24.03.2015

ТАШУВЧИНИНГ ФУҚАРОЛИК ЖАВОБГАРЛИГИ

мажбурий суғурта қилиниши белгиланмоқда

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Аввало, айтиш керакки, қонун ло­йиҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиб-қоидалари белгилаб берилмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг қопланишини кафолатлашда муҳим аҳамиятга эга масаладир.

— Фракциямиз аъзолари қонун ло­йиҳасини кўриб чиқиш жараёнида электорат манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Қонун ло­йиҳасида ташувчининг жавобгарлигини кучайтириш, фуқаролар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича аниқ ҳуқуқий механизм яратиш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги иш ўринлари яратилиши, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига имкон беради.

Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишдан сўнг маъқуллади.

Йиғилишда, шунингдек, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза Эшматованинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси ташувчининг  фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрларни ҳаётга тўлиқ жорий этилиши учун шароит яратишни назарда тутади.

Бу борада қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, ташувчининг  фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича маъмурий чоралар белгиланмоқда. Фракциямиз қонун лойиҳасининг ушбу йўналиши юзасидан айрим мулоҳаза ва таклифларини берди.

Депутатлар кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам атрофлича муҳокама этишди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: