Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
07.05.2019

«ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ» ВЕБ-ПОРТАЛИ ИШГА ТУШИРИЛДИ

Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси «Солиқ-сервис» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, call-марказ фаолияти, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, янги яратилган «Жамоатчилик назорати» веб-порталининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

 

– Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Солиқ-сервис» давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий марказлари ташкил этилди, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ҳотамбек Шокиров. — Шу пайтгача тадбиркорларни қийнаб келган бухгалтерия ҳисобини оқилона юритишда техник жиҳатдан кўмаклашиш, ҳисоботлар ва декларацияларни электрон тайёрлаш ҳамда топшириш, электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидаларини ўргатиш «Солиқ-сервис» ДУКнинг асосий вазифалари ҳисобланади. Шунингдек, корхона солиқ тўловчиларга соҳадаги қонун ҳужжатларини етказиш, «call-марказ» махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Бундан кўзланган мақсад солиқ тўловчиларнинг ҳақиқий ва ишончли ҳамкори ва маслаҳатчиси бўлишни таъминлашда давлат солиқ қўмитасига яқиндан ёрдам беришдир.

Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чораги давомида «Солиқ-сервис» ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан солиқ тўловчиларга қарийб 240 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Жумладан, 14 мингдан ортиқ хизматлар асосан солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботларини қоғоз шаклидан электрон шаклга кўчириш ва уларни солиқ органларига юбориш, 6700 ҳолатда интерактив хизматлардан фойдаланишда ёрдам бериш масаласида, қарийб 2000 га яқин солиқ тўловчини назорат касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқаришда кўмаклашиш масаласида, 50 мингдан ортиқ хизматлар юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларига маслаҳат кўринишида ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди. Шунингдек, Call-марказ махсус сервисида 30 нафар мутахассис томонидан солиқ тўловчиларнинг саволларига 24 соат давомида узлуксиз жавоб бериш хизмати олиб бориляпти.

Call-марказ махсус техникалар, дастурий маҳсулотлар ҳамда мебеллар билан жиҳозланиб, замонавий талабларга жавоб берадиган шаклга келтирилди. Бунинг натижасида бир кунда қарийб 1000 қўнғироққа жавоб бериш имконияти яратилди.

Бугунги кунда солиқ хизмати органларида барча давлат хизматларининг 90 фоизга яқини электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Аҳоли ва бизнес учун электрон давлат хизматлари тақдим этилишини оптималлаштириш, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги илғор тажрибани ўрганиш ва солиқ тўловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда my.soliq.uz портали ишлаб чиқилиб, ишга туширилган. Ҳозирда портал орқали 35 турда электрон хизматлар кўрсатилмоқда. 20 интерактив хизмат ва 15 та ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган.

Янгилик сифатида яна шуни айтиш мумкинки, қўмита томонидан мобиль илова ва my.soliq.uz портали орқали тақдим этилаётган интерактив хизматлар билан бир қаторда, «Солиқ соҳасидаги жамоатчилик назорати» веб-порталини ҳам ишга туширган. Ушбу хизматнинг асосий мазмун-моҳияти шундан иборатки, фуқаролар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида республиканинг исталган ҳудудидан туриб, маълумот бериш мумкин. Ушбу масалага масъул бўлган ходимлардан иборат гуруҳ зудлик билан жойига бориб, муаммони ҳал қилиш чораларини кўради.

Бу бир томондан тадбиркорларимиз ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилиш, солиқдан қочиш ёки шунга ўхшаган қора йўллардан фойдаланиб, ўз фаолиятини юритиш каби ҳолатларнинг олдини олади. Натижада бюджетга қўшимча маблағ тушиши, тадбиркорлар эса расман рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши учун хизмат қилади.

Шу билан бирга, матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Солиқ-сервис» ДУК директори ўринбосари Жамшид Султонов бугунги кунда корхона томонидан амалга оширилаётган ишлар ва Call-марказ фаолияти ҳақида янада кенгроқ маълумот берди.

Call-марказ махсус сервисига тушаётган мурожаатларнинг таркиби таҳлил қилинганда, 21934 таси юридик шахсдан, 12586 таси жисмоний шахсдан, 4584 таси якка тартибдаги тадбиркордан, 184 таси фермер ва деҳқон хўжалигидан, 689 таси бошқа солиқ тўловчилардан тушгани маълум бўлди.

Тадбирда журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, солиқ тўловчилар маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш, онлайн касса аппаратларининг амалиётда қўлланилиши ва солиқ тизимида жорий этилаётган замонавий технологияларнинг имкониятлари, ягона солиқ тўлови, қўшилган қиймат солиғига оид саволларга мутахассислар атрофлича жавоб берди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: