28.08.2018

ЭЗГУ-НИЯТЛАР ИЖОБАТИ

Кейинги пайтларда шиддат билан ривожланаётган ватанимиз сарҳадларида амалга оширилаётган улкан ­бунёдкорлик ишлари, барпо этилаётган боғу роғлар кишини ҳайратлантиради, юракларни тўлқинлантиради.

Кейинги пайтда янги қурилаётган кўп қаватли биноларнинг биринчи қа­вати болалар боғчаси, поликлиника ва бошқа умумий фойдаланиш объектлари учун мўлжалланаётгани эътиборни тортади. Яқинда неварамни Мирзо Улуғбек туманидаги 178-мактабга биринчи синфга ўқишга жойлаш учун суҳбатга олиб бордим.

— Бобо, қаранг, мактаб ёнида боғча ҳам қурилаётган экан, — деди кўзлари шодликдан чақнаган неварам янги қурилган иморатларни кўриб.

— Ҳа, болалар аввал боғчада таълим-тарбия олишади, ёзиш-чизишни, одоб-ахлоқни ўрганишади. Кейин шундоққина ёнида жойлашган мактабга чиқишади, — дедим уни эркалаб.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги Камолон маҳалласида ижодкорлар учун қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Бу ерда мамлакатимиз раҳбари бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар билан мулоқотда бўлди. Мутасадди раҳбарларга ижодкорлар оиласининг тинч ва фаровон яшаши, фарзандларининг баркамол бўлиб улғайиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

— Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўл­лаб-қувватлашимиз керак, — деди Президентимиз. — Улар яратган ибратли асарларни, ижод намуналарини ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ана шундагина мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади.

Ижодкорларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, меҳрибончилик бир қаламкаш сифатида менинг қалбимга катта қувонч бахш этади. Президентимизнинг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ гўзал ва бетакрор маскан бунёд этилди, атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш каби эзгу ниятлар ижобат бўл­ди. Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси барпо этилгани миллий адабиётимиз ривожига қаратилган юксак эътибор намунасидир.

Адиблар хиёбони ва Ёзувчилар уюшмаси биносида ўтказилаётган назм ва наво кечалари жуда кўплаб адабиёт мухлислари ва китобхонларни ўзи­га чорламоқда. Яқиндагина кўплаб хорижий мамлакатлар ҳамда ҳам­дўст­лик давлатларидан ташриф буюрган таржимон, ижодкор, ношир ва олимлар иштирокида бў­либ ўтган «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қи­лишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро конференция қатнашчилари Адиблар хиёбонини зиёрат қилиб, бир олам таассуротга эга бўлишди.

Биз ижодкорларга кўр­сатилаётган бундай ғамхўр­ликлар, яратилаётган ша­роит­лар қўлга қалам олишга, бугунги бунёдкорлик ишларининг бошида турган, мус­тақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган замонамиз қаҳрамонлари образини яратишга ундайди, тинмай ижод қилишга даъват этади.

 

Турсун АЛИ,

шоир.



DB query error.
Please try later.