11.09.2018

САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Бугунги кунда мамлакатимизда сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш ҳамда энг юқори демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мувофиқ равишда ягона қонун қабул қилиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилганди. Шунингдек, соҳада қабул қилинган 6 қонун ва кўплаб қонуности ҳужжатлар ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганлиги танқид остига олиниб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги таъкидланган эди.

Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 22 январида «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга ошириладиган ишлар бўйича Давлат дастури тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан тасдиқланган Давлат дастурининг 2-бандида республикамизнинг амалдаги сайлов қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланганди. Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун мамлакатимиздаги етук ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар жалб этилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва Марказий сайлов комиссиясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда асосий субъект — сайлов комиссиялари ҳисобланади. Бундай комиссияларга ҳаққоний, адолатли демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришлари учун етарли имкониятлар яратиш вазифалари юклатилган. Сайлов кодекси лойиҳасида сайлов комиссияларининг самарали фаолият юритишлари учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди. Сайлов кодекси лойиҳасининг 2-бобида сайлов комиссияларининг тизими, уларнинг ваколатлари ва вазифалари кенг ёритиб берилган.

Амалдаги сайлов қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларининг шаклланиши, уларнинг фаолиятини амалга ошириш бўйича ваколатлари бир нечта қонунларда эътироф этилган. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун, шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларда сайлов комиссиялари фаолиятига оид бир нечта мазмунан такрорланувчи моддалар мавжуд.

Бундан ташқари, мазкур қонунларда сайлов округлари ва сайлов участкаларини тузиш тартиблари ва муддатлари ҳам мазмунан такрорланади. Шу сабабли Сайлов кодекси лойиҳасида мазкур нормалар унификациялаштирилиб, бир-бирини такрорловчи моддаларга барҳам берилмоқда.

Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайлов Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссияси ва участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов эса вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси, халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ҳамда участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ушбу тизимга мувофиқ участка сайлов комиссияси сайловчилар билан бевосита ишловчи ва овоз беришни ташкил этувчи орган сифатида муҳим ўрин тутиб, ўзига хос асосий бўғин ҳисобланади.

Сайлов кодекси лойиҳасида участка сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, овоз бериш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги қоидалар киритилмоқда. Масалан, аввал овоз бериш биносига қўйиладиган талаблар, участка сайлов комиссиялари амалга ошириши лозим бўлган вазифаларнинг аксарияти Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан белгиланган. Эндиликда участка сайлов комиссиялари ва овоз бериш биноларини тегишли тартибда жиҳозлаш, расмийлаштириш талаблари, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг овоз бергунга қадар, овоз бериш вақтида ва овоз бериш якунлангандан кейинги хатти-ҳаракатларини қонун нормалари билан мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.

Юқорида қайд этилган янги нормаларнинг Сайлов кодекси лойиҳасига киритилиши сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиради.

 

Фарҳод НАСРИДДИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти умумий бўлим мудири.



DB query error.
Please try later.