Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
30.08.2018

«ЮРАК САДОСИ»

«SHARQ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти ана шу ном остида истеъдодли шоир ва драматург, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эгам Раҳим қаламига мансуб сайланмани босмадан чиқарди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ёзувчи Эркин Самандар сўзбошиси билан бошланган сайланмадан шеърлар, достонлар, драмалар, очерк ва лавҳалар, таржималар ўрин олган. Шунингдек, сайланманинг «Шоир ҳақида замондошлари» деб номланган бобида ЎзРФА академиги Саъдулла Искандаров, Ўзбекистон халқ шоири ­Барот Бойқобилов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Ошиқ Эркин, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов, Раъно ­Зарипова сингари ижодкорларнинг Эгам ­Раҳим ҳақидаги хотиралари берилган.

Эгам Раҳим чорак асрдан зиёд вақт мобайнида «Хоразм ҳақиқати» газетасига муҳаррирлик қилди. «Эгам Раҳим муҳаррирлик қилган газета вилоятнинг барча каттаю кичик қаламкашларига бағрини кенг очган, илҳом булоғи қайнаб турган ҳақиқий ижод маскани эди», — деб эслайди ўз хотираларида Жаббор Раззоқов.

Эгам Раҳим журналистлик фаолияти билан бир қаторда, баракали ижод қилди. Айниқса, Хоразм мавзусида ёзилган шеърлари шоир ижодининг асосини ташкил этади. Сайланманинг «Салом сизга Хоразмдан» деб номланган бўлимидан жой олган шеърларда шоирнинг шу қуёшли заминда туғилиб, вояга етгани, дўсту қадрдонларининг меҳр-муҳаббатидан фахр-ифтихор туйғулари уфуриб туради. «Салом сизга Хоразмдан», «Хоразм гапиради», «Хоразм», «Янги қадам», «Жайҳун нидоси», «Нур дарёси», «Қалбим қиссаси», «Озерний ҳақида баллада» сингари кўплаб шеър ва очерклар ана шулар жумласидандир.

Шоир бугунги кун ва келажак тўғрисида ниманики ёзмасин, унинг диққат марказида ўз халқининг ўтмиши, ҳозирги куни ва келажаги ҳақидаги ўйлар ётади. Сайланмага киритилган қадим Хоразм тарихидан ҳикоя қилувчи «Калтаминор ҳикояси», «Чингиз босқини», «Паҳлавон Маҳмуд» каби асарлар фикримиз далилидир. Шунингдек, «Дўстимнинг тақдири» балладасида 30-йиллар қатағони, унинг қурбонлари қаламга олинган.

«Эгам Раҳим ижоди билан танишар экансиз, нозик дидли, юксак мулоҳазали, маданиятли, юраги кенг, фикрлари тиниқ, ўз туғилган жойига садоқатли, фидойи ва жўмард инсон кўз олдингизга ­келади, — деб ёзган эди Барот ­Бойқобилов. — У ҳамиша муҳтожларга ёрдам кўрсатишга ошиққан, бировлар ташвишидан озор чекиб, уларга ёрдам кўрсатиб, шундан ўзига ором топувчи инсон эди».

Эгам Раҳим ижодидаги яна бир энг қадимий мавзу — меҳр-муҳаббат ҳақида. Шоир ҳали ҳаётлиги даврида унинг жуда кўплаб шеърлари қўшиққа солинди, ҳозир ҳам ҳофизларнинг куй-қўшиқларида янг­рамоқда. У қорақалпоққа ҳам, қозоққа ҳам, қирғизга ҳам, туркманга ҳам шеър бағишлади, уларни ҳамжиҳатликка чорлади, дўст-биродарликка даъват қилди. Эгам ­Раҳим «Авлодлар қўшиғи» шеърида шундай ёзади:

 

Оғир дамда метин ирода

Ҳамжиҳатлик, бирлик қалбимиз.

Биз шундай халқ: буюк ва содда,

Яхшиликка кенгдир бағримиз.

 

Эгам Раҳим 59 ёшида — 1977 йилда оламдан ўтди. Лекин шоирнинг иккинчи умри шеърларида, фарзандлари, невара-эваралари тимсолида давом этмоқда. Эгам Раҳим таваллуд топганлигининг 100 йиллиги муносабати билан чоп этилган яхшиликка, бағрикенгликка йўғрилган ушбу «Юрак садоси» сайланмаси, ўйлаймизки, ўқувчиларга манзур бўлади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.