Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
11.10.2018

ЕВРОПА ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШГА ТАЙЁР ЭКАНЛИГИНИ ФРАНЦИЯ БУТУН ДУНЁГА НАМОЙИШ ҚИЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига расмий ташрифини жаҳон ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бордик. Франция нафақат Европанинг, балки жаҳоннинг энг ривожланган, энг қудратли давлатларидан бири. Ушбу мамлакат билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиши, мустаҳкамланиши барчамизни бирдек қувонтиради, албатта. Биз музокаралар чоғида, айниқса, таълим соҳасидаги келишувларни катта қизиқиш билан кузатдик. Мамлакатимизда Франциянинг етакчи университетлари филиалларини очиш тўғрисидаги битимларни мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз. Бу ишлар амалга оширилса, мамлакатимизда иқтисодиёт, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишларда замон талабларига мос етук мутахассислар тайёрланади.

Тўғрисини айтганда, Франция билан ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бири таълим соҳаси билан боғлиқ. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

 2018 йил 22-28 сентябрь кунлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва олий таълим муассасалари ходимларидан иборат делегация Франция Версаль Академияси таркибига кирувчи Сержи Понтуаз университети, Тулуза шаҳридаги «Сиёсий тадқиқот институти», «Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институти (INALCO)» ҳамда бир қатор таълим муассасаларида бўлди.

Версаль Академиясининг Сержи-Понтуаз университети ҳузуридаги «Таълим ва педагогика олий мактаби (ESPE)» директори Жак Рено, Сержи-Понтуаз университети халқаро алоқалар бўлими мудири Энора Берар, ESPE халқаро алоқалар бўлими мудири Люк Далармелина, ESPE халқаро алоқалар бўлими ходимлари ва ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Франция олий ўқув юртларида таълим сифатини янада ривожлантириш борасида икки томонлама илмий-маданий ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Шу ўринда 1991 йилда ташкил топган Сержи-Понтуаз университети ҳақида икки оғиз сўз. Париж шаҳрининг шимолий ғарбида жойлашган бу нуфузли университетда 18 минг талаба ўқийди. Шундан 2000 талаба бош­қа хорижий давлатлардан келиб таҳсил олади. Мазкур олий мактаб дунё бўйича 305 олий муассаса билан ҳамкорлик қилади.

Таълим ва ўқитувчилар тайёрлаш олий мактаби Сержи-Понтуаз университетининг таркибий қисми ҳисобланади. У бошлан­ғич ва ўрта таълим муассасалари учун ўқитувчилар тайёрлайди.

Тулуза университети қошидаги сиёсий тадқиқотлар институтида бўлиб ўтган учрашувда мазкур институт директори ўринбосари Сэдрик Груэ, халқаро алоқалар бўлими мудири Жэром Вигие ва бошқалар иштирок этди.

Бу ерда имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига кўра, Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўртасида таълим дастурларини ишлаб чиқишда ўзаро ёрдам, мутахассислар тайёрлаш ва илмий тадқиқот соҳаларида ўзаро алмашинувларни амалга ошириш йўлга қўйилади.

Тулуза Фуқаро авиацияси миллий мактабида бўлиб ўтган учрашувда миллий мактаб бош директори Оливье Шансу, Бизнесни ривожлантириш менеджери Мишель Шовин ва бошқалар қатнашди. Учрашувда Тулуза Фуқаро авиацияси миллий мактаби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тулуза Фуқаро авиацияси миллий мактаби ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институтида (INALCO) бўлиб ўтган учрашувда INALCO президенти Мануэль Франк ке­йинги пайтда Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси, яъни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича бир қатор ишлар қилинганини эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, INALCO юқоридаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Француз тили назарияси ва амалиёти кафедраси Версаль Академиясининг Сержи-Понтуаз университети билан 2014 йилдан халқаро алоқаларни бошлаган. Академиянинг «Таълим ва ўқитувчилик олий мактаби (ESPE)» ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида «ERASMUS+» дастури асосида ташкил этилган халқаро лойиҳа асосида икки йил мобайнида 7 нафар француз тили ўқитувчиси, 4 нафар раҳбар ходим, 10 нафар магистр-талаба Францияда малака ошириб қайтди.

Ўзаро тажриба алмашинуви Франциянинг Версаль Академияси таълим маркази профессори Паскаль Буассоне хоним томонидан тайёрланган махсус дас­тур асосида олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар кафедранинг 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчиси Франциянинг Париж, Страсбург, Монпелье, Руаян, Виши, Лимож каби шаҳарларда ўз малакаларини ошириб келди.

Университетнинг Гуландом ­Боқиева, Жамолиддин Ёқубов, Манноб Нишонов, Патхиддин Нишонов сингари бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Ўзбекистонда француз тилини оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун Франция Академиясининг «Пальма» ордени билан тақдирланди. Ҳар йили Ўзбекистондаги Франция элчихонаси, Бельгия консуллиги ҳамда Тошкентдаги «Альянс Франсез» томонидан француз тилини ўқи­тишнинг долзарб муаммолари ва таржима масалаларига бағишланган турли семинар-тренинглар ўтказилиб келинаяпти.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида француз тилига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Унга ўқувчилар Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган квота асосида 7-синфдан бошлаб Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган француз ва она тили фанларидан тест синовлари натижалари асосида қабул қилинади.

Мактабни юқори кўрсаткичлар билан якунлаган ва мактабнинг ўзида ўтказиладиган имтиҳон натижаларига мувофиқ бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган ўқувчилар олий таълим муассасаларининг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, квота доирасида ўқишга қабул қилинади.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг француз тили назарияси ва амалиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг 1-11-синфлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, республика олий таълим муассасалари учун юздан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар, луғат ва сўзлашгичлар тайёрланиб, нашр этилди.

Лусьен Керен ҳамда профессор Акмал Саидов ҳамкорлигида ёзилган «Амир Темур ва Франция» китоби бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар томонидан ўзбек тилидан француз тилига таржима қилинди.

Бугун француз тили дунёдаги 29 мамлакат учун расмий тил, 54 давлатда эса иккинчи тил сифатида тан олинганидан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, француз тилини ўрганишимиз, айниқса, ёшларимиз учун қанчалик зарурлигини чуқур англаймиз. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги бугунги ҳамкорлик эса таълим соҳасидаги имкониятларни янада кенгайтирмоқда.

 

Ғанишер РАҲИМОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори,

Жамолиддин ЁҚУБОВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.