16.08.2018

НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Президентимизнинг «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ва унинг ижроси юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар муҳокамаларнинг асосини ташкил этди.

Таъкидландики, қонунчилик таҳлили чуқур ўрганилган ҳолда норма, яъни қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш қонун ижодкорлигида муҳим масала ҳисобланиб, ушбу ҳужжат депутатларнинг амалий фаолияти билан узвий боғлиқдир. Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, қонунлар халқимиз ҳаётига, жамиятимизнинг барча соҳа тармоқларига чуқурроқ кириб бориб, мамлакатимиз тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Аммо амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўтган йиллар давомида шаклланган қонунчилик базасида мавжуд камчиликлар соҳалардаги ижтимоий муносабатларда яққол кўзга ташланиб қолмоқда.

Фракция аъзолари ана шулар ҳақида тўхталиб, фармоннинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида атрофлича сўз юритишди.



Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Тан олиш керакки, умумий тусга эга қонунлар кўплиги, уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз айрим қарорларнинг қабул қилиниши давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишга тўғри келмоқда.

Президентимиз фармони ушбу камчиликларни бартараф этиб, тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантиришга хизмат қилади. Унда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсади илгари сурилган.

Фармонга мувофиқ норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда. Жумладан, қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш назарда тутилган. Уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш ва бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳам қайд қилинган. Норма ижодкорлигида «ақлли тартибга солиш» модели белгиларини қўллаш, мазкур фаолиятнинг институционал асосларини такомиллаштириш ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Олий Мажлис палаталарига Ҳукумат билан биргаликда уч ой муддатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилиши белгилаб қўйилди. Мазкур комиссияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери раис этиб тайинланди. Комиссия бир ой муддатда қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказади. Бунда асосий эътибор аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи (сайлов тизими, архитектура ва қурилиш, таълим, инвестициялар, тадбиркорлик фаолияти ва бошқалар) меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш, идоравий ҳужжатларни имкон қадар қисқартиришга қаратилади. Умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмлари ҳам диққат марказида бўлади.



Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Тўғрисини айтганда, миллий қонунчилигимизга замонавий усулларни жорий этиш талаб этилади. Президентимиз фармони эса тизимдаги камчиликларни бартараф этишга, уни янгилашга хизмат қилади. Унга кўра, Адлия ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари зиммасига 2019 йил 1 январга қадар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини яратиш, синов тариқасида уни ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Ушбу вазирликлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш асносида, уни қайта модернизация қилади. Бунда миллий қонунчиликнинг мавзули маълумотномасини такомиллаштириш, ҳаволалар ёки муайян бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатиб берган ҳаволаки нормаларга эга бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни қўшимча ахборот сифатида кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, хорижий инвесторлар учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатларнинг чет тилларига расмий таржимасини таъминлаш каби вазифалар амалга оширилади.

Шу билан бирга, фармонда норма ижодкорлигини такомиллаштириш борасида яна бошқа вазирлик ва идораларга ҳам аниқ вазифалар юклатилди. Улар ижросини таъминлаш эса мамлакатимизда пухта ишланган, замон талабига тўлиқ жавоб берадиган қонун ижодкорлиги тизимини яратиш, шу аснода аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.



Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Мазкур фармоннинг қабул қилиниши, аввало қонун ҳужжатларининг мукаммал яратилишига, қонун ижодкорлигини янги босқичга чиқаришга, таҳлилларга таянган ҳолда амалиёт билан ижодиётни бирлаштиришга хизмат қилади. Ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга боғлиқ экан, унда аҳоли манфаатлари акс эттирилиши, ҳуқуқни қўллашда мураккабликлар юзага келмаслиги лозим.

Мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини ўрганиш, фармон билан тузилган норма ижодкорлиги комиссиясига яқиндан кўмаклашиш борасида фракциямиз аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб бориши керак, деб ўйлайман. Фракциянинг қонун ижодкорлигини янада ошириш борасида ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликни кучайтириш ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Фармон билан норма ижодкорлигида илмий-услубий ёндашувни, ахборот-таҳлилий тақдимотларни кучайтириш белгиланганлиги қонун лойиҳасини тайёрловчи субъектларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлайди. Фракциямиз мазкур фармон ўз вақтида қабул қилинган, деб ҳисоблайди. Уни қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиш тарафдоримиз.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.