Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
11.10.2018

ПАРЛАМЕНТ ҚЎМИТАСИ: ДАРСЛИКЛАР ТАЪМИНОТИ ЯХШИ ЭМАС

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси республикамиздаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг янги авлод дарсликлари ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражасини назорат-таҳлил тартибида ўрганди. Унинг натижалари муҳокамасига бағишланган қўмитанинг махсус йиғилиши ўтказилди.

Депутатлар билан бирга тегишли таълим муассасалари, Республика мақсадли китоб жамғармаси, «Ўқув таълим-таъминот» давлат унитар корхонаси раҳбарлари, Хоразм, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри халқ таълими, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари қатнашган йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.

Албатта, аввало изчил ислоҳотлар жараёнида таълим соҳасидаги қатор муаммолар ҳал этилаётгани, ўқитувчи-педагогларнинг қадри ва ойлик иш ҳақи оширилгани муҳим ўзгаришлар сифатида алоҳида қайд этилди.

Бироқ тизимда ҳозиргача сақланиб қолаётган, ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина, дейилди қўмитанинг тегишли ахборотида. Бу ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда яққол намоён бўлгани таъкидланди.

Хусусан, ўрганилган туманларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси пастлиги аниқланди. Масалан, 2018 йил 18 январь ҳолатига, Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги барча 36 умумтаълим мактабида 10-синф бўйича 896 дона ҳуқуқ фани дарслиги умуман мавжуд эмас, 8 умумтаълим мактабида 5-10-синфлар бўйича жами 200 донага яқин дарслик ўқувчиларга умуман етказиб берилмаган. Аксарият ўқувчиларга фақат эски дарсликлар тарқатилган.

Йиғилишда депутатлар бу каби камчиликлар жорий ўқув йилида ҳам кузатилаётганини ачинарли ҳолат сифатида танқид қилди. Жумладан, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида дарсликлар таъминотида муаммолар кузатилган. Хоразм вилоятидаги ҳолат янада ёмонроқ экани таъкидланди.

Ҳар икки вилоятда жорий ўқув йили бўйича умумтаълим мактаблари учун буюртмалар шакллантирилган бўлса-да, жорий йилнинг 2 октябрь ҳолатига кўра, айрим дарсликлар ҳали етиб келмаган. Умуман олганда, янги ўқув йилининг иккинчи ойи бошланганига қарамасдан, республикадаги умумтаълим мактаблари бўйича тиллар ва синфлар кесимида етишмайдиган дарсликларни Халқ таълими вазирлиги томонидан қайта тақсимот қилиш ишлари ҳалигача ниҳоясига етказилмаган.

Шунингдек, йиғилишда ўрганилган ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам дарслик ва ўқув адабиётлар, жумладан, умумтаълим фанлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.

Муаммо бўйича депутатлар ва турли соҳа вакиллари таклифлар беришди. Уларга кўра, адабиётлар танқислигини йўқотилган ва яроқсиз ҳолга келган дарсликлар учун тўланган жарималар ҳисобидан қоплаб бориш, қайта нашр ишларини ташкил этиш зарур.

Йиғилишда дарсликларнинг умумтаълим мактабларига ўз вақтида етказиб берилиши, фойдаланиш муддати тугаган дарсликларни таълим муассасаларидан олиб чиқиб кетиш ва утилизация қилишнинг қатъий назорат тизимини яратиш, шунингдек, соҳага оид ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш масалалари чуқур муҳокама этилди.

Қўмитанинг ўрганишлар якуни бўйича қабул қилинган қарорида муҳим таклифлар жой олган.



DB query error.
Please try later.