17.05.2018

СУД ТИЗИМИДА ЯНГИЛИК

Фуқаролик ишлари бўйича республикамиздаги барча судларга эндиликда масофадан туриб ҳужжатларни электрон тарзда топшириш имконияти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро судида тизимга жорий этилаётган янги ахборот технологиялари ҳамда уларнинг афзалликларига бағишланган медиа-тур ташкил этилди.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларда самарали фойдаланилаётган E-SUD электрон судлов ахборот, аудио-видео тасвирга олиш тизими ва бошқалар тўғрисида маълумот берилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасига оид туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқлик ва холисликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси асосида ишлаб чиқилиб, судлар амалиётига жорий этилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга ­етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон ­Республикаси Олий Суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. — Ушбу тизимни ишлаб чиқишда Жанубий ­Корея, Германия ва Сингапур каби ривожланган давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилди. Қари­йб, икки йилдан буён фуқаролик ишлари бўйича республикамиздаги барча туманлараро, шаҳар ва туман судларида E-SUD тизими муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Эътиборлиси шундаки, эндиликда судга мурожаат этиш учун суд биносига бориш, нав­батда туриш, ҳужжатларни қўлда ёзиб, қоғоз шаклида топшириш каби жараёнларга вақт ва маблағ сарфлаш зарурати йўқ. E-SUD тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича республикамиздаги барча судларга исталган кун, вақт ва масофадан туриб ҳужжатларни электрон тарзда топшириш мумкин. Келиб тушган электрон мурожаат уч кун ичида кўриб чиқилади ва шикоятчига жавоб юборилади. Бундан ташқари, интернетни яхши билмайдиган фуқаро мурожаат қилмоқчи бўлса, суд биносига келиб, девонхона ходимига учрашади ва у шикоятни электрон тизимга киритади. Қисқача қилиб айтганда, биринчи инс­тан­ция судларига қилинаётган мурожаатларнинг барчаси элек­трон кўринишда амалга оширилмоқда. Яна шуни маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу тизим ҳозирги давр­да фақатгина биринчи инс­танция судларида амалиётга қўйилган. Келгусида апелляция, кассация ва назорат тартибидаги ишни кўриш бос­қичларига ҳам татбиқ этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, иш билан боғлиқ материалларни электрон тарзда шакллантиришнинг бундай тартиби, авваламбор қўл меҳнатини ва ортиқча қоғозбозликни қисқартиришга олиб келади. Шу билан бирга, ишларни сақлаш, уларни юқори инс­танция судларига юбориш, иш материаллари билан тарафларни таништириш, улардан нусхалар олиш каби процессуал жараёнларни сезиларли тарзда соддалаштиради...

Медиа-тур доирасида журналистлар судда ишларни кўриш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган аудио-видео тасвирга олиш тизими — SRS Femida фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Яъни суд биносига иш юзасидан борган одам судда иши кўрилаётган фуқароларни судга кираверишдаги фойеда ўрнатилган монитор орқали бевосита кузатиши мумкин. Бу каби замонавий ахборот-технология­ларининг суд соҳасига жорий этилиши судьялар масъулиятини ошириш билан бирга, кўрилаётган ишга холис ёндашишда, ҳақиқатни юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир доирасида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Таъкидландики, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 56653 иш кўриб чиқилган ва улардан 83 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 111376 суд буйруғи чиқарилган. Фуқаролик ишлари бўйича 49150 ҳал қилув қарори чиқарилиб, ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 83 фои­зидан ортиғи қаноатлантирилган.

Лойиҳа доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида инфографика ва ҳуқуқий саводхонликка оид китоблар тарқатилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.