Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.08.2018

ЯШИЛ ШАҲАРНИНГ ЯШИЛ НАВОЛАРИ

мақом санъати халқаро анжуманида оламга таралади

«Олам тўлиб борар яшил навога» – таниқли шоирларимиздан бирининг қалбида тошган туйғулар. Қадимдан гоҳ Кеш, гоҳ Сабзазор, гоҳ Шаҳрисабз аталиб келаётган Абадий шаҳарга бевосита тааллуқли гуё бу сўзлар. Шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари ўтадиган мақом санъати биринчи халқаро анжуманида яшил наволар оламга таралади. Мана, уч йилдирки, қадим шаҳарни қайтадан қуриш, нодир обидаларни таъмирлаш жадал давом этмоқда. Бугун дарахт ва турфа гулларга бурканаётган, янги-янги бинолар қад кўтараётган шаҳардаги бунёдкорликлар нуфузли анжуманга ҳозирлик ишлари билан бирга давом этмоқда.



ОБОДОНЧИЛИК ВА ТАРАДДУД

Бугунги Шаҳрисабзни кўрганмисиз? Йўқми? Келсангиз, кўрсангиз, кўнглингизда мунис туйғулар уйғониши тайин. Ҳозир жаҳон цивилизация ривожига бемисл ҳисса қўшган шаҳарни таниб бўлмайди. Ҳукумат қарори асосида тенги йўқ ўзгаришлар содир бўлмоқда. Янги умрини яшаётган нодир обидалар, миллий ва замонавий меъморчилик уйғунлашган кўркам иморатлар келажакка пешвоз чиқаяпти.

Аввало, шаҳарнинг ҳудуди белгиланди. Шаҳрисабз ҳокимлиги қайтадан ташкил топди. Янги ҳокимликнинг тизимлари шакллантирилди, барча ишлар ўз эгаларига топширилди.

Шаҳарга жуда эрта — ҳали тонг отмасидан етиб келдим ва машинамни марказий кўчадан ҳайдадим. Ана, темир йўл вокзали атрофида иш қизғин. Анжуман куни анча меҳмон тезюрар поездда етиб келади. Бош майдонга янгидан тикланган Самарқанд дарвозасидан кириб бордим. Шаҳарнинг янги бош меъмори Бекзод Раҳмонов кетма-кет ишга тушаётган бинолар, йўллар, турли иншоотлар, уларнинг лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилади — чиндан улуғвор ишлар! Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори ва биринчи халқаро анжуманни Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш борасидаги таклифларидан кейин бунёдкорликларнинг янги даври бошланди. Гап фақат анжуман ўтадиган майдонни ҳозирлаш хақида эмас, балки миллий мумтоз санъатимиз, тарихимизни ўрганиш, жаҳон аҳлига етказиш, туризмни ривожлантириш ва бошқа ўнлаб эзгу ишлар уйғун тарзда олиб борилиши белгилаб берилди.

Мен асрлар юкига бардош бериб, бугун 38-40 метрлик иккита қаноти сақланиб қолган дунёнинг тенгсиз обидаси — Оқсарой қаршисида ўйга толаман. Бир вақтлар ­Испания элчиси Клавихо буюк бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган саройда кўрганларини тасвирлаган эди. Умуман, темурийлар даври тарихи ҳақида ўзимизда ва хорижда кўплаб тадқиқотлар яратилган. Янги изланиш — истеъдодли олим Поён Равшановнинг «Оқсарой» китоби ўтган йили дунё юзини кўрди. Мен ўтмиш йўлларидан замонамизга юзланаман ва икки йил бурун қурувчилар ана шу баланд иморатда таъмирлаш ишларини бажаришганини эслайман. Юқоридан яна бир манзарани кўриш мумкин — қанотларини ёзган Давлат қуши — Ҳумо етти иқлим ҳукмдорини олиб учаётгандай... Лойиҳа шундай тузилган. Амир Темур бобомизнинг муаззам ҳайкали майдон марказидаги тепаликда қад кўтарган.

Қадимда Оқсарой қаршисидаги майдонда ҳовузлар бўлган. Бугун бу ҳовузлар усти қалин шиша билан қопланган ўзига хос музей. Бу борада франциялик ҳамкорларимизнинг хизмати катта бўлди. Бу ҳам эътиборга молик янгиликлардан бири.

Шаҳрисабзнинг ўзи очиқ ва тенги йўқ улкан музейдир, — дея ҳикоя қилади шаҳар маданий мерос иншоотларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекция­си бошлиғи Илҳомжон Юсупов. — Даставвал, ўрама ҳақида. Тарихий манбаларда қалъа девори 6,5 минг метр узунликда бўлганлиги битиб қолдирилган. Шундан 1100 метри сақланиб қолган. Жами 167 метр тупроқ қалъа девори таъмирланди. Марказий майдон атрофида Заргарлик, Кулоллик, Қозигузар каби маҳаллалар жойлашганлиги бежиз эмас. Ҳар бирининг ўз ўрни бор ва ҳозир қадимий номлари тикланган. Мана, эски Ҳовузи Мардон қайтадан қазилиб, таъмирланди. Аслида ҳовузлар 2 та бўлган ва улардаги сув нодир обидалар безакларининг ранги офтоб тиғида ўчиб кетмаслигига таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам маҳалла — Қўшҳовуз аталган. Ерости сувларининг кўтарилиши ва қадимий иморатларга зарар етказмаслигини назорат қилиш — муҳим вазифамиз. Умуман, марказда ЮНЕСКО рўйхатига кирган Дорус - саодат ва Дорут-тиловат мажмуалари, Кундузак масжиди, Абдушукур Оғалик мадрасаси, ҳаммом, Чорсу бозори каби 20 дан ортиқ нодир обида жойлашган ва улар сифатли таъмирланди. Анжуман қатнашчилари, сайёҳлар уларни томоша қилишади...

Бош майдонда 19 янги фаввора бунёд этилган. Ҳозир Исомиддин Алимов бошчилигида шаҳар ободончилик департаменти жамоаси сид­қидилдан меҳнат қилмоқда. Айтишларича, бош майдоннинг ўзида 31 мингдан кўпроқ баланд ва паст бўйли дарахтлар, турфа гуллар кўкартирилган. Айниқса, шаҳрисабз­ликлар «нозбўй» деб атайдиган райҳон кўп. Дарахтзорлар ўртаси майса билан қопланган. Фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш шаҳар кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Рўзиев ва ЎзХДП туман кенгаши раиси Дилшод Ёровлар: «Шаҳримизни обод қилиш ва халқаро анжуман меҳмонларини муносиб кутиб олиш учун барча шахрисабзлик оёққа турган», дейишди ғурурланиб.


КЕЛИНГ МЕҲМОН, КУЛИНГ МЕҲМОН...

Дунёда фақат кулиб муомала қиладиган халқлар кўп. Кулгу — умр зийнати экан. Айни дамда ташриф буюрсангиз, шаҳрисабзликлар ҳам жилмайиб, қаерни сўрасангиз, эринмай тушунтиришади.

Мен аввал марказий майдон ўртасида ўзига хос амфитеатр ­бунёд этаётган қурувчилар ҳузурига бордим. Иш жадал кетаяпти. Алоҳида саҳна ясалмоқда. Бетон ишларини Тошкентдаги 65-қурилиш бошқармаси жамоаси бажараётган экан. Булар ҳақида асли сурхондарёлик бўлган ишбоши ­Комил Холов гапириб берди. Ҳадемай ўриндиқлар ўрнатиларкан. Умуман, шаҳарни обод қилишга бутун мамлакатимиз қурувчилари муносиб ҳисса қўшишди. Шулардан бири — китоблик ­Абдижамол ­Ғаффоров бошлиқ қурувчилар жамоаси 48 хонадонли 4 янги уй, 60 савдо дўконини ишга туширди. Ҳозир улкан иншоот — санъат саройини таъмирлаш ишларини якунига етказишаяпти. Ана шу майдондаги эгалари кўчиб кирган ўзига хос уйларни томоша қилиб, биттаси олдида тўхтайман. Майдон марказида тадбиркор Эркин Тўхтаев қурган 100 ўринли янги «Афсона» меҳмонхонаси ҳам иш бошлабди.

Халқаро анжуман меҳмонларини ва шаҳарга келаётган сайёҳларни муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ишлари қизғин, — дейди Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов. — Сайёҳлар ва меҳмонлар учун юртимизда хизмат кўрсатадиган манзиллар кўп. Туризмни ривожлантириш — муҳим вазифамиз. Агар ўтган йили воҳага 2 минг меҳмон ташриф буюрган бўлса, шу йилнинг ўтган даврида 100 мингдан ошиқ сайёҳ келди. Мақом халқаро анжумани ютуқларимизни, миллий маданиятимизни жаҳонга ёйиши баробарида, кўплаб сайёҳларни жалб этади. Уларни муносиб кутиб олишимиз керак. Агар илгари «Шаҳрисабз юлдузи» меҳмонхонаси бўлса, қисқа фурсатда 120 ўринли 2 янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Тоғли Мироқи қўрғончасида 60 ўринли «Лочин» меҳмонхонаси ишга тушди. Шуниси қувончлики, 60 дан ошиқ шаҳрисабзлик ўз уйида меҳмонларни кутиш истагини билдирди. Уларни ўргандик, кўмаклашдик, ҳозир 20 таси тайёр, қолган хонадонлар жиҳозланмоқда. Бундай хонадон-меҳмонхоналарда истиқомат қилиш меҳмонларда ҳам яхши таассурот қолдиради, албатта...

Суҳбатдан сўнг бош майдон бўйлаб яна юра бошлайман. Қатор қўш қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги дўконларда миллий ҳунармадчилик буюмлари териб қўйилган. Битта янги бинонинг биринчи қаватидаги хоналарнинг очиқ эшигидан гилам тўқиётган, дўппи тикаётган чеварлар иши яққол кўриниб турибди. Япония давлатидан келган бир ёш сайёҳ чеварлар ҳаракатидан кўз узолмасди. Мен русча, у инглизча гапирди, аммо бир-биримизни англадик. Юртимизга биринчи келиши экан, ёқибди. Мен «Хуш келибсиз!», дедим кулиб, япониялик йигит ҳам жилмайди.

Чет эллик меҳмонлар учун миллий буюмларимиз кўп манзур, — дейди Шаҳрисабз шаҳар ҳунар­мандлар уюшмаси раҳбари Юлдуз ­Мамадиёрова. — Чунки бу буюмлар санъат даражасида, гул ва нақшларда моҳир чеварлар маҳорати мужассамлашган. Биз Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи туманлари ҳунармандларини бирлаштираяпмиз. Мен ўзим чеварлар тайёрлаган дўппи, сумка, нимча, кичик гилам каби буюмларни ўнлаб давлатлардаги кўргазмаларда намойиш қилишда қатнашганман. Қизиқиш катта. Ўтган йили Президентимиз Шаҳрисабзга келиб ишларимизни кўрди, маслаҳатлар берди. Шундан кейин, ана шу қўш қаватли бинони сотиб олиб, кичик цех ва савдо дўкони очдик. Санъат анжуманига келаётган меҳмонлар учун турфа сов­ғалар, буюмлар тайёрлаяпмиз.


ШАҲРИСАБЗ ҚАЛБИ ВА ШУУРИ

Юриб, айланиб, XVI асрда қурилган, ҳозир Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи жойлашган Чубин мадрасасига етиб келдим. Қадимий иморат янги ҳаётини яшаяпти.

Музейимизда 35 мингдан ортиқ археология, тарих, ёзма манбалар, этнография, рассомчилик, амалий санъат, ҳайкалтарошлик, нумизматика ва маданиятга оид экспонатлар мавжуд, — дейди музей директори, тарих фанлари номзоди Наби Хушвақтов. — Асосий йўналишимиз «Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир ­Темурнинг ҳаёти ҳамда фаолияти» мавзусига бағишланган.

Мен ушбу музейда чилтор-арфа чалаётган аёлнинг кичик сопол ҳайкалчасини кўргандим. Бу Буюк ипак йўли орқали қадимда Шарқий Туркистон, Хитой, Корея, ҳатто Япония давлатларига миллий маданиятимиз, санъатимиз етиб борганини кўрсатади. Мақом санъати ҳам темурийлар даврида яхши ривож топган, шундай эмасми?

Ҳа, мақом — ўлмас санъат, — давом этади Наби Хушвақтов. — Унинг Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Фарғона йўналишлари мавжуд. Умуман, мақом тарихи, бастакорлик, якка ва жўровозлик, созандалик усулларини, шу соҳада яратилган асарларни астойдил ўрганиш лозим. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг Шаҳрисабз шаҳрида алоҳида «Мақом музейи»ни ташкил этиш ҳақидаги қарори муҳим аҳамият касб этади. Қарорда бу мумтоз санъатга оид манбаларни тўплаш, улуғ санъаткорлар ҳаётини ўрганиш, мақомни тар­ғиб қилиш ва бошқа вазифалар қўйилган.

Мақом санъатимиз XX асрда айниқса, шўро даврига келиб, мураккаб шароитда ривожланди. Мустабид тузум мафкурасини мадҳ этувчилар мақом санъатига эскилик сар­қити сифатида муносабатда бў­лишган. Ана шундай оғир даврда буюк санъаткор Юнус Ражабий «Шашмақомни» китоб сифатида нашр эттирди. Мустақиллик йилларида мумтоз санъатимиз ривожи йўлида анча хайрли ишлар қилинди. Хўш, Шаҳрисабз ҳақида нималарни айтиш мумкин?

Аввало, Шаҳрисабзда кўплаб устоз санъаткорлар яшаб ўтишган. Жонкуяр тарихчи, журналист Мўмин Азизов Абдураҳмон Эшонқулбой ўғлининг Шаҳрисабзда туғилгани, Бухоро мақомини устозлардан ўрганиб, шўро даврида ўз йўлига асос солгани ҳақида яқинда «Қашқадарё» вилоят газетасида «Ҳофиз, созанда, бастакор» мақоласини эълон қилди. Устоз Юнус Ражабий нашрга тайёрлаган «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламига у яратган «Абдураҳмонбеги», «Уфори Абдураҳмонбеги», «Абдураҳмонбеги III» мумтоз ашулалари ноталари билан киритилгани ҳақида фикр юритди. Шаҳрисабз­дан Ўктам Аҳмедов, Марям ­Сатторова, Насиба Сатторова, Дилфуза Раҳимова, Ойгул Халилова каби таниқли санъаткорлар етишиб чиққанини тилга олди.

Вилоятда халқаро анжуманга тайёргарлик қизғин. Июль ойида мақомчиларнинг вилоят кўриги ўтказилиб, Китоб тумани маданият бўлими қошидаги «Мозийдан садо» дастаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими шаҳрисабзлик Элмурод Боймуродовнинг бу борада хизматлари катта. У киши Тош­кент­даги Театр ва рассомчилик инс­титутининг режиссёрлик факультетини битириб келган. 1959 йилда Шаҳрисабз шаҳрида халқ театрига асос солди. Мазкур театр бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатиб келаяпти. Айни пайтда санъат фидойиси шаҳар маданият бўлими қошидаги болалар мақом дастаси раҳбари.

Тарихий Коба обидаси ҳозир мақом санъати марказига айлантирилган, — дейди Элмурод ­Боймуродов. — Шу йилнинг январь ойида Президентимиз Шаҳрисабзга келганида мен билан ҳам суҳбатлашди, мумтоз санъатимиз истиқболи ҳақида гапирди. Мана, энди у кишининг ташаббуси билан шаҳримизда халқаро анжуман ўтказилади. Шогирдларим кўп. Ҳозир АҚШда яшаётган санъаткор Рошил Рубинов ҳам менинг шогирдим. Янгилик шуки, бутун вилоятимизда синовдан ўтказилган 150 нафар ёш мақомчи билан бир неча ойдан буён шуғулланаяпмиз. Мен раҳбарман. Улар намунали чиқиш қилишади.

Мен шаҳрисабзлик 3-синф ўқувчиси Паризода Элмуродова, Қарши шаҳридан келган 9-синф ўқувчиси Раҳмат Тошқулов, касбилик 4-синф ўқувчиси Шоҳрух Холмуродов, шаҳрисабзлик 9-синф ўқувчиси Севинч Авлақулова ва бош­қа қалбига санъат чўғ ташланган ўғил-қизларимиз билан суҳбатлашдим. Шаҳрисабзлик мусиқа мактабнинг концерт залини тўл­дирган ёш мақомчиларнинг ашулани майин ва авж пардаларида бирдек куйлашаётганини тинглаб, ҳайратга тушдим ва ниҳоятда қувондим. Яна бир замонавий қўшиққа мусиқа басталанибди. Бу ашулани ёшлар куйлашганда, ушбу мисралари қалбимга муҳрланиб қолди:



Боласига борини бахшида қилган Ватан,

Тоғлари чўққисига байроғин илган Ватан,

Тарихин, туғросини муқаддас билган Ватан,

Келажакни ўйлаган бўйларингдан айланай,

Йигирма етти ёшли тўй­ларинг­дан айланай...



Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист»



DB query error.
Please try later.