21.08.2018

ДЎСТУ ҚАРДОШДИР АЗАЛДАН ЎЗБЕГИМ ТОЖИК БИЛАН

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шу асосда Самарқанд шаҳрида дастлабки бизнес-форум ҳам ташкил этилганди. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи ана шу келишувларни янада ривожлантириш имконини яратди. Мартабали меҳмон Президентимиз ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрида ҳам бўлди.



Абдулатиф ҲАЙДАРОВ, Ўзбекистон ХДП Самарқанд шаҳар кенгаши раиси:

Биламизки, бир дарёдан сув ичиб, қариндошлик ришталари билан боғланган ўзбек ва тожик халқлари ўртасида азалдан яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аслида икки халқнинг умумий тарихи, узвий маънавий қадриятлари бир. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифини мамлакатимизда, жумладан, Самарқандда яшаётган тожик миллати вакиллари ҳам катта қизиқиш билан кузатди. Негаки, бу ташриф икки давлат ўртасидаги азалий қўшничилик, биродарлик алоқаларини қайта тиклашга, ўртадаги савдо-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Тожикистон Прези­дентининг Самарқандда ­Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши унинг халқимизга эҳтироми, меҳр-оқибати ифодаси бўлди. Жойларда ўтказилган учрашувларда икки мамлакат раҳбарлари одамларни қизиқтираётган масалалар ҳақида фикр юритишди. Шу ўринда мен Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг аллақачон халқ­ларимизнинг севимли қўшиғига айланиб улгурган «Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан...» деб бошланувчи машҳур шеърини эсладим. Самарқанд­лик тожик дўстларимиз бу ашъорни ўз тилларида «Ёру бародар аз азал ўзбеку тожик...» дея куйлашади. Икки халқ ижодкорлари томонидан ҳали халқларимизни улуғловчи бундай асарлар кўплаб яратилади. Негаки, Ўзбекистон Президенти ­Шавкат Мирзиёев ва ­Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари туфайли икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкам боғланди, ижодкорларни илҳомлантирувчи, уларга ижодий куч бағишловчи соғлом муҳит юзага келди.



Шоира ХУДОЙҚУЛОВА, Самарқанд давлат тиббиёт институти биофизика кафедраси катта ўқитувчиси, ЎзХДП аъзоси:

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг ҳамкорликда бир эмас, иккита ГЭС қуриш ҳақидаги ташаббуслари ҳар икки давлатдаги, жумладан, Самарқанддаги икки миллат вакилларини қувонтириб юборди. Яна бу иншоотнинг бири Зарафшон дарёси ҳудудида бўлишини айтмайсизми? Дарёнинг Тожикистон ҳудудида барпо этиладиган 320 мегаватт қувватга эга бўладиган ГЭС лойиҳаси ҳақида Тожикис­тон Президентининг Ўзбекис­тон Президентига маълумот бергани бизни яна ҳам қувонтирди. Қуриладиган гидро электр станцияларидан ҳар икки мамлакат ўз иқтисодиётини ривожлантиришда фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтилди.

Имомали Раҳмон Ўзбекистонга ташрифи давомида ­Сарез кўлининг сувидан ҳам ҳамкорликда фойдаланишни таклиф қилди. Бу фикрлардан маълум бўладики, бундан буён Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасида сув ва электр муаммоси биргаликда ҳал этилади. Икки давлат, икки миллат ўртасидаги ҳақиқий дўстлик энди янгича қиёфа касб этади.



Комил САТТОРОВ, Булунғур туманидаги «Умрзоқ бобо» фермер хўжалиги раиси, ЎзХДП аъзоси:

Кўп йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайман. Эндиликда мева-сабзавот етиштириш билангина чекланиб қолмасдан, уни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйяпмиз. Юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида ишлаб чиқаришга илғор технологияларни татбиқ этаяпмиз. Айниқса, иссиқхонада маҳсулот етиштириш бозор барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришда энг самарали усул ҳисобланади.

Шу йилнинг кўкламида ­Самарқанд ва Тожикистоннинг Суғд вилоятларида ўтказилган форумда икки вилоят ўртасида 200 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланган эди. Жумладан, ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, текстиль, қурилиш материаллари, маиший хўжалик моллари ва бошқа товар хизматларни экспорт қилиш бўйича 87 шартнома тузилди. Бу биргина вилоят билан ўрнатилган ҳамкорлик натижаси. Мамлакатлар бўйича сўз юритсак янада йирикроқ рақамларга кўз тушади. Бугунги мулоқотлардан сўнг бу борадаги ишлар ҳажми ошади. Демак, мазкур ҳаракатлар ҳар икки мамлакат аҳолисининг фаровонлигига хизмат қилишини, кўплаб одамларнинг янги иш ўринларига эга бўлишини англатади.



Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.