Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
15.10.2019

ҚАРДОШЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

Боку, 14 октябрь. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этиш учун 14 октябрь куни Боку шаҳрига ташриф буюрди.

Боку халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Аюбов, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу борада биринчи галдаги вазифаларни белгилаб олдилар.

Мамлакатларимиз етакчи компаниялари ва тадбиркорлари даражасида ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевни мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилгани билан табриклаб, бу, шубҳасиз, икки томонлама муносабатларни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари саммитга тайёргарлик юксак даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади ва Озарбайжоннинг ташкилотда муваффақиятли раислик қилишини тилади.

Учрашув якунида Президентлар кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.

Учрашувда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни кенгайтириш, таълим ва ёшларнинг маънавий тарбияси масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги халқаро ҳамкорлик даражаси тобора юксалиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар замонавий хатар ва таҳдидларга қарши самарали курашиш, муқаддас ислом динининг соф қадриятлари ва чинакам инсонпарварлик мақсадларини халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилиши таъкидланди.

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг ислом оламининг бой меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш бўйича ташаббусларини алоҳида эътироф этар экан, бу борада қабул қилинаётган чоралар самарали эканини қайд этди.

Оллоҳшукур Пошшозода мамлакатларимиз ва бутун минтақада тинчлик, тотувлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида фаол мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Саммитнинг асосий воқеалари 15 октябрь куни бўлиб ўтади. Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) бундан ўн йил аввал – 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида ташкил этилган. Ушбу халқаро ташкилотнинг асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, минтақада ва дунёда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашдан иборат.

Бу йилги саммитнинг ўзига хос томони шундаки, Ўзбекистон биринчи маротаба Туркий кенгашнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида иштирок этмоқда.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида илк бор фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу саммитдаги нутқида Туркий кенгаш доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга оид муҳим йўналишларга тўхталиб, Ўзбекистон мазкур халқаро тузилма доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини, унинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлаган эди.

Бу йил Ўзбекистон ушбу ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб қўшилиш йўлидаги тарихий қадамни ташлади. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади. Шу тариқа Ўзбекистон яна бир йирик халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Бу галги анжуман иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга бағишланган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг ташаббусларига мосдир. Умуман, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзолик мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

ЎзА


 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: