10.09.2019

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДАГИ ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

кўпдан-кўп муаммоларни ҳал этади, ерга муносабатни ўзгартиради, янги иш ўринлари яратади, ҳосилдорликни ва даромадни кўпайтиради, мамлакат иқтисодий қувватини оширади. Халқ ҳаёти фаровонлашади...

Ўтган ҳафтанинг 6 сентябрь куни мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига доир муҳим воқеа бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигидаги улкан имкониятлар, кийинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритилди. Хусусан, янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилаётгани, булар — ислоҳотларнинг биринчи босқичи экани таъкидланди.

Энг муҳими фақат бугунни эмас, балки, эртанги кунни ҳам ўйлаб, узоқни кўзлаб, ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилаётгани айтилди. Бунинг учун эса бир-биридан муҳим ишларни бажариш керак бўлишига эътибор қаратилди. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, кучини ошириш, ҳосилдорликни кўтариш, ер ажратишнинг шаффоф тизимини яратиш, ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланиши, ернинг дахлсизлигини таъминлаш каби ўта муҳим вазифалар илгари сурилди.

Тўғриси, қишлоқ хўжалигида йиллар давомида тўпланиб қолган, соҳанинг ривожига тўсиқ бўлиб келаётган муаммолар оз эмасди. Айниқса, ерни талон-тарож қилиш, ер ажратишда таъмагирлик, коррупция авж олиб, кўп адолатсизликларга ҳам йўл қўйилганди. Бунинг оқибатида ердан самарасиз фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида катта йўқотишлар давом этаётганди.

2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилса, қишлоқ хўжалигида янги давр — юксалиш даври бошланади. Минг-минглаб янги иш ўринлари яратилади, ҳосилдорлик ошади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўпаяди, одамлар даромадга ёлчийди, ҳаёти фаровонлашади, давлатнинг иқтисодий қуввати ҳам ошади, албатта.

Демак, қишлоқ хўжалиги тараққиётига бағишланган бу янги стратегиядан кўзланган мақсад жуда юксак ва улуғ. Айни кунларда мутахассислар, фермер хўжаликлари раҳбарлари Президентимиз илгари сурган вазифаларни катта қизиқиш билан ўрганиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Абдимурод БОЗОРОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги раҳбари:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев биз фермерларнинг эътиборини ҳамиша мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масаласига қаратиб келади. Яқинда, аниқроғи 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари яна бир бор аграр соҳадаги камчилик ва нуқсонларга эътиборимизни жалб этди. Тўғри таъкидланди, ўтган йиллар мобайнида на бозор иқтисодиёти, на ерга муносабат, на манфаатдорлик ошди. Қайси фермер билан гаплашманг, гоҳ маблағ етишмовчилиги, гоҳ харажатлар кўпайиб кетгани ёки об-ҳаводан, ҳосилдорлик пастлигидан нолийди. Сабаб нимада, кимда?!

Мана, видеоселектор йиғилишида соҳага замон талабларидан келиб чиқиб ёндашилмагани, маблағ, илмий инновациялар жалб этилмагани, оқибатда ерлар «чарчаб», унумдорлик пасайиб кетгани очиқ-ойдин таҳлил этилди.

Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, биз фермерлар кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилиши натижасида бироз бўлса-да манфаат кўра бошладик. Фермерларимиз ҳисобларида қанчадир миқдорда маблағлар ҳам йўқ эмас. Аммо улар ҳали фермер хўжаликлари қанотни кенг ёйиб ишларни ташкил этишлари учун етарли эмас. Ҳали-ҳамон эскича усулда ерларни шудгорлаяпмиз. Ерга ишлов беришнинг арзонроқ усулларидан фойдаланиб, кунини зўрға кўраётган фермерлар ҳам кам эмас. Тракторларимиз кучсиз. Эски замондан қолган тракторларни ямаб-ясқаб ишлатиб турибмиз. Ерга агротехника қоидаларига мос равишда, замон талабларидан келиб чиқиб, мўл-кўл ишлов бера олмаямиз. Қисқача айтганда, фермерларга янги типдаги кучли техник воситаларни олишда амалий кўмак зарур. Бундан ташқари, деҳқончиликда узоқ вақт шаклланиб келган ўз вақтида шудгорлаш анъаналарини тиклашимиз, кекса авлод тажрибаларига таяниб иш тутишимиз керак. Ахир, ота-боболаримиз «Деҳқон бўлсанг шудгор қил», « Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг, юз ҳайда» деган мақолларни бежиз айтишмаган.

Мазкур йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, ер эгалари унумдорлик ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида ерга инвестиция киритишга интилиши учун аввало уларнинг эртанги кунга ишончи тўла бўлиши керак. Бунинг учун давлатимиз раҳбари айтганидек, қонунчиликка ўзгартишлар киритиб, ер ажратишнинг шаффоф тизими ва ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланишини, ернинг дахлсизлигини таъминлаш, ерга бўлган муносабат тушунчасини ҳуқуқ соҳасига киритиш зарур.

Ҳосилдорлик сув, менерал ўғитлар, ерга ўз вақтида ишлов бериш билан чамбарчас боғлиқ. Дунё тажрибасида сувдан унумли фойдаланишнинг энг замонавий усуллари қўлланилади. Ҳозир ўзимизда ҳам айрим боғдорчилик фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш анъаналари жорий этила бошланди. Аммо, бунинг учун тажриба, қолаверса, маблағ талаб қилинади. Бугун фермерларимиз ўз сарф-харажатларини ана шундай талаблардан келиб чиқиб, шакллантирса, ҳосилдорлик ҳам, фойда ҳам кўпаяди. Халқимизда «Одам қилган ишни одам қилади», деган гап бор. Биз ҳам бугун янгича ўйлашимиз ва янгича ишлашимиз керак бўлади.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш масалалари батафсил муҳокама қилингани, ерларнинг унумдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, илм-фанни ривожлантиришга бюджет маблағларидан кўпроқ ажратиш масаласига эътибор қаратилгани биз фермерларга катта умид бағишлади. Кенгашли тўй тарқамас, деганларидек, мазкур видеоселектор йиғилишида кўтарилган вазифалар ҳақида ҳар бир қишлоқ хўжалик ходими ўйлаши ва ўз таклифларини билдириши қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади, деб ўйлайман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: