11.09.2018

ШАҲРИСАБЗДАН ТАРАЛГАН МУМТОЗ НАВОЛАР

дунёнинг кўплаб мамлакатларига етиб борди

Самарқанднинг Тахтақорача довонидан Китоб ва Шаҳрисабз туманига ўтаётганда бепоён кенгликларда ястаниб ётган зумрад водий кўзга ташланади. Олис-олислардан най садоси қулоққа чалингандай бўлади. Кўнглинг ҳаприқиб, беихтиёр ўша томонга талпинасан...

Буюк саркарда Амир Темурнинг она юрти бўлмиш Шаҳрисабзда, соҳибқирон ҳайкали қад ростлаган Оқсарой майдонида бир ҳафта мобайнида янграган мумтоз наволар миллионлаб кўнгилларни забт этди, юракларга завқ-шавқ бағишлади. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган созанда-ю-хонандалар 1800 кишилик амфитеатрда ўз санъатларини намойиш қилдилар, турли тилларда мақом наволари ижро этилди.

Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик жараёнида Шаҳрисабз шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Анжуман ўтадиган Оқсарой майдони яшил майсазор билан қопланди, дарахт кўчатлари ўтқазилди. Махсус саҳналар, турфа анъана ва қадриятларимизни ифода этувчи ҳунармандлик расталари қад ростлади, туризмни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг Оқсарой қароргоҳи гарчанд асрлар силсиласи таъсирида бўлса-да, ундаги маҳобат ва улуғворлик меҳмонларни ҳайратга солди. Унинг атрофидаги яшил майдонда республикамизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келган санъат усталари, ҳаваскорлик дасталари, ҳунармандлар ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Меҳмонлар ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Дорус-саодат ва Дорут-тиловат мажмуалари, Кундузак масжиди, Абдушукур Оғалик мадрасаси, Чорсу бозори каби 20 дан ортиқ обидаларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

 Асрлардан асрларга, тиллардан-тилларга ўтиб келаётган мумтоз мусиқа оҳанглари барчани ўз сеҳрига олди. Анжуманда иштирок этган томошабинлар, хорижлик меҳмонлар мақомнинг илоҳий қудратини такрор ва такрор эътироф этишди.

Хорижлик меҳмонлар Оқсарой майдонида Ўзбекистоннинг тарихи ва маданиятини ифода этувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ҳунармандлар, миллий либослар кўргазмаси ва ярмаркаси, дорбозлар, фольклор жамоаларининг чиқишларини завқ-шавқ билан томоша қилдилар.

Анжуман доирасида «Мақом санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда хорижий давлатлардан мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Анжуманда 29 давлат вакиллари мақомнинг турли йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ўзбекистондан 4 жамоа танловда иштирок этди. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация («Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси» ва «Энг яхши яккахон хонанда») бўйича баҳоланди. Гран-при мукофоти учун 15 000, 1-ўрин 10 000, 2-ўрин 7 000, 3-ўрин 5 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган эди.

Бир ҳафта мобайнида санъатсевар мухлислар Афғонистоннинг «Сафар» гуруҳи, АҚШнинг «Шашмақом академияси» болалар мусиқий жамоаси, Ҳиндистоннинг Устад Иқбал, Dvali жамоалари, Озарбайжоннинг Саҳиб Пашшазаде раҳбарлигидаги «Mugham» ансамбли жамоаси, Жазоирнинг Djazira мусиқий жамоаси, Хитой Халқ Республикасидан яккахон ижрочи Гулзира Аблат, Тожикистондан яккахон ижрочи Сирожиддин Жўраев сингари кўплаб моҳир созанда ва соҳир овоз соҳибларининг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар.

— Мақомни эшитганимизда қалбимизда ажиб ҳислар уйғонади. Ундаги дард, оҳанг, ранг-баранглик руҳиятимизга сокинлик бахш этади, тинчлантиради, — дейди халқаро мақом санъати анжумани бош режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир ЙЎЛДОШЕВ. — Мусиқанинг таъсири, сеҳри ана шундай қудратга эга. Бугун ўндан ортиқ мамлакат ўз мақомига эга. Ҳиндистонда у «Рага», Покистонда «Кавалли», Эронда «Дастгоҳ», Жазоирда «Нуга», Озарбайжон ва арманларда «Муғом», араб ва уйғурларда «Мақом» деб аталади.

Шаҳрисабз халқаро форуми ана шу халқларнинг забардаст ижрочиларини бир масканда жамлади. Маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, бу анжуман санъатсевар халқларни мақом йўллари ва мумтоз намуналаридан янада кенгроқ баҳраманд этишда муҳим воқеа бўлди.

— Президентингиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бора ўтказилаётган бу халқаро анжуман турли тилларда сўзлашувчи халқларнинг маданиятлараро мулоқотини уюштирди ва мақом санъати тарғиботига хизмат қиляпти, — дейди Покистон Маданият вазирлиги вакили Муҳаммад Фурқан. — Оқшом чўкаётган пайтда атайлаб Шаҳрисабзни юқоридан туриб кузатдим. Биласизми, бунақа тароват, бунақа салобатни умрим бино бўлиб ҳеч қаерда кўрмаганман. Тўғриси, Шаҳрисабзга келиш, тарихий Оқсаройни кўришни орзу қилиб келардим. Ўзимни эртаклар шаҳрига тушиб қолгандек ҳис қилдим...

Шаҳрисабз шаҳрида очилган Мақом музейи ҳам анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Музей 5 бўлимдан иборат бўлиб, унинг экспозициясидан Тошкент-Фарғона, Бухоро-Самарқанд Шашмақоми, Хоразмнинг ўзига хос мақом мактабларининг мусиқа асбоблари, Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти ҳудудларидан топилган фактологик манбалар, этнографик экспонатлар жой олган. Ўша даврнинг мусиқа асбоблари, созлар, ноталар фотокўргазмалар ёрдамида тасвирланган.

Эрамиздан олдинги 1 асрларга мансуб Айритом фризи ва Шаҳрисабз ҳудудидаги Юмалоқтепа ёдгорлигидан топилган остадонлар ҳамда мусиқачи фаришталар акс этган терракоталарда мақом санъати намуналари ўз ифодасини топган. Шунингдек, музейда Ўзбекистон ҳудудларидан топилган ноёб археологик намуналар асосида мақом санъатининг келиб чиқиш тарихи ва эволюцияси кенг ёритилган.

— Оқсарой майдонида Халқаро мақом санъати форумининг тантанали очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини жуда катта ҳаяжон билан тингладик, — дейди Андижон вилоят Мақом маркази бадиий раҳбари Равшанбек Ҳожиқулов. — Давлатимиз раҳбари мақом санъати халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳини ифода этадиган бебаҳо маданий мерос сифатида юртимизда жуда эъзозланиши, уни асраш, чуқур ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш муқаддас бурчимиз эканини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам ёш авлод эстетик диди ҳамда тафаккурини бойитишда мақом санъатининг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги «Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида»ги қарорлари эса ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим ҳужжат бўлди.

Шу ўринда мақом тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўзбек мумтоз мусиқасида мақом жанри етакчи ўринни эгаллайди. Мақом жуда қадим замонларда Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа маданиятида мавжуд бўлган. У етук созанда ва хонандалар томонидан яратилган ва IX-X асрларда такомилига етиб, янги воситалар билан бойиган. Мақом мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ва шакл тузилишлари, усуллари ҳамда илмий ва амалий асослари пухта ишлангани билан фарқ қилади. Мақом — мусиқа, шеърият ва рақс санъатларини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий дурдонадир. Ўзбекистонда мақом асарларининг Бухоро «Шашмақом»и, «Хоразм мақомлари» ва «Фарғона—Тошкент мақом йўллари» туркумлари, шунингдек, унинг локал вариантлари — Тошкент ироғи, Қўқон ироғи, Самарқанд ушшоғи, Фарғона «Сурнай мақом йўллари», Хоразм «Дутор мақом туркуми», «Феруз» туркумлари мавжуд. Ушбу дурдоналарни тарғиб қилиш учун Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилди.

Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқда кенг тарқалган бу қадимий санъат жаҳон мусиқашуносларининг доимий эътиборида бўлган. Сабаби, бу ҳудудлардан етишиб чиққан Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз Шерозий каби буюк мутафаккирларнинг адабий меросини мақом санъатидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Жаҳон адабиёти ва санъатида муштарак ғоялар, умуминсоний қадриятларнинг шаклланишида мақомнинг ўрни беқиёс.

Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани санъатсевар халқларни миллий мусиқамизнинг бетакрор наволари, мумтоз мақом намуналаридан баҳраманд этди, айни чоғда биз бошқа халқлар мақом санъати дурдоналари билан яқиндан танишдик. Бу анжуман дунё халқларининг ўзига хос санъат байрамига айланди. Унинг шукуҳи узоқ вақт қалбимизда яшайди, бу ҳақда ҳали кўп фикрлар айтилади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Рашида ҲАСАНОВА,

Ўзбек миллий мақом санъати маркази Матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.