сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишди
17 март куни 2-Андижон округ сайлов комиссиясида МДҲ кузатувчилар миссияси раиси ўринбосари Олег Кулеба билан учрашув бўлиб ўтди.
Сайлов комиссияси раиси Обоқул Мирзаев вакилни сайловга тайёргарлик жараёнлари билан таништириб, улар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунлар, Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, сайловга тайёргарлик жараёнлари очиқ ҳамда ошкора ўтказилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Таъкидландики, сайлов кампанияси қонунийлик, ошкоралик ва транспарентлик принципларига қатъий риоя этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган.
Олег Кулеба комиссиянинг самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, участкаларда айни пайтда амалга оширилаётган ишлар, муддатидан олдин овоз бериш тартиб-тамойиллари ҳақида маълумот олди.
– Миссиямизнинг асосий вазифаси сайлов жараёнларини кузатиш ва унинг халқаро стандартларга қанчалик мос келишини ўрганишдан иборат, – деди Олег Кулеба. – Ўзбекистоннинг барча маъмурий ҳудудларидаги сайлов округлари ва участкаларида бўлиб, комиссиялар аъзолари билан учрашяпмиз. Қонуний меъёрлар доирасида ишлар қизғин юритиляпти. Сайловчилар билан суҳбатда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим жараёнга қизиқиши баландлигига гувоҳ бўляпмиз. Улар эркин фикрлаб, мустақил тарзда овоз бериши учун барча маълумотлар билан таъминланган, сайловчилар ёпиқ овоз бериши учун зарур шароитлар яратилган.
Хорижий кузатувчи вилоятдаги участка сайлов комиссияларида ҳам бўлди.
Аҳмадилло СОЛИЕВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.