18.06.2019

БАРЧАМИЗ УЧУН ЖОНАЖОН ДИЁР

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан «Миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг роли» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Қўмита раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси экспертлар кенгаши раиси Ш.Ғуломов ва бошқалар юртимизда ижтимоий барқарорлик, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш масаласи Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Қўмита юртимиздаги 137 миллий маданий марказ, 35 дўстлик жамияти фаолиятини мувофиқлаштириб, Ўзбекистондаги барча миллат ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, ислоҳотлар ривожига муносиб ҳисса қўшиш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда.

«Халқ дипломатияси» механизмидан фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфааатли муносабатларни йўлга қўйишга самарали ҳисса қўшмоқда.

Дунёнинг 14 мамлакатида истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан тузилган 27 та ташкилот, 8 та хорижий давлатдаги 13 та турдош ташкилот билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Кўплаб давлатлардан делегациялар қабул қилинди.

«Ўзбекистон — Афғонистон» ва «Индонезия — Ўзбекистон» дўстлик жамиятлари ташкил этилди. Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Хитой давлатлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбир доирасида яқинлашиб келаётган 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ медиа соҳаси вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

 

Н.УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: