Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
15.10.2019

Тўй ва маросимлар ҳар кимники, қонун эса ҳамманики

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниб, «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш» тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан холда, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ошга 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши иштирок этиши мумкин.

Ушбу маросимлар ҳар бир халқнинг ўзига хос удуми ҳисобланади. Бу каби анъаналарнинг бўлгани яхши албатта, аммо меъёр ва мезонга амал қилиш одатнинг чиройи эканлигини унутмаслик керак.

Афсуски, узоқ йиллардан буён тўйларимиздаги ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиш энг оғриқли муаммоларимиздан бири бўлиб келаётган эди. Бунинг бевосита инсон онги ва феъл атвори билан боғлиқлигини инобатга олсак, масаланинг нечоғли аҳамиятли эканини англаш мумкин.

Аслини олганда ортиқча исрофгарчилик ва кимўзарликни тартибга солиш жамиятда ўзини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаронинг бурчи эмасми?

Шу ўринда бир ўтмишни ёдга олайлик: 30-40 йил олдин дабдабали тўйлар бўлмаган, юртга ош 20-30 кг гуруч билан ўтган. Келин-куёв базмлари 100-150 нафар одам билан ўтказилган эмасмиди? Маҳалла бош-қош бўлиб, оқсоқоллар билан келишиб тўй куни ва тадбирлари биргаликда белгиланганмасмиди? Тўйга, маросимга чиқа олмаган бемор ва камхарж оилаларнинг уйларига кириб хабар олиниши ҳам узоқ йиллик одатларимиздан бири эди аслида.

Ҳозирчи, катта тўй кошоналарида 200 кило гуручда ош дамлаб, кечқурунги базмда ёки оилавий тадбирлар ва маъракаларни ўтказишда 500-600 кишига дастурхон тузалмоқда. Бу тўқликка шўхлик эмасми? Ён қўшнимиз қийналиб яшасаю биз исрофгарчиликка йўл қўйсак. Ҳатто эҳсон ҳақида ўйламай, ундан ҳабар олмасак. Қани биздаги инсонийлик бурчи?

Бугун никоҳ тўйларнинг сарф-харажатларини ҳам тартибга солиш барчамиз учун алоҳида долзарб масала бўлиб турибди. Президентимиз айтганидек, қиз болани келин қилиб узатиш оддий ўқитувчи, шифокор ёки ишчи учун қанчалик қийинчилик туғдиришини қуда тараф билар эканми? Билади, билиб туриб айримлар бизнинг турмушимизга ёт нарсаларни келин тарафга юклайди. Яъни келин-куёв яшайдиган уйларни ясаттиради, янги гиламлар тўшатади, ойналарга пардалар остиради, ошхона ҳам мебель ва жиҳозлар билан тўлдирилади. Камига куёв тарафдагилар уялмасдан олиб келинган янги мебелларни чет элникими ёки ўзимизда ишлаб чиқарилганми шунга қараб қудаларига баҳо бериши ҳам одатий тусга айланиб боряпти. Шундай майда масалалар ортидан жанжал чиқариб, хатто тўйни бузишгача бориб етилаётгани онг, фаросат ва маънавий дунёмизнинг қандай даражагача тушиб қолганини кўрсатмоқда.

Аслида бу харажатлар куёв тарафнинг бўйнида эмасми? Авваллари шундай бўлганку. Нега ҳозирга келиб бу қадар одатлар ўзгариб кетди. Ҳамма бефарқ, келинга бериладиган маҳрни қўяберинг, ундан оғиз ҳам очилмайди. Бизнинг ҳозирги кунда йигитларимиздаги ғурур қаёққа кетди? Наҳотки келин тарафдан келадиган нарсаларга кўз тикиб ўтиради?

Маъракалардаги сарф-харажатлар, исрофгарчиликларни ҳам тартибга солиш, ота-она ва яқинларни эса борида қадрлаш, кўнглини олишимиз керак. Улардан бу дунёда меҳримизни аямайлик. Охиратлари учун ўтганларнинг ҳақига қилинган дуо, тиловат керак, холос.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, қўшма қарорда тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликнинг олдини олиш масалалари қамраб олинган. Демак, вазият шу даражага етдики, мана шу қарорга эҳтиёж туғилди. Урф-одат ва удумларимиз тартибга солиниши зарур. Буни барчамиз чуқур англаган ҳолда масалага жиддий ёндашишимиз лозим. Кимдир «шахсий ишим», «тўйимга аралашишга ҳақингиз йўқ» ёки яна бошқа важларни кўрсатади. Лекин одамлар орасида шов-шув тарқатиб, ўзини кўз-кўз қилаётган шахслар кимларнингдир уйи бузилиши, саломатлигидан айрилиши, баъзида аянчли ҳолат билан тугайдиган можароларга сабаб бўлиб қолаётганини унутмаслиги лозим. Ҳар бир ишда меъёр бўлиши талаб этилади. Исрофгарчиликни жуда катта гуноҳ эканини ҳам ҳамиша ёдда сақлаш керак. Ўлмас қадрият ва анъаналаримиз қадрсизланмаслигининг бош шарти шу, деб ҳисоблайман.

Нўъмон АКБАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: