Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
28.08.2018

ОЗОД ЮРТИМ, ТОНГЛАРИНГДА ОЧИҚ ОСМОНИМ БОР МЕНИНГ

Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида, беихтиёр яқин ўтмишни ёдга оламиз, бугунги ҳаётимиз билан қиёслаймиз, фикр­лаймиз, хулосалар чиқарамиз. Вужудимизни ҳаяжон қоплаб, юрагимиз ҳапқириб, дилимизда шукроналик, фарх-ифтихор, ғурур туйғулари жўш уради.

Бугун энг яқин қўшнимиз ҳам, энг узоқ қариндошимиз ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳар ким ўз ҳаёти гўзал, мазмунли бўлиши, дастурхон тўкин-сочин, оиласи тинч-осойишта бўлиши фақат ўзига боғлиқ эканлигини тушуниб етди. Тадбиркор — элга ҳам, оиласига ҳам мададкор эканлигига ишонди. Қувонмай бўладими, айтмай, куйламай бўладими бу ўзгариш ва янгиланишларни, инсонга кўрсатилаётган меҳр-оқибатни...

Янги уйнинг калитларини олиб остонадан ҳатлаб ўтаётган отахон ва онахонми ёки келин-куёвми, ногиронлик аравачасида ўтирган кишими, ҳамма-ҳаммаси бу ҳаётга шунчаки келмаганлигини англаб етмоқда. Айниқса, барча эски, ғариб уйлар ўрнига янги, миллий лойиҳалар асосида қурилаётган кўркам бинолар, сўлим ва гўзал хиёбонлар, ҳатто қишлоқларимиз, маҳаллаларимизнинг «Обод қиш­лоқ» дастурлари асосида янги қиёфа касб этаётгани барчани мамнун этмоқда.

Қорақалпоғистонда ҳам дастур бўйича ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқ, 30 маҳалла йиғинлари ҳудудларида катта ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Жумладан, якка тартибдаги 4460 уй-жой таъмирланган, 36,8 км. пиёдалар йўлаклари ободонлаштирилган, 1053 кўча чироқлари чарақлаб турибди, 110,6 км. масофага ичимлик суви тортиб келинди, 305 км. электр тармоқлари, 159 трансформатор, 122 км. табиий газ тармоқлари таъмирланган. Бугунги кунда қишлоқларда 23 бекат қурилиши давом этмоқда.

 Беруний туманидаги «Бийбозор» қишлоғи қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

— Бизга Ўзбекистондай бетакрор юртда, шундай озод ва обод бахтли кунларда яшаш насиб этган экан, — дейди бийбозорлик кам таъминланган оила бошчиси Янгибой Хўжанов. — Давлатимиз раҳбари ҳар бир оилага эътибор, ғамхўрлик кўрсатмоқда. Мен бир оддий деҳқонман. Қўлим калта эди, қийналаётгандик. Бугун ҳаммаси изга тушиб кетди. ­Уйимиз таъмирланди. Қишлоғимиз ҳам обод бўлиб, ҳамжиҳатликда яшаяпмиз.

Унинг фикрларига қўшилмасдан илож йўқ. Дарҳақиқат, «Бийбозор» ОФЙ ҳудудида 244 уй таъмирланди, 7,3 км. масофадаги ички йўллар янгидан қурилди. Электр тармоқлари бўйича 7 км. ҳаво линияси, 1 та трансформатор пункти янгидан ўрнатилди. 240 дона суюлтирилган газ баллонлари фуқароларга ўз вақтида етказиб берилмоқда. 26-57-сонли мактабгача таълим муассасалари ­биноларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

«Бийбозор» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳамза Рўзметов, Рўза Ҳайтакова сингари тадбиркорларга ер ажратиб берилиб, уларнинг ташаббуслари билан қишлоқда сунъий қопламали стадион, савдо дўкони, автобекат, ҳаммом ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилишлари ҳам бошлаб юборилган.

