Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.04.2019

ЁШИ УЛУҒЛАРГА ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК

Президентимизнинг жорий йил 23 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

«Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият», «Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч» шиорлари остида ўтаётган ушбу тадбирлар замирида кексаларни, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ўтганлар хотирасини ёд этиш, халқимиз осойишталиги йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини эътироф этиш ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мужассамдир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари томонидан ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Куни кеча институт жамоаси Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси билан ҳамкорликда пойтахтимиз — Тошкент шаҳри туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота ва Янгийўл туманларида яшовчи жами 76 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти меҳнат фахрийларини байрам муносабати билан табриклаб, уларга эсдалик совғалари топширди.

– Байрам арафасида хонадонимизга Ёнғин хавфсизлиги институтининг бир гуруҳ офицер ва курсантлари келганидан бениҳоя қувониб кетдим, — дейди Янгийўл тумани, «Намуна» маҳалласи, Баҳор кўчасидаги 36-уйда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Камол ота Рихсибоев. — Гўёки мени яқиндан биладиган қариндошларимдек меҳрибонлик билан ҳол-аҳвол сўрашганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Улар аввало мени байрам билан табриклашди ва шон-шараф лентасини кўксимга тақиб қўйишди. Сўнгра ҳовлимизга турли мевали, манзарали дарахтлар ҳамда гул ва сабзавот кўчатларини экишга киришиб кетишди.

Мен шу йил сентябрь ойида 93 баҳорни қарши оламан, ҳозир 27 нафар набира, 41 нафар чевара ҳамда 2 нафар эвараларим ардоғидаман.

Биз кексаларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдормиз. Ғамхўрлик умримизга умр қўшмоқда. Барчаси учун давлатимиздан миннатдормиз.

— Ҳарбий либосдаги ёш навқирон курсантларни кўриб ёшлигим ёдимга тушиб кетди. Институт ректори Нуриддин Норматов ёнимга ўтириб суҳбатга тортиб, отахон, биз сизни хонадонингизга 9-май Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан табриклаб, сизнинг дуоларингизни олиш учун келдик, деди. Жуда қувондим, раҳмат уларга — дейди Янгийўл тумани, «Гулистон» маҳалласи, Н.Авазов кўчасидаги 2-уйда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ортиқали ота Нишонбоев. — Мен бу йил 96 ёшга кирдим. 5 нафар фарзандим бор, ҳаммаларини уй-жойли қилдим, Худога шукур, 40 нафарга яқин набирам, 20 нафардан ортиқ чевара ва 10 нафарга яқин эварам бор.

Президентимизнинг биз қарияларга кўрсатаётган ғамхўрликларини, мамлакатимизда бўлаётган ишларни ойнаи жаҳон орқали кўриб, кўзим қувнайди, қанийди мен ҳам ёш бўлиб қолсаму бу ишларга ўз ҳиссамни қўшсам. Яна бир гапни айтай, кўриб-билиб турибман, Президентимизнинг нияти улуғ, режалари катта. Илоҳим, ишларининг ривожини берсин.

– Мен бу йил 82 ёшга тўламан, — дейди Янгийўл тумани, «Гулбоғ» маҳалласи, Баҳор кўчасидаги 12-уйда истиқомат қилувчи фахрий Қўчқор ота Жуманов. — Ушбу ўн сотихли ҳовлида турмуш ўртоғим Тожибуви Жуманова билан бирга яшайман. Бугун хонадонимизга ҳарбий кийимдаги одамлар ва курсантлар кириб келганида, тўғриси, жуда хурсанд бўлдим. Қаранг, ҳам байрам билан табриклашаяпти, совғалар олиб келишибди, ҳам ҳовлимизни обод қилиб беришаяпти. Барака топишсин...

— Отахонлар билан суҳбатлашиб ўзимизнинг ҳам кўнглимиз кўтарилди, — дейди Институт ректори, юридик фанлари доктори, профессор, полковник Нуриддин Норматов. — Бу каби тадбирлар институтимизда таҳсил олаётган курсантларга ота-боболарга меҳр-оқибат, эътибор кўрсатиш бўйича сабоқ бўлади. Уларда ёши улуғ кексаларга нисбатан ҳурматни шакллантиради. Бугунги курсантларимиз эртага офицер бўлиб, катта ҳаётга қадам қўяди. Улар бугун кўрган хайрли ишларни келажакда давом эттиришига ишонаман.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: