10.09.2019

ЎЗБЕКИСТОНДА КРЕДИТ ОЛИШ НЕГА ҚИЙИН?

Бу тижорат банклари филиаллари амалда мустақил эмаслиги билан боғлиқми?

Янги Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш аввало Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деган тамойилга асосланади. Президент ва ҳукуматнинг аҳоли даромадини ошириб, фаравонлигини таъминлашга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлари бўйича муҳим ишлар амалга оширилаяпти. Лекин амалдаги айрим қонун ва қонуности ҳужжатлари муаммолар ечим топишига халақит қиляпти. Фикримизни аниқ мисоллар билан асослашга ҳаракат қиламиз.

 

Тижорат банклари томонидан бериладиган таълим кредити

Таълим тизимидаги ислоҳотлар натижасида янги 2019-2020 ўқув йилида олийгоҳларнинг биринчи босқичида юз мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз ўқишни бошлаши керак. Лекин барча ОТМга қабул қилинганлар ўқишни давом эттира олишадими? Чунки улардан катта қисми тўлов контракти асосида қабул қилинган бўлиб, барчалари ҳам тўловни ўз вақтида амалга оширолмайди.

Одатда ҳамма ота-оналар ҳам шартнома пулини ўз жамғармаларидан тўлаш имконига эга бўлмайди. Айримлари дастлаб тижорат банкларга кредит учун мурожаат этишади, лекин фурсатни ғанимат билиб, боқувда бўлган қора моли ёки рўзғорига керакли бўлган бошқа жиҳозни сотиб, фарзанди учун контракт пулини тўлайди. Бундайлар жами тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганларнинг тахминан 20-25 фоизини ташкил этади.

Демак, фарзанди шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ота-оналарнинг кўпчилиги тижорат банкларидан таълим кредити олишга эҳтиёжманд бўлишади.

Келтирилган таҳлилни нисбий, деб ҳисоблайлик. Лекин аниқ англашимиз керакки, тўлов-контракт асосида ўқишни ташкил этишда йирик молиявий муаммо турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сонли қарорига илова қилинган «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом»да таълим кредитлари бакалавр йўналиши учун 10 йилга берилиб, қарздорлик суммаси шартномада кўрсатилган ўқув муддати тугагандан кейин бошланади, деб белгиланган ҳолда тижорат банклари таълим кредитларини аксарият ҳолларда ота-оналар ёки васий шахсларга доимий яшаш учун рўйхатга олинган ҳудуддан бир йилга ва асосий қарзни ойма-ой қайтариб бориш шарти билан беришади.

Масаланинг ечими таълим кредити тўғрисидаги низомни қайтадан ишлаб чиқиш ва унда тижорат банклари учун алоҳида кредит манбасини аниқ белгилаш, кредитни бакалавр йўналишида 5 йиллик имтиёз билан 10 йилга ва доимий рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатьи назар, талаба мурожаат этган тижорат банкидан берилиши кўрсатилиши керак, деб ўйлайман.

 

Тижорат банклари кредит тамойиллари

Тижорат банки кредитларидан фойдаланган шахсдан ёки банк йўналишида ўқиган талабадан кредит тамойиллари нима, деб сўрасангиз, кредитни ўз вақтида қайтиши, маълум муддатга ва фоиз билан берилиши ҳамда кредит таъминланган бўлиб, маълум мақсадларга ишлатилиши керак, деб жавоб беради. Чунки Марказий банкнинг тижорат банклари томонидан кредит беришга қўйилган талабларида ва барча банк соҳасидаги дарсликларда азалдан кредитнинг юқорида қайд этилган бешта шарти, унинг тамойили, деб кўрсатилган. Афсуски, шундай йўл билан иқтисодиётда ссуда маблағидан фойдаланиш чегаралаб қўйилган.

Маълумки, Марказий банкнинг кредит шартлари сифатида кўрсатмалари тижорат банклари учун тавсия бўлиб, ҳар бир кредит берувчи субъект Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя қилиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунининг «Банк операциялари» деган 4-моддасини ўқиймиз: «Банклар ўз фаолиятларида қуйидаги банк операцияларини амалга оширадилар: ... кредитларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлар ҳисобидан ўз номидан кредитлар бериш». Қонун 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган ва амалда бўлган 23 йил давомида 12 маротаба (охиргиси 2019 йил 16 январда) ўзгартириш киритилган. Аммо қонуннинг 4-моддаси таҳририга ҳеч кимнинг эътирози бўлмаган ва у тўғри, деб ҳисобланган. Демак, тижорат банклари амалиётида ва назарий фанларнинг ўқитилишида мазкур қонун бузилган, деб айтиш мумкинми?

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг муҳокамаларида ва қабул қилиш жараёнларида қатнашганимиз сабабли айтишимиз мумкинки, унинг ҳар бир банди ҳар томонлама, жумладан, бозор иқтисоди тамойилларига мос келиши кенг муҳокамадан ўтган ва шунинг учун ҳали ҳанузгача амалда қўлланиляпти. Нима сабабдан қонуннинг 4-моддаси амалда бузилган бўлса-да, шу пайтгача ҳеч кимда эътироз бўлмаган? Тижорат банклари амалиётида кредитнинг таъминланганлиги ва уни мақсадли ишлатиш тамойиллари қонунга хилоф тарзда киритилган. Тижорат банклари 25 йил ўз ҳимоясига ишлаб, турли шартлар қўллашган бўлса, янги Ўзбекистон иқтисодини тиклаш ва ривожлантириш даврида ушбу тўсиқларни бекор қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Кредит бериш амалиётини икки босқичга қисқартириш!

Тижорат банкларига шундай топшириқ берилганини кўпчилик эшитган. Шунинг учун ҳам тижорат банкларининг баъзи эътирозларини қабул қилмай, реал ҳолатга изоҳ берамиз.

«Халқ банки» ва «Агробанк»да жами 370 дан ортиқ филиал бўлиб, бутун банк тизимининг 43,9 фоизини ташкил этади. Шу ҳолда барча банкларнинг республика аппарати юридик шахс бўлиб, вилоят ва туман филиаллари бундай мақомга эга эмас. Улар банк бошқаруви раисининг ишончномаси асосида фаолият юритадилар. Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳони қонун ижодкорлари беришларидан умид қилиб айтиш мумкинки, мазкур тажриба тизимда субъективизмга олиб келди ва бугунги талабга мутлоқ жавоб бермайди.

Масалан, туман ёки вилоятда яратилган моддий бойликдан тушган маблағ банк филиалидаги мижоз ва банкнинг ягона ҳисоб рақамида қайд этилади. Яъни, маблағ республика банки ихтиёрига ўтиб, ўрта поғонадаги раҳбарнинг ихтиёри билан тақсимланади. Бундай тажрибадан кўпчилик маблағи бор тадбиркорлар яқин-яқингача зарар кўрганлигини биламиз.

Тижорат банклари тажрибасидан ушбу ҳолатни тўлиқ бартараф этиш, ҳар бир туман, вилоят раҳбарининг фаолиятига баҳо бериш учун ҳудудда яратилган маблағни ва банк филиалига ажратилган устав сармояси туман филиали вакиллик ҳисоб рақамида сақланишига қатъий риоя қилиниши керак. Туманда ва вилоятда яратилган маблағ аввало ушбу ҳудуд иқтисодига хизмат қилиши керак. Ортиқча маблағни бошқа банклар ёки банкнинг бошқа филиалларига маълум муддат ва фоизда қарзга бериш амалиёти жорий этилганда банк тизими ҳудуд манфаатини ҳимоя қилган ҳолда, бугунги янги иқтисодий сиёсатимиз талабларига жавоб бериши мумкин.

