16.08.2018

«ДУНЁДА ДИЙДОРДАН АЗИЗРОҚ НЕЪМАТ ЙЎҚ ЭКАН»,

дейди Республика тожик миллий маданий маркази раиси ўринбосари, «Овози тожик» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Тожибой ИКРОМОВ

Буни биз бир гуруҳ журналистлар яқинда Тожикистонга борганимизда юрак-юракдан ҳис қилдик. Мен ўзим Тожикистон давлат университетида ўқиганман, у ерда дўсту қадрдонларим кўп. Лекин узоқ йиллардан буён борди-келди йўқлиги туфайли улар билан кўришолмагандим. Бизни кўриб, шундай хурсанд бўлишди, жуда соғинишган экан. Ҳаммалари икки давлат ўртасидаги чегаралар очилганидан, тўсиқлар олиб ташланганидан мамнунликларини изҳор қилишди.

Қаёққа борсак, бизни азиз меҳмон сифатида олий даражада кутиб олишди, туман, вилоят раҳбарларининг ўзлари олиб юришди. Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида 52-умумтаълим мактабида ўзбек ва тожик синфлари бор экан. Мактаб жамоаси бизни жуда самимий кутиб олди. Ўқувчилар ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ўқиб беришди.

Шунда бир воқеа бўлди. Томошатепа деган маҳаллада ўзбек-тожик оилалари яшаркан. Ҳаммаси бир-бири билан иноқ, қуда-анда, қон-қариндош бўлиб кетишган. Гарчанд биз борадиган жойлар ташриф дастурида аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган бўлса-да, ўша ерда яшайдиган бир отахон: «Уйимизга бирровга бўлса ҳам кириб кетасизлар. Меҳмон атойи худо», деб оёқ тираб олди, раъйини қайтаролмадик.

Ўша ўзбек хонадонига кириб бораверишимизда оёғимиз остига узун пояндоз ташлашди, кейин уни яхши ниятлар билан ҳаммамизга бир парчадан бўлиб беришди. Дастурхон тўкин, ноз-неъматлар сероб. Дарҳол ош дамланди. Таомилга кўра, ош ейилмасдан, меҳмон ўрнидан туриб кетмайди, бу — хонадон шаънига одобсизлик ҳисобланади. Ҳеч эсимдан чиқмайди — дастурхонга дуо ўқилаётганида отахон бир гап айтди. «Нон-туз, оби овқат ҳамма ерда топилади, лекин дийдор топилмайди. Ўзбек-тожик миллатини бирлаштириб турган мана шу минг йиллик дастурхонимиз бегона бўлмасин, илоё, қайта тикланган борди-келдимиз бардавом бўлсин!»

Қаранг, Кўлобда умргузаронлик қилаётган оддий бир халқ вакилининг кўнглидаги тилакларини, орзу-ниятларини. Бу аслида биргина отахоннинг эмас, икки халқнинг энг муқаддас эзгу тилакларидир.

Бахтар шаҳрида Ургут маҳалласи бўлиб, 1,5 мингдан ортиқ аҳоли яшар экан. Улар бир пайтлар собиқ тузум даврида кўчириб олиб келинган экан. Бизни карнай-сурнайлар билан кутиб олишди. Узоқдан эътиборимизни энг биринчи жалб қилган нарса — жуда катта ҳажмда тайёрланган баннерда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг кўришиб турган сурати бўлди.

Бу ерда Ургут маҳалласи чеварлари ва қўлигул усталари томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилдик. Энг қизиғи — ҳар бир санъат асарида — каштами ё сўзана, сопол ёки чинни идиш, ёғоч ўймакорлиги — ҳамма-ҳаммасида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонларнинг биргаликда кўришиб турган қиёфаси акс эттирилганини кўрдик. Мана, халқ соғинчининг узоқ йиллар юракларда армон бўлиб ётган изҳори...

Маданияти ва маънавияти, адабиёти яқин бўлган давлатларнинг ўзаро алоқалари ҳам бардавом бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги икки йил мобайнида халқаро муносабатларда яқин қўшничилик алоқаларига алоҳида эътибор берилди. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўп йиллардан буён ўз ечимини кутиб келаётганди. Чегаралар яқинидаги таранг вазият, бўлиб ўтган нохуш воқеалар нафақат давлатлар ўртасидаги муносабатларга, балки икки халқ ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Бугун ўзаро муносабатларда янги давр бошланаяпти. Ҳақиқатан ҳам, урф-одатларию қадриятлари, турли анъанаю байрамлари, дастурхони бир бўлган бу икки халқ атоқли давлат ва жамоат арбоби, севимли ёзувчимиз Шароф Рашидов таъбири билан айтганда, бир қушнинг икки қаноти, икки тилда сўзлашувчи бир миллатдир.

Тарихан қондош ва жондош бўлиб келган бу икки миллат ҳамкорлиги мамлакат даражасида қайтадан мустаҳкамланаётгани албатта барчамизни қувонтиради. Ўзбекистон ва Тожикистон санъат, маданият, илм-фан арбобларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувлар, Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиақатновларнинг тикланганлиги, Душанбе — Тошкент, Душанбе — Кўлоб — Термиз йўналишидаги поездлар қатновининг йўлга қўйилиши, ўзбек-тожик муносабатларида бутунлай янгича, ҳаётбахш босқични бошлаб бермоқда, ўзаро борди-келди алоқалари яхшиланмоқда.

2017 йилнинг 9-13 май кунлари Тожикистонда Ўзбекистон санъат ва маданият кунлари бўлиб ўтди. Ўша йили 10-14 октябрда эса Ўзбекистонда Тожикистон маданият кунлари ўтказилди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон ҳамда Тожикистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳақида фотокўргазма, икки томоннинг кино саноати маҳсулотлари намойиш қилинди. 2018 йилнинг майида Душанбеда икки мамлакат санъаткорлари билан ҳамкорликда «Дўстлик кечаси» ташкил қилинди. Тожикистон ва Ўзбекистон парламенти ўртасида «Дўстлар клуби» тузилди...

Навоий ва Жомий, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Ойбек ва Жалол Икромий, Шароф Рашидов ва Жаббор Расулов сингари улуғ аждодларимизнинг умрбоқий дўст-биродарлик муносабатлари тарих зарварақларига муҳрлангандай бугун икки давлат Президентлари — Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон томонидан йўлга қўйилган янги яқин ҳамкорлик ва аҳил дўстлик алоқалари ҳам нақши нигор қилинажак, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.