01.09.2019

НАВБАТДАГИ ВИДЕОМУЛОҚОТ

кам таъминланганлик даражасини белгилаш мезонлари муаммолар ва ечимлар масаласига қаратилди

Мулоқотда партиянинг марказий, минтақавий кенгашлари масъуллари, Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва саноат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари, экспертлар иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор кўпчиликни ўйлантириб келаётган, долзарб ижтимоий масалаларга қаратилди. Хусусан, охирги пайтларда кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган «кам таъминланганлик» даражасини белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ масала атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур ҳолат ижтимоий нафақаларни белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш жараёнларида қатор чалкашликларга сабаб бўлаётгани таъкидланди. Бу масалада халқ­аро амалиётни ўрганиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби меъёрларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Айтиш керакки, яшаш минимуми кўрсаткичлари давлат томонидан ижтимоий сиёсат юритишда қўлланилади. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадли аҳоли салмоғи аниқланади. Шу асосда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш учун аниқ етиб борадиган манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Энг кам иш ҳақи, ижтимоий нафақа ва пенсиялар миқдорини асослашда фойдаланиладиган ушбу кўрсаткич кам таъминланганлик мезони ҳамдир. Видеомулоқотда ана шулар ҳақида сўз борар экан, қонунчилик талаби тўлиқ бажарилмаётгани, ундаги айрим чалкашликлар сабабли турли муаммолар юзага келаётгани айтиб ўтилди. Жорий этилган меъёрлар бугунги давр талабига мос келмаяпти. Натижада кам таъминланганлик, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожликни аниқлашда қатор англашилмовчилик ва тушунмовчиликлар кузатиляпти, дейилди йиғилишда.

Меҳрож ДАРХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Бу муаммони бартараф этиш учун қонунчиликни мустаҳкамлаш зарур. Масалан, ҳақиқатдан эҳтиёжманд ва давлат кўмагига муҳтож бўлган кам таъминланган, жумладан, турли сабабларга кўра, оиланинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини таъминлай олмайдиган кам даромадли оилалар ва ёлғиз фуқаролар бор. Балоғатга етмаган болалари бўлган кўп болали, боқувчиси ногирон ёки меҳнат қобилиятини қисман йўқотган сурункали касал оилаларга ҳам кўмак бериш лозим. Шунингдек,  вақтинча ишсизлар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа ўта муҳтож оилаларни аниқлаш керак. Уларга доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тартибини белгилашда қулайликлар назарда тутувчи меъёрлар киритиш зарурати пайдо бўлган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган низомга асосан амалга оширилади. Шунга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари 3 йўналишда олиб борилмоқда. Яъни, булар – 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа тайинлаш, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини назарда тутади. Бироқ амалдаги низомда кам таъминланганлик, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожликни аниқлашда қатор англашилмовчилик ва тушунмовчиликлар кузатиляпти. Демак, янги таҳрирдаги қонунга эҳтиёж сезилмоқда.

Мақсадимиз бугун муаммолар ҳақида гапириш эмас, уларга ечим топиш йўлларини излаш, ўрганиш ва фикр алмашишдан иборат. Қисқа қилиб айтганда, истеъмол саватчасини ҳисоблашда юртимиз ва жаҳон тажрибаси, Озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ва уларни истеъмол қилишнинг кунлик ўртача минимал тиббий меъёрлари тўғрисида таклифлар, фикр-мулоҳазалар биз учун муҳим саналади.

Йиғилишда, шунингдек, мутахассислар истеъмол саватида минимал озиқ-овқат савати муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлашди. Минимал истеъмол саватини белгилаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси» асосида даромадларни аниқлаш йўли билан таъминланади. Халқаро тажрибада «яшаш минимуми» — одам организми нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш ва унинг саломатлигини сақлаш учун етарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламининг, ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлари минимал тўпламининг қиймат миқдори ҳисобланади. «Истеъмол саватчаси» эса одам ёки оиланинг ойлик (йиллик) эҳтиёжининг одатий даражаси ва тузилмасини тавсифловчи товарларнинг ҳисобланадиган намунавий тўпламидир.

«Истеъмол саватчаси»ни жорий қилиш бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал чегараларини белгилашда энг долзарб масала ҳисобланади.

Аҳолининг минимал ижтимоий стандартларини ошириб бориш, энг кам миқдордаги ижтимоий стандартларни ишлаб чиқиш, яшаш учун керак бўлган маблағнинг энг кам миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, «истеъмол савати»ни белгилашда иссиқ ёки совуқ табиий-иқлим шароити, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилинишидаги миллий анъаналар, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунинг учун Халқ демократик партияси инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйхатини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни ўрганмоқда.

Видеомулоқотда муҳокама этилган масалалар бўйича олдинда турган вазифалар аниқ белгилаб олинди.

Аввало, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартиби юзасидан халқ­аро амалиётни чуқур ўрганиб чиқиш бўйича мутахассислар, олим ва экспертлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Гуруҳ аъзолари халқаро амалиётни ўрганиб, таклиф ва хулосаларини тайёрлайди. Шу асосда Халқ демократик партиясининг аниқ позицияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси билан боғлиқ меъёрларни қонун даражасида мустаҳкамлаб, амалиётга жорий этиш вазифасини партиянинг янги Сайловолди дастурига киритиш, иккита муҳим йўналишда «Яшаш минимуми тўғрисида» ва «Истеъмол саватчаси тўғрисида» қонун лойиҳалари концепцияларини тайёрлаш масаласи кўрилади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: