10.09.2019

ҲУҚУҚ ҲАМ, ИМКОНИЯТЛАР ҲАМ ТЕНГ БЎЛАДИ

Гулшан АСАТОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

Президентимиз «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунда жамият ва давлат ишларини бошқариш, сайлов жараёни, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида аёллар ва эркакларнинг тенг иштироки кафолатланган.

Бундай имконият, бундай эътибор албатта ҳар бир аёлда меҳнатга, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга катта иштиёқ уйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Хотин-қизларни янгича ғоя ва янгича ташаббуслар билан чиқишларига ундайди.

Қонунда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши белгиланган. Ҳужжатлар эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш тамойилига мос келмаслиги аниқланган тақдирда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ушбу ҳужжатни қабул қилган органга кўриб чиқиш учун юборилади.

Қонун билан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ваколатлари алоҳида белгилаб берилган. Бундан ташқари, давлатнинг раҳбарлик лавозимларига илгари суриш чоғида жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслик тамойили таъминланиши кафолатланган. Кўриниб турибдики, аёлларни раҳбар лавозимларга тайёрлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу эса сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Қонунда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланиши белгилаб қўйилди. Бу йилги сайловларда депутатликка кўрсатиладиган номзодларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши таъминланиши лозим.

Меҳнат муносабатларида ҳам эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари таъминланади. Иш берувчиларга бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонларда (рекламада) фақат бир жинс вакилларига иш таклиф қилиш, жинслардан бирига устунлик бериб, турлича талаблар қўйиш, ишга жойлашаётган шахслардан ўз шахсий ҳаёти, фарзандли бўлиш борасидаги режалари ҳақида маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

7 боб, 32 моддадан иборат бўлган мазкур қонун билан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган. Бу ҳужжатни ҳар бир аёл ўқиб ўрганиши, ўзига берилаётган ҳуқуқ ва имкониятларни тўлиқ билиб олиши муҳим ҳисобланади.

Биз аёллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир жараёнда фаол иштирок этишимиз лозим. Зеро, оиладаги тотувликни, жамиятдаги барқарорликни, бир сўз билан айтганда, дунёдаги мувозанатни ҳам сақлаб турадиган аёлдир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: