08.10.2019

БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

Ёки атрофимиздагилардан эътиборимизни аямайлик

«Меҳрибонлик уйи». Шу иккита сўз ўнлаб, ҳатто юзлаб турли тақдир эгаларини бир том остида бирлаштиради. Туғилибоқ, ҳаётнинг синовларига дуч келган мурғак қалб эгаларининг тақдири ҳам бевосита ана шу сўзлар билан туташдир. Минг афсуски, йил сайин қисқариш ўрнига Меҳрибонлик уйларининг кўламини кенгайтиришга тўғри келмоқда.

Бироқ болажон халқимиз томошабин бўлиб турмайди. Улар ҳамиша ўғил-қизлар ҳолидан хабар олиб, яшаш тарзи билан яқиндан танишиб боради. Куни кеча Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши фаоллари Чирчиқ шаҳридаги 14-сон «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари билан учрашди. Муассаса раҳбари Фарида Кенжаева очиқ чеҳра билан меҳмонларни кутиб олар экан, айрим маълумотларни айтиб ўтди.

— «Меҳрибонлик уйи» етим ёки қонуний васийлар қарамоғида бўлмаган, суд ҳукми билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, ота-оналари воз кечган болалар учун ташкил қилинган, — деди у. — Бу ерда 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган соғлом болалар яшаши ва тарбияланиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Айни пайтда бу даргоҳда 124 нафар (67 нафар ўғил, 57 нафар қиз) бола яшайди. Тарбияланувчиларнинг 63 нафари ўзбек миллатига мансуб. Болаларнинг 38 нафари чин етим,  қолганларининг ота-онаси маълум сабабларга кўра, ҳуқуқларидан маҳрум қилинган, расман ўз фарзандидан воз кечган ёки узоқ муддат хабар олмай ташлаб кетган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқдик. Ўз фаолиятимизни ана шу асосда давом эттиряпмиз. Муассасамизда болажонлар учун жуда кенг ва қулай имкониятлар яратилган. Тарбияланувчиларни ўқитиш ва боқиш тўла давлат таъминоти асосида белгиланган тартибда амалга оширилади. Мактаб таълим-тарбиявий дастурига мувофиқ маънавий-маърифий ва маданий-оммавий тадбирлар олиб боради.

Бу ерда энг сўнгги замонавий техник ҳамда маиший жиҳозлар, турли тўгараклар ва бошқа барча шароит муҳайё этилган бўлмасин, оиланинг ўрнини боса олмайди. Ота-оналари бермаган меҳр ҳамиша уларнинг қалбидаги армон бўлиб қолаверади. Ана шулар ҳақида ўйласам, юрагим ўртанади. Лекин болаларнинг қаровсиз қолмагани, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан қувонаман.

— Боланинг бегонаси бўлмайди, деган нақл бор. Муассасадаги боланинг ҳар бири қалбимиздан алоҳида жой олган, — дейди халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Фарида Кенжаева. — Бу ерда яратилган шароит, тарбиячиларнинг ғамхўрлиги ҳам бир мавзу бўлишга арзийди. Баъзи бир оилаларда йўқ имкониятлар «Меҳрибонлик уйи»да мужассам. Ейиш-ичишдан тортиб, касб ва ҳунарга йўнатирилган тўгараклар болажонлар ихтиёрида. Шунга қарамасдан, бу ерда тарбияланаётган болаларнинг нигоҳидаги мунг, кўзидаги унсиз изтироб, қалбидаги яширин армонлари юрагингизни тилка-пора қилади. Бирор нотаниш одам келса, «мени олиб кетишга келди», деган ўй ҳар бир боланинг хаёлини тўзғитиб ўтиши табиий. Айримлари ота-онасини танимайди ҳатто.

Тўғри, бу ердаги педагогдан тортиб, ошпазгача улар билан бир оила бўлиб кетган. Ҳар болага алоҳида эътибор ва меҳр кўрсатилади.

Депутат мана шулар ҳақида гапирар экан кўзлари намланди. Ёнига келган ўғил-қизларни маҳкам бағрига босди. Йиғлаганини яширишга уриниб, болаларнинг қизиқишлари, саломатлиги ва эришаётганлари ҳақида сўради.

Ушбу манзарани кузатиб турган эдим, ходимлар ёнимиздаги каттароқ хонага бизни бошлади. У ерда   Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева тарбияланувчилар билан суҳбатлашди. Йигит-қизлар ўз ютуқлари ҳақида фахр билан гапирди.

 Маълум бўлишича, муассасани битирган Шерали Қўчқоров ва Азиз Умаров Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртининг 3-босқич талабаси экан. Келгуси ўқув йилида Виктор Удодов ва Диёр Юлдашев ҳам мазкур ҳарбий олийгоҳга, Лола Баратова эса Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг психология бўлимига кириш ниятидалигини маълум қилишди. Вилоят партия кенгаши раиси нигоҳларида маҳзунлик, табассумида маъюслик сезилиб турган қизни ўзига яқинроқ келишини айтди. Нега ҳамма гапирганда у жим турганини сўради.

— Аввало, ўзимни сизга таништирсам,— деди у бироз сукутдан кейин. — Надежда Шустоваман. Ёшим 17 да. Бу ерга келганимда жуда ҳам кичкина бўлганман. Шунинг учун ота-онамни танимайман. Уларни яхши кўришни ҳам, ёмон кўришни ҳам билмайман. Ота-она меҳри қанақа бўлишини ҳис қилгим келади. Шунда уларни соғинаман, ҳаммадан яшириб йиғлаб ҳам оламан. Лекин ташлаб кетишганини ўйласам, ота-онамга нисбатан нафратни сезаман. Нега керакмас бўлсам, дунёга келтиришди? Ота-онаси билан яшайдиган тенгдошларимдан қаерим кам, деб хафа бўламан...

Болалигимдан спортга қизиқаман. Мунтазам равишда енгил атлетика билан шуғулланиб келаман. Ушбу спорт тури бўйича Осиё чемпиони бўлганман. Бунинг учун аввало, устозларимдан, бизга шароит яратиб берган давлатимиздан чексиз миннатдорман. Келажакда, албатта, катта-катта чемпионатларда ғолиб бўламан. Ҳамманинг ҳаваси келадиган спортчи бўлганимда, ота-онамнинг назарига тушарман...

Суҳбат яна бир муддат давом этди. Шу куни Ибодат Коимова, Александр Сабанин, Александра Душенова, ­Шавкат Пардаев, Александра Зайцева ва Алишер Таиров қайси касбга қизиқишлари тўғрисида гапиришди. Устоз, Хосият Саидова раҳбарлик қилаётган «Чевар қизлар» тўгарагининг фаол аъзолари Альбина Раҳматова, Моҳигул Назарова, Мухлиса ва Чарос Йўлдошева, Севинч Раимқулова. Нина Ламанова, Диёра Аширматова, Зилола Тўхтаева, шунингдек, «Моҳир қўллар» тўгарагининг бир гуруҳ аъзолари ҳам шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган кўргазмаларда ўз ишлари билан қатнашиб, юқори натижаларга эришаётганликларини қувонч билан сўзлаб беришди. Йигит-қизларнинг ҳаёти билан яқиндан танишар эканмиз, яна кўплаб қизиқ маълумотларни билиб олдик.

— Тадбир доирасида «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ҳолидан хабар олишни мақсад қилганмиз, — дейишди Чирчиқ шаҳар ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси, адлия капитани Гулчеҳра Турсунова ва партия вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Юлдуз Жумаева. — Учрашув давомида уларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ота-она, оила муҳитидан узоқ мурғак қалбларга янада яқин бўлиш, уларнинг қизиқишларини ўрганиш ва рағбатлантиришга уриндик. Имкон қадар ҳар бир бола билан алоҳида ёндашув асосида суҳбатлар ўтказилди. Депутатлар ўтказган қизиқарли савол-жавоблар эса болажонларга кўтаринки кайфият бағишлади. Ўйлайманки, бу ишимиз яхши анъанага айланади ва бирор-бир санани, таклифни кутиб ўтирмасдан, ушбу даргоҳга мунтазам келиб турамиз...

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: