16.07.2019

«АГРОБАНК» ЧАКАНА ХИЗМАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРМОҚДА

«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида банк ходимлари аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот беришди.

Бугунги кунда Агробанкнинг 950 дан ортиқ инфратузилма шохобчалари бўлиб, яъни 178 филиал, 208 та минибанк, 95 махсус касса, 226 валюта айирбошлаш шохобчаси ва 246 халқаро пул ўтказмалари шохобчалари орқали 223 минг нафардан ортиқ юридик шахсларга ҳамда 2,5 миллиондан ортиқ жисмоний шахсларга кенг турдаги хизматлар кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банк томонидан аҳолига қарийб 2,4 миллионта пластик карта муомалага чиқарилди ва йил бошига нисбатан 84 мингтага кўпайди. Муомалага чиқарилган халқаро пластик карталар сони жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 баробарга ўсди. Банк кассалари, валюта айирбошлаш шохобчалари ҳамда конверсион бўлимларда “Visa” халқаро тўлов карталарини қабул қилувчи 400 дан ортиқ терминал ўрнатилди.

Аҳоли ва мижозларнинг даромадларини ошириш мақсадида ҳозирги кунда банк томонидан жами 7 турдаги омонат, шундан 5 та миллий ва 2 та хорижий валютадаги омонат турлари тақдим этилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида омонатларга жалб қилинган маблағлар 1 068,1 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу кўрсаткич йил бошига нисбатан 258,3 миллиард сўмга ёки 131 фоизга ўсган.

Банк кредитга эхтиёжи бўлган аҳоли қатлами учун кенг кўламдаги кредитлаш тармоғига эга бўлиб, узоқ ва қисқа муддатли кредитлар ажратиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 ойлик муддати давомида 227 мингдан ортиқ мижозга жами 1 триллион 64 миллиард сўм кредитлар ажратилган. Шундан, 587 миллиард сўм микроқарз, 245 миллиард сўм автокредит, 205 миллиард сўм истеъмол кредити, 19 миллиард сўм таълим ва 8 миллиард сўм овердрафт кредитлар ажратилган.

Шунингдек, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши нафақат аҳолига, балки тадбиркор ва инвесторларга кўплаб турдаги валютага оид хизматларни кўрсатиш бўйича кенг имкониятларни яратди ва ушбу йўналишдаги хизматлар кўлами кундан-кунга ошиб бормоқда. Ҳусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойидан жорий йилнинг шу даврига қадар 595 миллион АҚШ доллари (2,5 миллион нафардан ортиқ мижоз), шундан жорий йилнинг январь-июнь ойларида 153,1 миллион АҚШ доллари харид қилинди.

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, ҳалқаро пул ўтказмалари айланмаси 456,5 миллион АҚШ доллари, шундан хорижий давлатлардан юртимизга жўнатилган валюталар миқдори 437,7 миллион АҚШ долларни, Ўзбекистон Республикасидан хорижий давлатларга юборилган валюталар миқдори эса 18,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда уникал маҳсулот тури ҳисобланган, Агробанкнинг республикамиз бўйлаб жойлашган барча филиаллари орқали, юртимизнинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига миллий валютада пул ўтказмалари имкониятини берувчи “Агроэкспресс” хизмати жорий этилди

Мижозларга масофадан туриб банк хизматлари кўрсатишга йўналтирилган “Agrobankmobile” иловаси билан солиқ ва божхона, коммунал, уяли алоқа ва шаҳар телефонлари, интернет ва телевидение, мактабгача таълим муассасалари ҳамда суғурта хизматлари учун тўловлар, жорий йилда йўлга қўйилган янги хизмат турлари – онлайн микроқарз, онлайн омонат, онлайн конверсия амалиёти, “Вақф” хайрия жамоат фонди учун вақф тўловлари, нотариус хизматлари ва бошқа бир қатор тўловларни амалга ошириш мумкин. Бугунги кунда, “Agrobankmobile” иловасидан фойдаланаётганлар сони 242 мингга етди. Ушбу кўрсаткич йил бошига нисбатан 137 мингтага ёки 231 фоизга ўсган.

Белгиланган режага кўра, 2018 йилда 300 та замонавий банкомат келтирилиб, банкоматлар тармоғи 400 тага етказилди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда аҳоли гавжум жойлари ва банк худудлари танлаб олиниб, туну кун хизмат кўрсатувчи 120 шахобча фаолияти йўлга қўйилди.

Матбуот анжуманида ушбу маълумотлар берилди ва мутахассисларнинг айтишича, яқин орада аҳолига кредит беришнинг янада қулай йўли устида иш олиб борилмоқда экан.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: