Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
30.08.2018

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯДРО ЭНЕРГЕТИКАСИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Мамлакатимиз Президентининг энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳамда атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва фармони иқтисодиётимиз ривожида янги босқични бошлаб беради.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бугун ҳаётимизни, тараққиётимизни энергия таъминотисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Мамлакатнинг иқтисодий негизини белгилаб берувчи юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари, заводлар, фабрикалар ва саноат объектларининг тўлиқ қувват билан ишлаши, аҳолининг уй-жой, кундалик ҳаёти учун зарур шарт-шароит яратиш электр энергияси билан боғлиқ. Ўз навбатида, бу эҳтиёжларни қондиришнинг энг мақбул йўли – мамлакатимизда атом электр станциясини қуришдан иборат.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда 55 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу энергия 10 иссиқлик электр ва 30 гидроэлектр станцияларида (ГЭС) ҳосил қилинмоқда. Яна ҳам аниқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг бир қисми ГЭСлар, қолган қисми иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келмоқда. Айтиш жоизки, мана шу миқдор ҳам мамлакатимизда энергияга бўлган эҳтиёжнинг, агар бу эҳтиёж салкам 70 миллиард КВт/соатни ташкил этишини назарда тутсак, 75-80 фоизини қондира оляпти холос.

Демак, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80-90 фоизини иссиқлик электр станция­ларида ҳосил қилинаётгани ойдинлашади. Бу эса иссиқлик электростанцияларида ҳар йили тахминан 17 миллиард куб метр табиий газ, 90 минг тоннага яқин нефть маҳсулотлари, 2,5 миллион тонна кўмир сарфланади, деган гап. Бу рақамларни айтиш осон, аммо ёқилғиларнинг ёниши туфайли табиатга, атмосферага жуда катта миқдорда С ёки бош­қа заҳарли газлар тарқалаётганлигини, бу эса атроф-муҳит экологиясига, қолаверса, инсонлар саломатлигига, биосферада ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ривожланишига қанчалик зарар етказилаётганлигини ҳисоблаш қийин эмас.

Бундан ташқари, электр энергиясини нефть, газ ва кўмир ҳисобидан ҳосил қилиш имконияти ҳам чегараланган – ёқилғи захираларининг тугаш эҳтимоли бор.

Аҳоли сони арифметик прогрессия йўли билан ўсиб бормоқда, республикамиз аҳолисининг сони бугун 32 миллион кишидан ортиб кетди. Бундай ша­роитда аҳолини мунтазам электр энергияси билан таъминлаш борасидаги муаммога оқилона ечим топишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Хўш, атом электр станциясининг аҳамиятли жиҳати нимада, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Тушунарли бўлиши учун, дунёда ривожланган мамлакатларнинг барчаси атом қувватидан оқилона фойдаланиб келаётганини айтишнинг ўзи кифоя.

 Республикамизда АЭС қурилиши Россия федерациясининг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши мўлжалланган бўлиб, агар мамлакатимизда атом энергиясидан тўлиқ фойдаланишга ўтилса, биринчидан, энергиянинг муайян бир қисмини экспорт қилиш имконияти туғилади, иккинчидан ҳар йили ўртача 17 миллиард куб метр табиий газ ёки нефть ва кўмир маҳсулотлари тежалиб, табиий газ ёнишидан ҳосил бўлган миллионлаб тоннадан ортиқ заҳарли газлар атроф-муҳитга тушмайди, ёки аксинча, ўн минглаб хонадонларда газ таъминоти яхшиланади. Бу ёқилғи нархи жаҳон бозоридаги нархга тенглаштирилса, мамлакат бюджетида ҳам қанча маблағ иқтисод қилинишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Агар атом энергиясининг таннархи иссиқлик электростанция­ларида ҳосил қилинаётган электр энергияси таннархидан камида 7-8 марта паст эканлиги ҳисобга олинса, атом энергиясининг қанчалик кони фойда экани маълум бўлади. Бундан ташқари, АЭС ишга тушгандан ке­йин бир неча мингдан ортиқроқ малакали мутахассислар доимий иш билан таъминланади.

Яна бир муҳим томони – АЭСларда хавфсизлик масаласи ҳамда келгусида бундай нуфузли ва масъулиятли корхонада ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш масаласидир.

 Бу борада Самарқанд давлат университетида бир қатор ишлар режали тарзда амалга оширилмоқда: ядро физикаси кафедрасида атроф-муҳит радиацион ҳолатини ўрганиш борасида «Физикавий экология», «Амалий ядро физикаси ва ядро энергетикаси» каби фанлар ўқув режасига киритилиб, тегишли фанлар бўйича ўқув дастурлари ҳам яратилди. Шунингдек, физикавий экология соҳасида магистр мутахассислар тайёрланмоқда.

Яқинда кафедра битирувчиларидан 2 нафари Москва физика муҳандислик институтининг «Ядро энергетикаси» ва «Ядро физикаси ва технологиялари» мутахассисликлари бўйича ўтказилган танловда муваффақиятли қатнашиб, грант асосида магистратурада ўқиш имкониятига эга бўлди. Факультетнинг 4 нафар битирувчиси Санк-Петербург муҳандислик-техника институтига бюджет асосида магистратурага қабул қилинди. 2018 йил апрель-май ойларида кафедранинг 2 нафар ёш ўқитувчиси Москва давлат университети ядро технологиялари лабораториясида ва Бирлашган ядро тадқиқотлари инс­титути (БЯТИ)да малака оширди.

Бу йўналишда келгусида ҳам ҳамкорлик қилиш истиқболлари келишиб олинди. Факультетнинг энг иқтидорли талабалари орасидан Ядро физикаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларига лаёқати бўлган йигит-қизларни саралаш ишлари ҳам олиб борилмоқда ва келгусида уларни магистратура орқали юқори малакали мутахассислар қилиб тарбиялаш режалаштирилган.

Мамлакатимизда экологик тоза ва арзон электр энергиясини ҳосил қилиш ва бу орқали электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўла қондириш давр талаби ва бу соҳада ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида иш олиб бориш аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Рашид ЭШБЎРИЕВ,

Самарқанд давлат университети ядро физикаси кафедраси мудири, доцент.



DB query error.
Please try later.