07.08.2018

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ ҚЎМИТАЛАРИ ЖУРНАЛИСТЛАРГА ҲИСОБОТ БЕРДИ

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.

Қўмита ўтган вақт давомида беш марта мажлис ўтказган. Уларда қўмита ваколатларига тааллуқли 18 масала, бюджет, молия соҳаси ва иқтисодий ислоҳотларга доир 3 қонун кўриб чиқилган. «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидан.



Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 8725 мурожаати кўриб чиқилди. Уларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сенаторларнинг 40 мурожаати юборилди. Йиллар давомида йиғилиб қолган кўплаб муаммолар ҳал этилди.

Умуман олганда, Сенатда ва жойларда 3500 қабул амалга оширилди. Қўмитада доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан 79 нафар фуқаро қабул қилинди.

Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳам 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича маълумот берди.

Таъкидландики, март ва июнь ойларида ўтказилган Сенатнинг ялпи мажлисига тайёргарлик жараёнида Қўмита томонидан қатор масалалар ўрганилди ва кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Хусусан, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Адлия вазирининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Қўмита томонидан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун март ойида ўтказилган ялпи мажлис муҳокамасига киритилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини ўтказиш доирасида Қўмита томонидан Республика Бош прокурори ҳамда прокуратура органларининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди. «Медиация тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ­ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқиш учун тайёрланди.

Таъкидлаш керакки, Қўмита томонидан халқ билан мулоқотни қўллаб-қувватлашга, сайловчилар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Сайловчилар билан 384 учрашув ўтказилиб, 638 нафар фуқаро қабул қилинди ва 5342 ёзма мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти назоратга олинди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси негизида алоҳида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Қайд этилдики, ялпи мажлисга тайёргарлик доирасида Қў­мита томонидан «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонунлар биринчи ўқишда кўриб чиқилди. «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг Сирдарё вилоятидаги ижроси ўрганилди. Ўрганиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Бу ўрта мактабларда таълим жараёнини ташкил этиш сифатини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологияларидан тизимли фойдаланиш, ижтимоий-маънавий муҳитни, моддий-техник таъминотни мустаҳкамлаш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

«Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунининг давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. 20 йил аввал қабул қилинган мазкур ҳужжат замон талабларига жавоб бермайди, деган хулоса берилди. Мазкур масала юзасидан ҳукумат ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Қўмита тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари зиммасига меъёрдан ортиқ вазифалар юкланиши, тиббиёт муассасаларида иш ўринлари қисқартирилиши, ходимларни ўз фаолиятидан ташқари мавсумий ишларга жалб этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. «Тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклиф тайёрланди ва ҳукуматга киритилди.

Қўмита томонидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳ давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида учрашув, давра суҳбати ва ташвиқот тадбирлари ўтказди.

Фуқаролардан тушган 4675 мурожаа­тнинг 20 фоизи бевосита Қўмита томонидан кўриб чиқилди. 321 таси назоратга олинди, 46 фоизи ижобий ҳал этилди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назорат тадбирлари доирасида Ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги, шунингдек, БМТ­нинг қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шаф­қатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенцияси қоидаларининг амалга оширилиши бўйича вазир ўринбосарининг ахбороти эшитилди.

Қўмитанинг иш режасига мувофиқ «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга оид қисми ижроси ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати ўрганиб чиқилди. Унга кўра, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Бош вазирга парламент сўрови юборилди.

Қонунлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириш, уларни давлат дастурлари ижро этилиши бўйича олиб борилаётган тадбирлардан хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали сенаторлар 860 дан ортиқ чиқиш қилди. 7224 нафар фуқаро қабул қилинди. Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Қўмита аъзолари 238 учрашув ўтказди.

Қўмитага юридик ва жисмоний шахслардан 4030 мурожаат бўлди. Уларда кўтарилган масалалар юзасидан давлат ҳокимия­ти ва бошқаруви органларига 50 дан ортиқ сенатор сўрови юборилди.

Айтиш керакки, қўмиталар раис­лари йил якунига қадар режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз саволларига батафсил жавоб олишди.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.