04.09.2018

«УЙ ЭМАС, ҒУРБАТ СОТИБ ОЛДИМ»

Газетамизнинг жорий йил 3 июль сонида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий мақола чоп этилган эди. Унда «DESERT OAZIS» МЧЖ томонидан Урганч шаҳри «Ёшлик» массиви, Ғалаба кўчасидаги 9 ва 10-кўп қаватли уйлар сифатсиз қурилгани, бу уйлардан квартира сотиб олган фуқаролар норозилиги баён этилганди. Қурувчилар шартнома талабларини тўлиқ бажармаганлиги, ҳатто уйлар деворлари пишиқ ғишт билан сифатли қурилиши ўрнига ғишт синиқлари, цемент парчалари ва турли қурилиш чиқиндилари билан аралаштириб қурилгани таъкидланганди.

Ушбу танқидий мақолага келган жавоб хатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги жавоби:

«DESERT OAZIS» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон—Швейцария қўшма корхонаси томонидан «Ёшлик» массиви, Ғалаба кўчасида қурилган 9 ва 10 сонли турар-жой бинолари қурилишида камчиликларга йўл қўйилган бўлиб, ушбу объектлар Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг бўлим мудири Александр Гусаров томонидан визуал ва инструментал усулда техник текширувдан ўтказилганда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан буюртмачи ва бош пудратчи бўлган «DESERT OAZIS» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон—Швейцария қўшма корхонаси томонидан бинони зўрайтириш(усиление) бўйича «Меъмор» хусусий корхонаси билан шартнома расмийлаштирилиб, лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва зўрайтириш ишлари амалга оширилган.

...«DESERT OAZIS» МЧЖнинг маблағлари етарлича бўлмаганлиги сабабли зўрайтириш ишлари охиригача етказилмаган.

Хоразм вилояти қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси томонидан биноларнинг мустаҳкамлигини зўрайтириш ишлари охиригача етказилмаганлиги тўғрисида Хоразм вилояти ҳокимлигига хат билан мурожаат қилинган.

Ушбу ишларни ниҳоясига етказиш бўйича вазирлик томонидан Хоразм вилояти қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясига топшириқ берилди.

Биноларнинг мустаҳкамлигини зўрайтириш ишлари якунланиши билан қўшимча маълумот тақдим қилинишини маълум қиламиз.

Вазир ўринбосари К.Туляганов

 

Хоразм вилояти прокуратураси жавоби:

...Аниқланишича, «DESERT OAZIS» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон—Швейцария қўшма корхонаси томонидан Урганч шаҳар, Ғалаба кўчасида қурилган 4 қаватли 16 ва 32 хонадонли 9 ва 10-уйларда қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилганлиги учун жамият раҳбари М. Утаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 192/11-моддаси 2-қисм «а» банди, 227-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари ҳамда 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли, деб топилган.

Шунингдек, фуқаро У.Абдураимова- нинг муқаддам йўллаган мурожаатлари юзасидан 2016 йилда Самарқанд шаҳрида жойлашган «СВП МАСКАН» МЧЖ томонидан ўтказилган инструментал ўрганишлар ва назарий ҳисоб-китоблар натижаларига асосан турар-жой биноларининг мустаҳкамлиги 8 баллга зилзилабардошлилиги таъминланганлиги, шунингдек, «Тошуй-жой ЛИТИ» мутахассислари томонидан ўрганилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида мазкур уйда сифатсиз бажарилган ишлар қайта таъмирланиб, бартараф қилинган ва фуқароларга хавфсиз яшаш шароити яратилганлиги ҳақидаги хулосага келинган.

Бироқ, мурожаатни кўриб чиқиш давомида Урганч шаҳар Ғалаба кўчасида жойлашган кўп қаватли 9 ва 10-уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг қулай ва хавфсиз яшаш шароитини яратиш мақсадида яшаш учун яроқли ёки яроқсизлиги, зилзила бардошлилиги, агар яроқсиз бўлса, ушбу ҳолатни бартараф қилиш имконияти мавжудлигини аниқлаш мақсадида мутахассис ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири номига хат юборилиб, мутахассис ажратилган.

Мутахассислар томонидан юқорида қайд қилинган уйларнинг техник ҳолати ўрганилиб, қуйидагича хулоса қилинган.

Жумладан, «DESERT OAZIS» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон—Швейцария қўшма корхонаси томонидан муқаддам лойиҳа ташкилоти томонидан бинони зўрайтириш бўйича тақдим қилинган ишчи лойиҳа талабларига асосан бинонинг ичи 380мм. деворларини зўрайтириш ишларини давом қилдириб, якунлаш тавсия қилингани боис, бинони бузишга зарурат йўқлиги билдирилган.

Бу юзасидан вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси томонидан юқоридаги қайд қилинган талабларни бажариш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш чоралари кўриш юзасидан корхонага хат юборилган.

Юқорида кўрсатилган ҳолатларни корхона томонидан бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги туфайли Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан 08.08.2018 йилда «DESERT OAZIS» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон—Швейцария қўшма корхонаси зиммасига ушбу турар жойларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, бинонинг пойдеворлари ва деворларини зўрайтириш чоралари кўриш юзасидан мажбуриятни юклаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво аризаси киритилиши таъминланди.

Вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси О.Ж.Паянов.

 

Таҳририятдан:

Аввало, танқидий мақолага холис муносабатда бўлиб, масалага масъулият билан ёндашгани учун Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги, Хоразм вилояти прокуратураси раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.

Аммо Хоразм вилояти прокуратураси хатида кўрсатиб ўтилган Самарқанд шаҳрида жойлашган, «СВП Маскан» МЧЖ, «Тошуй-жой ЛиТи» мутахассислари фуқаролар шикоятига юзаки қараб хулоса бермаганида, шунчалик оворагарчиликка йўл қўйилмаган бўларди. Одамлар шартномада кўрсатилган пулни тўлаб, умид билан уй олаяпти. Аммо қурувчи ташкилот шартномани ҳалол бажармаяпти. Уй деворлари устидан сувоқларни кўчириб кўрган одам бунга ишонч ҳосил қилади. Афсуски, «СВП Маскан» МЧЖ ва «Тошуй-жой ЛиТи» мутахассислари буни кўрмагани ёки кўра-била туриб кўз юмгани кишини ажаблантиради. Эҳтимол, улар қурувчиларга раҳм-шафқат қилгиси келгандир? Савол туғилади:

Нега пул тўлаб, куйиб юрган фуқароларга эмас, одамлар пулини олишга олиб, шартномани бажармаган қурувчиларга ён босгандай бўлишяпти?

Бунинг бизга қоронғу бошқа сабаблари бўлиши мумкин, деган хаёлга борасан киши.

Талаб ҳаммага битта: Ҳар икки томон шартнома шартларини бажариши шарт. Бажармаса, қонун кучи билан мажбур қилиш керак. Бу масалаларга эътиборсиз қараш адолатсизликларга олиб келади. Бундан одатда оддий одамлар жабр кўради. Мамлакатимиздаги бугунги сиёсат эса бунга мутлақо йўл қўймайди.



DB query error.
Please try later.