11.09.2018

«НОМИГА ИШЛАЁТГАН ШИФОХОНА КИМГА ВА НИМАГА КЕРАК?»

Газетамизнинг жорий йил 12 июль сонида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий мақола чоп этилган эди. Унда Тошкент туманида 206 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётгани ва шунча аҳолига «Захариқ» МФЙ шифокорлар кўчаси, 1-уйда жойлашган биргина шифохона хизмат кўрсатаётгани, шифохонадаги шошилинч тиббий ёрдам, жонлантириш, даволаш, неврология, травматология, болалар бўлимларида шароит талабга жавоб бермаслиги, шунингдек, мебель жиҳозлари, тиббий асбоб-ускуналар етишмаслиги, уч қаватли тиббиёт масканида лифт умуман ишламаслиги масаласи кўтарилганди.

Ушбу танқидий мақолага келган жавоб хатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг жавоби:

Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси... 1979 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. Туман тиббиёт бирлашмасини Зангиота туман тиббиёт бирлашмасидан ажратиб олиш мақсадида, туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан қурилиш материаллари олиб берилди ва тиббиёт ходимлари томонидан таъмирлаб, 2018 йил 23 февралда ишга туширилди.

Туман шифохонаси ўринлари сони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги «Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПК-700 сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги 48-сонли қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 апрелдаги 95-сонли қарорига асосан жами 300 ўрин белгиланган, улардан 30 ўрни ШТТЁБ, 60 ўрни ички касалликлар, 30 ўрни болалар бўлими, 20 ўрин режали жарроҳлик бўлими, 110 ўрин туғруқ бўлими, 50 ўрин ўзини-ўзи аралаш молиялаштириш бўлими ташкил этилган.

Марказий шифохона туман марказидан 9-10 км. масофада жойлашган бўлиб, бугунги кунда туман марказида барча қулайликларга эга бўлган 205 ўринга мўлжалланган туман тиббиёт бирлашмаси биноси қурилиши бошланган. Мазкур қурилиш 3 йилга мўлжалланган бўлиб, собиқ Зангиота туман маиший хизмат кўрсатиш коллежи негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3507-сонли қарорига асосан 2018 йил 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, биринчи босқичи қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам шифохонага юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар учун эҳтиёж мавжуд бўлиб, шу муносабат билан мебель жиҳозлари сўраб 2018 йил 8 январда 12-сонли, 2018 йил 19 апрелдаги 367-сонли, 2018 йил 30 апрелдаги 402-сонли, 2018 йил 29 майдаги 507-сонли хатлар билан туман ҳокимлигига мурожаат қилинган. ВССБсига 2018 йил 17 январдаги 76\1 хат билан Зангиота туман тиббиёт бирлашмасидан зарур мебель жиҳозларни ажратиб бериш мақсадида 2018 йил 30 апрелда 402-сонли хат билан мурожаат қилинган.

«Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмалари жиҳозланган вақтда Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, Зангиота туман тиббиёт бирлашмаси жиҳозланган. Тиббий асбоб-ускуналар етишмаслигидан ВССБсининг «Саломатлик-3» бюросига 2018 йил 10 январдаги 25-сонли хат билан мурожаат қилинган.

Шифохонада марказлашган кислород ташкил этилган ва бемор ҳамда тиббиёт ходимларига зиён етказмайдиган ҳолатда бино ташқарисида жойлаштирилган, лекин кислород ўтказгичлари эскирганлиги сабабли барча бўлимларга тақсимланмаган.

Бирлашма ва унинг бўлимлари учун тиббиёт бирлашмасининг дори-дармонлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан жами 10045,0 (ўн миллион 45 минг сўмлик) кўп маротабалик ҳамда бир маротаба ишлатиладиган хирургик анжомлар олиб берилган. ВССБнинг «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида 2018 йил 20 февралда замонавий лаборатор асбоб-ускуналар 5658,658 (беш миллион 897 сўмлик), кўп маротабалик бикс ва жарроҳлик асбоблари 1594,394 (бир миллион беш юз тўқсон тўрт минг 393 сўм) берилган, жами 13150,949 сўмлик (ўн уч миллион бир юз эллик минг тўққиз юз қирқ тўққиз сўм) жиҳозлар олинган. 2018 йил 29 майда туман ҳокимлигига ҳамда ВССБга 504-сонли хатлар билан мурожаат қилинган.

Ҳақиқатан ҳам шифохонадаги рентген аппаратининг ишлатилаётганига 39 йил бўлган, лекин аппарат ишчи ҳолатида, беморларга хизмат қилиб келмоқда.

Бошқарма бошлиғи, т.ф.д Т.С.Арзиқулов

* * *

Тошкент вилояти, Тошкент туман прокуратураси жавоби:

Аниқланишича, туман шифохонаси 1979 йилда қурилган бўлиб, 136 ўринга мўлжалланган, жами 156 тиббиёт ходими фаолият юритиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 17 июлдаги ПҚ-3137-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек, давлат тиббиёт ташкилотларига ва аҳолига ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини узлуксиз етказиб бериш ҳақидаги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тиббиёт ташкилотларини ва республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир долзарб чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 13 сентябрдаги 717-сон қарори ижроси, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни ва Санитария қоидалари ва меъёрлари 0342-17 ижросига тўлиқ риоя этмаётганлиги кўрилди.

Мақолада кўрсатиб ўтилган тиббиёт муассасасида беморлар учун мебель жиҳозлари ва тиббиёт асбоб ускуналари етишмаслиги, беморлар юқориги қаватларга кўтарилиши учун лифт ишламаётганлиги аниқланди.

Шифохона 3 қаватли... бинода жойлашган бўлиб, бино ташқи фасад қисмлари, шифохона атрофи тўлиқ ўралиб, деворининг баъзи жойларидаги ғиштлари олинган, таъмирталаб ҳолатда, ҳудуди қисман ободонлаштирилган, дарахтларга тўлиқ шакл берилмаган, бегона ўтлардан тозаланмаганлиги, ташқи ҳожатхона таъмирталаб ҳолатда, эшиклари носоз ҳолатдалиги кўрилди.

Сув таъминоти марказлашган, лекин тўғридан-тўғри шифохона бўлимларига узатилмай, шифохона ҳудудига сиғимдан қувурлар орқали тарқатилиши, чиқиндиларни йиғиш учун махсус жой ажратилган, цемент ғишт (шлакоблок) билан ўралган, чиқинди йиғиш учун махсус контейнерлар ажратилмаганлиги, Клиник — ташкилот лабораториясида умумий ҳаво тортувчи шкаф ишламаслиги, ветошлар учун дез.модданинг охирги санаси 03.05.2018 йил, шунингдек, дез.эритманинг фоизи кўрсатилмаган.

Шифохонанинг реанимация бўлимида беморлар учун зарур бўлган кислород етказиб бериш ускунаси йўқлиги, шу билан бирга жарроҳлик операциялари ўтказилишида ҳам зарур инстурментлар етишмаслиги, жонлантириш бўлимида беморлар учун мўлжалланган 16 функционал кроватлардан 6 таси мавжуд. Операция учун зарур инструментлар етишмаслиги натижасида беморлар муолажани кутиб қолишига сабаб бўлмоқда. Шу каби ўпкага сунъий нафас берувчи ИВД аппарати 2 дона бўлиб, аслида 4 дона бўлиши лозим. Оғир беморларни даволаш учун мутахассислар (анестизиолог ва реаниматолог) етишмаслиги аниқланди. Шу билан бирга беморлар дори воситалари билан тўлиқ таъминланмаган.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун туман шифохонаси бош шифокори томонидан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам мурожаат этилган.

Туман шифохонаси бош шифокори Б.Шорахмедов 2018 йил 25 июлдан лавозимидан озод этилган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш ҳақида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари номига тақдимнома юборилди.

Тошкент туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Э.Қ.Саноқулов.

 

 

Таҳририятдан:

Шифохонанинг реанимация бўлимида кислород етказиб бериш ускунаси йўқ. Жарроҳлик операциялари учун зарур бўлган инструментлар етишмайди. Жонлантириш бўлимида бўлиши талаб этилган 16 функционал кроватдан 6 таси мавжуд. Ўпкага сунъий нафас берувчи ИВД аппарати 2 дона, аслида 4 дона бўлиши керак...

Икки жавобда масалага ёндашувларда фарқланиш кўриниб турибди. Бирида муаммоларга юмшоқроқ, иккинчисида чуқурроқ муносабат сезилиб турибди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг жавобида шундай дейилади: Бирлашма ва унинг бўлимлари учун тиббиёт бирлашмасининг дори-дармонлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан жами 10045,0 (ўн миллион 45 минг сўмлик) кўп мароталик ҳамда бир маротаба ишлатиладиган хирургик анжомлар олиб берилган. ВССБнинг «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида 2018 йил 20 февралда замонавий лаборатор асбоб-ускуналар 5658,658 (беш миллион 897 сўмлик), кўп маротабалик бикс ва жарроҳлик асбоблари 1594,394 (бир миллион беш юз тўқсон тўрт минг 393 сўм) берилган, жами 13150,949 сўмлик (ўн уч миллион бир юз эллик минг тўққиз юз қирқ тўққиз сўм) жиҳозлар олинган.

Кишини бироз ўйлатадиган ёки чалғитадиган ҳолат юзага келяпти. Чунки мақола жорий йил 12 июль санасида чоп этилган, бошқарма жавоб хатида 2018 йилнинг февраль ойида ажратилган маблағлар санаб ўтилган. Агар бу маблағ ҳақиқатан келиб тушганда ёки етарли бўлганда, шифохона ходимлари куйиниб тиббиёт жиҳозлари ва асбоб ускуналар, дори-дармонлар етишмаслиги тўғрисида гапирмаган бўлар эди-ку.

Энди туман прокуратураси жавобига эътибор қаратайлик: Шифохонанинг реанимация бўлимида беморлар учун зарур бўлган кислород етказиб бериш ускунаси йўқлиги, шу билан бирга жарроҳлик операциялари ўтказилишида ҳам зарур инструментлар етишмаслиги, жонлантириш бўлимида беморлар учун мўлжалланган 16 функционал кроватдан 6 таси мавжуд. Операция учун зарур инструментлар етишмаслиги натижасида беморлар муолажани кутиб қолишига сабаб бўлмоқда. Шу каби ўпкага сунъий нафас берувчи ИВД аппарати 2 дона бўлиб, аслида 4 дона бўлиши лозим. Оғир беморларни даволаш учун мутахассислар (анестизиолог ва реаниматолог) етишмаслиги аниқланди. Шу билан бирга беморлар дори воситалари билан тўлиқ таъминланмаган...

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси камчиликларга муросасозлик қилаётганга ўхшайди. Аслида аччиқ бўлса-да, муаммолар очиқ тан олиниб, уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида фикр юритилиши лозим эди. Биз ушбу тумандаги фуқароларнинг ташвишларини ўрганиб, уларнинг манфаатини кўзлаб, мақола тайёрлаган эдик. Муаммо борлигини инкор этиб бўлмайди. Лекин қачон муаммо ўз ечимини топади? Мутасаддилар беморларга ачинса, ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб кўришса, тезроқ ҳаракат қилишади, деб ўйлаймиз.



DB query error.
Please try later.