23.07.2019

2030 ЙИЛДА ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ

киши бошига 4500 АҚШ долларини ташкил этиши тахмин қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ярим йилликда эришилган натижалар хусусида матбуот анжумани ўтказди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Бунда саноат — 6,9, хизматлар — 12,7, чакана савдо айланмаси — 6,4 ва қишлоқ хўжалиги 2,1 фоизга ўсиши иқтисодий юксалишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилди, — дейди Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев. — Шунингдек, жами инвестициялар 58,9 фоиз ва қурилиш ишлари ҳажми 20 фоизга ўсди. Яна шуни айтиш мумкинки, мамлакатимиз ташқи савдо бозорларида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Натижада январь-июнь ойларида ташқи савдо ҳажми 19,7 миллиард долларни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 129,8 фоиз) ташкил этган бўлиб, экспорт ҳажми 8,4 миллиард долларни (127 фоиз), импорт 11,2 миллиард долларни (132,0 фоиз) ташкил этди.

Олти ойликда инфляция даражаси 5,56 фоизни ташкил қилди. Инфляция даражасини жиловлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, истеъмол товарлари нархининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан электр энергия, табиий газ ва сиқилган газ нархларининг оширилиши бекор қилинди. Ушбу ҳолат инфляция даражасини 0,49 фоизга жиловлаш имконини берди.

Шунингдек, Марказий банк билан биргаликда инфляция даражасини белгиланган прогноз параметрлари доирасида сақлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни пасайтириш мақсадида ўтган давр мобайнида республика бўйича жами 137,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Яна шуни айтиш мумкинки, республика аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини ошириш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида аҳоли жон бошига умумий даромад ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал қийматда 19,4 фоизга ошиб, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда реал қиймати эса 5,2 фоизга ўсди. Ўртача йиллик иш ҳақи ва пенсияларнинг ўсиши мос равишда 14 ва 7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, аҳоли жон бошига реал даромадларни энг кўп ўсиши Тошкент шаҳрида, яъни 12,6 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 9,4 фоиз кузатилди.

Даромадлар таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларнинг улуши сўнгги 2 йилда деярли ўзгармай 60 фоиз атрофида сақланиб келмоқда.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор вазифалар ва чора-тадбирлар амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётини ўртадан юқори даромадли мамлакатлар гуруҳи (Жаҳон банки тавсияси бўйича)га кириш имконини бериб, 2030 йилда ялпи ички маҳсулот киши бошига 4500 АҚШ долларини ташкил этиши тахмин қилинаётгани айтилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: