28.08.2018

ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ ДЕПУТАТЛАРНИНГ ЭНГ ОЛИЙ ВАЗИФАСИДИР

Бугун жамиятда фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошиб бораётгани кузатилмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга билдирилаётган муносабатлардан ҳам буни сезиш мумкин. Ижтимоий тармоқларда республикамиздаги сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқ турли таҳлилий-танқидий фикрлар билдирилмоқда. Айниқса, партиялар номзоди кўрсатилган халқ депутатлари ҳақидаги фикрлар тобора кўпайиб бормоқда. Билдирилаётган танқидий мулоҳазаларга тўлиқ қўшилмасам-да, уларни бутунлай инкор ҳам этиб бўлмайди. Чунки ишлайдиган ва ташаббус кўрсатаётган депутатлар оз эмас, ишончга муносиб бўла олмаётганлар ҳам.

Мисол учун, Ўзбекистон ХДП­дан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида жойлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган 234 масала сессияларга киритилиб, қарорлар қабул қилинди. Ўтган йили бу кўрсаткич 76 тани ташкил қилган эди. Электоратимиз вакилларини қийнаётган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар, мансабдор шахсларга 2017 йилнинг ярим йилида 2013 депутатлик сўрови юборилган. Жорий йилнинг ўтган олти ойида эса уларнинг сони икки баравардан ошди — 4275 га етди.

Шунингдек, бугунги кунда ­дунёнинг кўплаб мамлакатларида муаммога айланган ишсизлик масаласини ижобий ҳал этиш борасида ҳам сиёсий партиялар томонидан маълум даражада ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган аҳоли бандлигини таъминлаш, боқимандалик кайфиятидан чиқариш ва ўз бизнесларини бошлашлари учун уларга амалий ёрдамлар бериш тўғрисидаги концепция амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, маҳаллий Кенгашлардаги партия­миз гуруҳлари аъзолари бу йил июнь-июль ойларида 139 оилага ўз бизнесини ­бошлашда амалий кўмак берди. Бу эса партия­лар ва уларнинг депутатлари мажлисбозликдан воз кечиб, амалий ишга ўтаётганидан далолат беради.

Аммо барча депутатлар бирдек жон куйдириб, жойлардаги муаммоларни ҳал этяпти, деб бўлмайди. Агар депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдаларининг 50 фоизини бажарганида ҳам ҳудудлар муаммолар ботқоғига бу қадар ботиб қолмаган бўларди, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ХДП — икки минг нафарга яқин маҳаллий Кенгашлар депутатларини ўз Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалари йўлида бирлаштира олган катта сиёсий куч. Лекин амалга оширилган ишларни 2000 нафар депутатга тақсимлайдиган бўл­сак, хижолат тортиб қолишимиз табиий.

Хўш, депутатлар бирдек ­фаол­лик кўрсатишига нима тўс­қинлик қилмоқда?

Ўйлашимча, бунга бош сабаб депутатлар орасида депутатлик шарафини ўзига ниқоб қилиб олганлар оз эмаслигида. Улар учун фақатгина обрў ва дахлсизлик керак холос. Уларда эскича кайфият ҳамон сақланиб қолган. «Вақт ўтса, масала ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади», «Ҳукуматнинг ўзи ҳал қилади», деган қарашлар ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, кўп бора гувоҳ бўлганимиз, электорат вакилларини қийнаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан мансабдор шахсларга юборилган депутатлик сўровлари чанг босиб, амалдорлар столи устида қолиб кетмоқда. ­Муаммоларни ҳал этадиган, асослантирилган жавоблар олин­маяпти. Депутатлар ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини ва жойлардаги қонун устуворлигини том маънода назорат қила олмаяпти. Бунинг сабаби, депутатнинг ўзи ижро ҳокимияти вакили ҳисобланади.

Агар иш шу зайлда давом этаверса, депутатлар яқин вақт ичида биз хоҳлаган сиёсий вакил бўлишига ҳам кўзим етмайди. Мазкур масалалар ечими юзасидан баъзи таклифларим бор.

Депутатлик сўровига жавоб бермаган мансабдор шахсга нисбатан жамоатчилик назоратини кўчайтириш, оммавий ахборот воситаларида ёки ижтимоий тармоқларда бу каби ҳолатларни ёритиб бориш лозим. Ана шунда айрим амалдорларда масъулият ҳисси ошади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида ижро ҳокимияти идораларида ­фаолият юритаётганлар оз эмас. Шунинг учун ижро ҳокимияти вакили депутат бўлиб сайланиши қанчалик тўғрилиги устида ўйлаб кўриш керак. Қачонки ижро ҳокимияти ўз ўрнида, депутатлар эса улардан алоҳида фаолият олиб борса, назорат тизими белгиланган тартибда ишлашига замин яратилади, деб ҳисоблайман.

 

Шерзод СОДИҚОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.



DB query error.
Please try later.