21.08.2018

МУАММОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ МУҲОКАМАСИ

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев, ­Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Юнусобод тумани ҳокими Б.Абдусаматов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига Юнус­обод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи юклатилгани алоҳида таъкидланди.

Президентнинг жорий йил 15 августдаги «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган эди.

Мажлисда Тошкент шаҳар туманларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Юнусобод тумани бўйича ахбороти тинг­ланди. Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг белгиланган вазифаларни ижро этиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборотлари муҳокама қилинди. Жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, 40 маҳалладаги 166 кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари учун кредит, бюджет маблағлари ҳисобидан 20,6 миллиард сўм ажратилган. Бироқ шундай бўлса-да, соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида 14 авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар борлиги, ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги бўйича соҳа ходимларига зарур топшириқлар берилди.

Йиғилишда маҳаллалар раисларига ҳам ҳудудида бефарқ бўлмай, ижтимоий аҳволни янада яхшилаш, аҳолига қулай шароит яратиш борасида зарур вазифалар берилди, — дейди «Мирзо Улуғбек» МФЙ раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Равшан Юсупов. — Жойларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибли ўтказилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудни ободонлаштириш юзасидан тизимли ишларни олиб бормоқдамиз.

Тадбирда туман аҳолиси бандлигини таъминлаш, янги саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, бўш турган бинолардан унумли фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муаммолар, ижтимоий соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни таъминлаш чоралари тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.



Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.