Ҳудудда яратилган маблағ банк филиалида сақланиши ва ҳар бир банк филиалига тегишли бўлган устав сармояси ўзига бериб қўйилиши ҳамда ўзида етишмаган маблағни бошқа молиявий ташкилотлардан сотиб олиши билан унинг маблағ масаласида мустақиллиги таъминланади. Лекин филиал асосий иши – аҳоли ва хўжалик корхоналарига кредитлар беришда ҳали- ҳанузгача республика банкига боғланиб қолган.

Юртбошимиз «тижорат банклари кредитни расмийлаштиришни ҳеч бўлмаса икки босқичга туширсин», деб таъкидлади. Чунки кредит бериш амалиётида туман филиали вилоятга, вилоят республикага ва республика банки Марказий банкка мурожаат этар эди. Демак, кредит чиқарилишига рухсат бериш тўрт босқичда олиб бориларди.

«Раҳбариятнинг назорати билан маълум суммагача туман ва вилоят банкларига мустақиллик берилган», деб айтамиз-да, лекин амалда кредит беришни энг камида уч босқичда амалга оширамиз.

Бугун тижорат банклари мижознинг давлат бошқарув ва ҳуқуқни муҳофаза этиш органларига мурожаатидан кейин кредитни белгиланган 3 кун муддатда бўлмаса-да, 4-5 кунда чиқариб бераяпти. Бошқа ҳолларда эса давлат мулкига тегишли бўлган банклардан кредитлар ўртача бир ойда чиқарилиши кузатилмоқда.

Республикамиз тижорат банклари кредит бериш амалиётини камида учта босқичда олиб боришади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, биринчи босқич бўлиб ҳисобланган банк филиали тўғридан-тўғри кредит чиқара олмайди. Сабаби, янги ссуда ҳисоб рақами очиш учун тижорат банки Марказий банкнинг тўлов тизими махсус бўлимига талабнома киритиши ва кредит таъминоти учун олинган объектни гаров реестрида қайд эттириши шарт. Демак, кредит чиқаришни расмийлаштириш жараёнида банк филиали ва Республика Марказий банкининг махсус бўлинмалари иштирок этмоқдалар. Лекин амалда Марказий банк республикадаги 852 та тижорат банки филиаллари ўрнида 30 та республика банки билан ишлашни афзал кўради. Натижада тижорат банкининг республика аппарати ҳам кредитни расмийлаштириш жараёнида қатнашмоқда.

 Шу ҳолда савол туғилиши мумкин: кредит бериш жараёнини автоматлаштирилган онлайн тартибда амалга оширса бўлмайдими? Бугун қайси банк раҳбаридан сўрасангиз, айнан шу жавобни оласиз ва ҳатто бу амаллар маълум бир дақиқаларда бажарилади, деб айтишади. Лекин нима учун мижоз ўз вақтида банкдан кредит ололмайди? Чунки мазкур жараёнларда субъективизм, яъни инсон омили аралашган, шунинг учун иш ҳафталарга чўзилади.

Шу каби муаммоли ҳолатларни ҳукумат қарори ёки топшириқ билан бартараф этиб бўлмайди. Бунинг учун юқорида қонуний асосга эга эмаслиги айтилган кредитнинг таъминланганлиги ва мақсадли ишлатилиши тамойилларидан воз кечиш керак. Шу ҳолда кредит мижознинг олдиндан Марказий банкда рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамида қайд этилади ва унинг қайтарилиши махсус таъминотсиз, ҳаттоки ишонч асосида ҳам берилиши мумкин.

Келтирилган мулоҳаза ва таклифларни умумлаштириб, таъкидлаш мумкинки, банк тизими фаолиятини чуқур ва ҳар томонлама ислоҳ қилиш куннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди. У тезроқ ҳал этилса, макроиқтисодий сиёсат янада юқорироқ натижаларни бериши мумкин.

 

Ашур ҚОДИРОВ,

Иқтисод фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: