Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
19.06.2018

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ: ТЕЗКОР, ҚУЛАЙ, ШАФФОФ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини янада кенг тарғиб қилиш ҳамда кенг оммани тизимда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Президент Девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган медиа-тур наманганлик журналистлар учун ғоят қизиқарли кечди.

Иштирокчилар даставвал Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари марказида бўлиб, бу ерда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда кўрсатилаётган давлат хизмати турлари ва хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишдилар.

Замонавий услубларда жиҳозланган совутиш ва иситиш мосламалари ишлаб турган чароғон залга кираверишдаёқ сизга хизматчи йигитлар — операторлар пешвоз чиқадилар. Улар мақсадингизни билгач, 84 турдаги хизматлар қаторидан сиз боришингиз керак бўлган кабинани аниқлаш учун компьютерга мақсадингизни билдириш учун таклиф этадилар. Компьютерлаштирилган бу хизматдан фойдаланиш кўникмасига эга бўлмасангиз ҳам сира хижолатда қолмайсиз.

Ҳушёр хизматчилар ёрдамга келишади. Сиз боришингиз керак бўлган кабина бўшми ёки навбатда турганлар борми, буни рўпарадаги мониторга қараб биласиз. Лозим бўлса кутасиз. Қўлингизда ёш болангиз билан келганмидингиз, хизматчилар сизни болалар майдончасигача кузатиб борадилар. Махсус майдончада болажонингиз учун деярли барча шароит муҳайё.

Балки кутишингизга тўғри келар. Диққат бўлиб қолмаслигингиз учун ҳуқуқий маслаҳат бурчагидаги тавсия-қўлланмалардан фойдаланишингиз мумкин.Замонавий чойхонада тамадди қилишингиз учун ҳам имкон яратиб қўйилган.

Вилоят Давлат хизматлари бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоилов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вакили Севара Зокирова, Халқ қабулхонаси вилоят бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Неъматилла Абдуллаев медиа-тур иштирокчиларини фуқароларнинг мурожаатларига мувофиқ давлат хизмати кўрсатиш турлари ва жараёнлари билан таништиради.

Марказдаги жараёнлар механизми ўзига хос тартибга солинганки, бу ерда таниш-билишчилик, кутаётган киши қолиб, ҳозиргина келган кишини қабул қилиш ҳолатларига йўл қўйилмайди, бунинг иложи ҳам йўқ.

Жараёнларни кузатаркансиз, давлат хизматлари кўрсатиш марказида нафақат хизмат кўрсатиш маданиятининг юқорилигига, балки мурожаат этувчи фуқароларда хизматдан фойдаланиш маданиятининг ҳам шаклланаётганига гувоҳ бўласиз.

Марказда май ойида 53 турдаги хизматлар кўрсатилган бўлса, 1 июндан бошлаб, суғурта, нотариус, ФҲДЁ билан боғлиқ масалалар каби яна 31 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш учун фуқаро олдинлари 30 кунгача вақт ва сарсонгарчиликларни бошидан кечирган бўлса, бу масала Давлат хизматлари кўрсатиш марказида атиги уч дақиқада ечилади.

Яқинда марказга қиймати 32 минг евро бўлган кўчма мобиль қурилма келтирилди. Мамлакат бўйича Намангандагина мавжуд бўлган бу аппарат биометрик паспорт алмаштиришни марказнинг ўзида туриб эмас, чекка қишлоқ жойларига бориб ҳам ҳал қилиш имконини беради.

— Тошкент давлат юридик университетида ўқишни истовчи абитуриентларнинг ҳужжатлари бизнинг марказимизда қабул қилинадиган бўлди. Бу йил тажриба тариқасида фақат юридик университет абитуриентларига хизмат кўрсатилади. Кейинги йилдан мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларига ҳужжатлар айнан бизнинг Наманган вилоят Давлат хизматлари кўрсатиш марказида қабул қилиниши режалаштирилмоқда, — дейди марказ матбуот котиби Ойдина Эсоналиева.

Фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини тежаш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш лаёқатини шакллантириш айнан Давлат хизматлари кўрсатиш марказларидаги фаолият сифатига боғлиқ.

Қисқа муддатда Давлат хизматлари кўрсатиш Наманган вилоят марказида «Тезкор, қулай, шаффоф хизматлар» деган ибора шиорга айланиб улгурди.

Куннинг иккинчи ярмида Учқўрғон туманининг чекка ҳудудларидан бири Қўғай қишлоғида Президентнинг Халқ қабулхонаси ва туман сектор раҳбарлари иштирокида ташкил этилган сайёр қабул жараёни бўлиб ўтди.

Марказларнинг хизмат машиналари билан таъминлангани, айниқса, Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказининг махсус автобусидаги замонавий ахборот коммуникация технологиялари орқали қишлоқ аҳлига хизмат кўрсатилаётгани эътирофга лойиқ.

Медиа-тур якунида ўтказилган матбуот анжуманида Давлат хизматлари марказидаги қулайликлардан фойдаланишга аҳолини янада кенг жалб этиш ва бу борада тарғиботнинг таъсирчан усулларини илгари суриш масалалари бўйича маслаҳатлашилди. Аниқ режалар белгиланди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.