзли кредит ҳисобига 2 та ана шундай машинка оладиган бўлдим. Лекин тикувчилик цехимни очиш учун лаоқал иккита хона керак. Қабулда мурожаатим кўриб чиқилиб, туман ҳокимлигига муаммони ҳал этиш топшириғи берилди.

Сайёр қабулда қилинган мурожаатларнинг асосий қисми ҳал этилди. Қолганларини ўрганиб чиқиш ва ечим топиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқлар берилди. Эътиборлиси, ҳар бир мурожаат ижроси назоратга олинади. Бу сайёр қабуллар самарадорлигига эришиш, такрорий мурожаатларга ҳожат қолдирмасликнинг ўзига хос механизмига айланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда фуқароларга 42 корхона ва муассаса томонидан 146 бўш иш ўрни таклиф этилди. Ярмарка якунида 21 фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Ярмарка доирасида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорлари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

 

Эркин ЁДГОРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: