14.05.2019

ГЕРМАНИЯ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ БОСҚИЧЛАРИНИ АКС ЭТТИРГАН КИТОБ

Инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, демократик тамойилларни қарор топтириш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор йўналиши, мақсад-муддаосидир. Шу боис, дунё харитасидан жой олган мамлакат борки, ўз халқи ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур омилларга йўл очувчи қонуний асосларни яратишга интилади.

 

Конституция давлат ва жамият бошқаруви тизими, фуқаролар ҳуқуқлари кафолатлари, давлат ва жамият муносабатларини белгиловчи ана шундай Бош қомусдир.

Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни давлатчилик тарихининг замонавий шаклларини ўзида мужассам этган ана шундай ҳуқуқий асослардан биридир. Бу йил ушбу мамлакат Асосий қонуни қабул қилинганининг 70 йиллиги кенг нишонланмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган тадбир ҳам ушбу санага бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этган тадбирда Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг ўзбек тилида чоп этилган нусхаси тақдимоти ўтказилди.

Миллий марказ директори Акмал Саидов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар Германия Конституцияси ушбу мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Унинг ўзбек тилига таржима қилинган илк нусхаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германияга ташрифи чоғида Бундестаг раиси Вольфганг Шойблега тақдим этилган эди.

Китоб «Akademnashr» нашриётида ўзбек ва немис тилларида чоп этилган. Унинг сўзбошисида нашр учун масъул муҳаррир А.Саидовнинг Германия қонунчилиги мажмуининг батафсил изоҳи келтирилади.

Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) кўмагида чоп этилган китоб ҳуқуқ ва сиёсатшунослик йўналишларида таълим олаётган талабалар, давлат ҳуқуқи ва конституциявий ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган олимлар, кенг китобхонларга мўлжалланган. Ушбу китоб Ўзбекистон — Германия ҳамкорлиги илмий ноширлик соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганидан далолатдир.

Тадбир доирасида Акмал Саидов ўзи таҳсил олган Ўзбекистон Миллий университетига ҳуқуқ соҳасига оид, хусусан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилган ишлар, бу борадаги илғор хорижий тажриба ҳақида маълумот берувчи 300 та китобдан иборат туркум асарларни совға қилди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: