Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
06.09.2018

ЯШАШ ҲУҚУҚИ БАРЧА УЧУН ТЕНГ ШАРОИТ ЯРАТИЛИШИНИ ТАҚОЗО ЭТАДИ

Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши Кўзи ожизлар ҳамда Ногиронлар жамиятлари билан ҳамкорликда йиғилиш ўтказди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш, жойлардаги камчиликларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.

— Партиямиз фаоллари ҳамда депутатлар билан биргаликда яқинда ўтказилган ўрганишлар давомида ногиронлиги бўлган шахсларни ташвишга солаётган муаммолар кўп эканига гувоҳ бўлдик, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрожиддин ДАРХОНОВ. — Хусусан, таълим тизимида ечимини кутаётган масалалар талайгина. Масалан, Тошкент вилояти бўйича жами 2 мингга яқин кўзи ожиз ҳамда 500 дан ортиқ кар ва соқов бор. Кўзи ожизлардан 743 нафари, кар-соқовларнинг 198 нафари 30 ёшгача бўлганлардир. Уларнинг таълим олиши, бандлиги масаласида йиллар мобайнида муаммолар йиғилиб қолган. Кўзи ожиз, кар ва соқов инсонлар учун вилоятнинг Олмалиқ шаҳрида битта 700 ўринга мўлжалланган махсус мактаб-интернат мавжуд. У ерда дарсликлар, ўқув қўлланмалари етишмайди. Брайль ёзуви учун мўлжалланган мосламалар ҳам жуда кам. Борлари эса эскирган.

Таҳлиллар асосида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партия гуруҳлари томонидан ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, кўзи ожизлар, кар ва соқовлар ижтимоий ҳимоясига қаратилган 15 масала партия гуруҳларида ва 8 масала доимий комиссияларда муҳокама қилинди. Сессияларда 8 масала кўриб чиқилди.

— Мамлакатда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда, — деди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси ­Комилжон АБДУЛЛАЕВ.— Аммо кўпчилик жисмоний имконияти чекланган шахслар кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келиб, бу уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ­ҳаётида фаол иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам муаммолар бор.

Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун аравачалар, қўлтиқ таёқ ва бошқа ускуналар, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари чет элдан олиб келинади. Бу эса нарх-навонинг қимматлиги, маҳсулот етишмаслигининг асосий сабабидир. Ногиронлиги бўлган шахслар учун хориждан келтирилаётган ускуналар ёки маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман. Масалан, заиф эшитувчилар учун импоплатант мосламаси АҚШ, Германия, Хитой давлатларидан сотиб олинмоқда. Агар инвестиция жалб қилинса, хорижий сармоядорлар билан тажриба алмашилса, мамлакатимизда ҳам бу каби мосламаларни ишлаб чиқариш мумкин.

— Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётида иштирокининг муҳим омилларидан бири уларнинг умумий саводхонлиги ҳисобланади,— деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлими мудири Боймурод ­ЮСУПОВ. — Бироқ, қатор сабабларга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятига эга бўлмаган. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар киритилди. Мазкур квоталар бўйича фақатгина ногиронлиги бўлган шахслар таълим олади, бу уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиради.

Бироқ, олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ногиронлиги бўлган ёшлар учун шарт-шароитлар тўлиқ таъминланди, деб айта олмаймиз. Сурдо таржимонлар, брайль алифбосидаги адабиёт ва ўқув қўлланмалар талаб даражасида эмас. Бинолар ҳам тўлиқ мослаштирилмади. Лекин яқин келажакда мазкур масалалар ҳам босқичма-босқич ўз ечимини топади.

— Кар-соқовларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш билан 20 йилдан буён шуғулланиб келаман, — деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошидаги имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази раҳбари Раъно ШОДИЕВА. — Афсуски, ўтган йиллар мобайнида ушбу қатлам жамият ҳаётидан узилиб қолган эди. Боиси, улар учун республика миқёсида махсус мактаб-интернатлари кам, ўқув қўлланмалари деярли йўқ. Уларнинг бирортаси қарийб 30 йилдирки, олий таълим муассасасида таҳсил олмаган. Натижада тизимда тегишли кадрлар етарли эмас, борлари эса нафақа ёшига етиб қолган.

Жорий йилдан бошлаб берилаётган имтиёзлар эшитиш ва гапириш имконияти чекланган минг­лаб ёшларнинг орзуларини рўёбга чиқаради. Чунки улар орасида ноёб иқтидор эгалари кўплаб топилади.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги фармонида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шароит, улар учун ҳамма қатори ўз ҳуқуқларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланиш имконини берувчи барча йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб берилган. Масалан, ногиронликни белгилаш мезонларини қайта кўриб чиқиш, янги услубга кўчириш, уларни тиббий кўрикдан ўтказишда замонавий усуллардан фойдаланиш масалалари қамраб олинган. Бундан ташқари, турли даражадаги коррупциянинг олдини олиш мақсадида ногиронликни белгилаш бўйича тиббий экспертизанинг шаффофлигини таъминлаш ҳам назарда тутилган. Яна бир муҳим жиҳати, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор, касаллик аниқ кўриниб турган ҳолатларда қайта-қайта текширувларни камайтириш, соддалаштириш билан боғлиқ талаблар ҳам фармондан ўрин олган.

Бироқ, орадан қарийб бир йилга яқин вақт ўтса-да, мазкур масалалар ҳаётга татбиқ қилингани йўқ. Одамларнинг норозиликлари, оворагарчиликларига барҳам берилмагани ҳам айни ҳақиқат. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳануз эски тизимда қайта-қайта кўрикдан ўтказилмоқда. Ваҳоланки, ўзи нафақага кун кечирадиган одам учун қўшимча маблағ сарфлаб, тиббий кўрикдан ўтиш оғирлик қилади. Чунки ТМЭК талаб қиладиган айрим текширувлар анча қиммат. Айтайлик, давлат муассасаларида МРТ текшируви бўлмаслиги мумкин.

Бошида ўсимтаси бор, тутқаноқ ёки бошқа бирор-бир онкологик касалликка чалинган беморлар ҳам ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши керак. Бемор, яъни ногиронлиги бўлган шахс бунинг учун 100-150 минг сўм, баъзан ундан ҳам кўп маблағ сарфлайди. Ёки ампутантлар деймиз, яъни қўл ёхуд оёғи йўқ шахслар бор. Ахир уларнинг оёқ-қўли ўсиб чиқмайди-ку. Шунда ҳам улар оёғи йўқлигини исбот қилиб бериши керак. Қайта текширувлар эса уларга руҳий жиҳатдан таъсир қилади.

Шу кунларда бир масала билан шуғулланяпман. Тошкент шаҳри Учтепа туманида истиқомат қилувчи 1973 йилда туғилган Машҳура Ҳасанованинг мурожаати ечимсиз қолмоқда. Аслида у олима аёл. Тарих фанлари номзоди, доцент. Афсуски, 2015 йилда ўсма касаллиги бўйича унга ногиронлик белгиланган. 2017 йилнинг декабригача 2-гуруҳ ногиронлиги нафақасини олган. Қайта кўрикдан ўтказиш вақтида уни 3-гуруҳ ногиронлигига тушириб қўйишган. Ваҳоланки, аёлда нутқ бузилиши бор, тутқаноқ хуружлари бўлиб туради. Ўзим кўрдим, тиббий маълумотномага асосий иши билан шуғулланиши мумкин, деб ёзиб қўйилган. Ўйлаб кўрайлик, таълим муассасасида қандай қилиб дарс ўтиши мумкин?

Мутасаддиларга оғзаки мурожаат қилганимда, қайта даволаниб, хасталик расмий тасдиқланса, 2-гуруҳ ногиронлигига ўтказишга ваъда беришди. Аёл июль ойида даволаниб чиқди. Бироқ, расмий тасдиқланган бўлишига қарамай, унга 2-гуруҳ ногиронлиги беришдан бош тортишган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдим. Лекин ҳали натижасини билмайман. Бу биргина мисол. Бунақанги ҳолатларни кўплаб ва ҳар бир ҳудуддан келтириш мумкин.

Қўшма йиғилишда партия гуруҳлари, вилоят кўзи ожиз ва ногиронлар жамиятлари томонидан тизимдаги камчиликлар ечими юзасидан таклифлар билдирилди. Таъкидландики, аксарият ногиронлар фақат пенсия ва нафақа маблағлари ҳисобидан кун кечираётгани боис, коммунал тўловлар, транспорт харажатларида имтиёз ва енгилликларга зарурат сезишади. Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари учун имтиёз ва чегирмалар кенгайтирилса, яхши бўларди, деган таклиф билдирилди. Спорт иншоотларини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш ҳам долзарб масала. Кўзи ожизлар мактаб-интернатларида болалар спортини ривожлантириш мақсадида мураббийлар ажратиш, мусобақалар кўламини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда кўтарилган масалаларни халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг доимий комиссияси ва сессияси кун тартибига киритиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.