Бундай янгиликларни кўп туманларда кўриш мумкин. Бироқ Қорақалпоғистон маркази бўлган Нукус шаҳрининг бугунги чиройи, файзи ҳақида алоҳида гапириш керак. Мана, шаҳримизнинг ­А.Дўсназаров кўчасидамиз. Кўча бошида Нукус темир йўл вокзали, атрофидаги гулзор, фавворалар, сўлим оромгоҳлар нафақат йўловчиларни, барчани ўз бағрига чорлайди. Бу кўчада жойлашган замонавий қиёфадаги хизмат кўрсатиш шохобчалари, атрофи гулзор пиёдалар йўлакчалари...

Мана, Нукус кўркига-кўрк қўшиб турган гўзал хиёбон. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг салобатли бюсти. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва топшириғи билан қорақалпоғистонлик иқтидорли болалар учун 4,7 млрд. сўм ажратилиб қурилган, ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида ишга тушган. Ҳозир Қорақалпоғистоннинг барча туманларидан келган 216 нафар энг иқтидорли бола таълим олмоқда. Уларга адабиёт, санъат ва бошқа фанлардан ­Г.Атаниёзова, Г.Хожалепесова, А.Қулимбетова, Қ.Ўтениёзова, П.Ўрозбоева, З.Давлеталиева сингари тажрибали, меҳрибон устозлари таълим бермоқда, адабиёт, санъат сирларини ўргатмоқда.

Бугун бу ерда таълим олаётган ёшлар анча тилга тушиб қолди. А.Смайлов, Б.Айтмуратов, А.Қалибоева, З.Ўринбоева, Л.Нурпўлатова, С.Қайипназарова, А.Худойбергенова, Г.Жўлдосбоева, Ш.Сайимбетов, Д.Шарибоев сингари иқтидорли ёшларни халқимиз Ибро­йим Юсупов издошлари деб, меҳр билан ардоқламоқда.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг 2017 йил Қорақалпоғистонга ташрифи давомида қорақалпоқ халқининг келажаги, аҳоли турмуш фаровонлиги, соҳалар ривожланишини таъминлаш мақсадида белгилаб берган вазифалари, йўл-йўриқлари ва топшириқлари халқимизнинг тилак-истакларидан келиб чиққанлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда Президентимизнинг барча топшириқлари бўйича ўтган қисқа давр мобайнида қатор йирик бун­ёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани ҳамда аҳолини қийнаётган масалалар ўз ечимини топаётганидан халқимиз рози бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 109,7 фоизга, хизматлар ҳажми 106,4 фоизга ўсиши таъминланди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига яратиб берилган шароит ва имтиёзлар натижасида ўтган йил — 1648, жорий йилнинг ўтган 6 ойида — 974 кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 11623 тага етди. Ўтган 6 ой давомида саноат соҳасида 335 қишлоқ хўжалиги соҳасида 681, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 1170 лойиҳа ишга туширилди. Нукус шаҳрида «Нукус полимер» МЧЖ, «Нукус­электро­аппарат» МЧЖ фаолият олиб бормоқда. «Самсунг» бренди остида телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.

Шунингдек, аҳолининг ижти­моий муаммоларини тезкор ҳал қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. 40 мактаб, 20 мактабгача таьлим муассасаси, 9 соғлиқни сақлаш обьектлари ҳамда 3 болалар спорти обьектларида қурилиш ва реконструкция, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Хусусан, Муйноқ тумани аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа қиймати 26,4 млрд. сўмни ташкил қилувчи 101 км. «Қўнғирот-Мўйноқ» сув қувурини ва сув тақсимлаш иншооти қурилиб фойдаланишга топширилди. Ичимлик суви таъминоти оғир бўлган 7 туманда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ёрдамида 19,1 км. сув қувурлари янгидан тортилди ва фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳри ва туманлардаги 511 кўп қаватли уйда 16 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.

Маълумки, Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг шимолида жойлашган, ўзига хос иқлими, ўзига хос ер, сув муаммолари мавжуд ҳудуд. Шунинг учун ҳам Президентимиз Қорақалпоғистонда аграр соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 69 минг гектар ер майдонида илғор технология асосида иш олиб борилмоқда. Шунингдек 51,5 км. ирригация тармоқлари янгиланди.

Нукус шаҳри марказидан ўтувчи «Дўстлик» каналининг икки қирғоғининг 500 метр масофасини ободонлаштириш мақсадида 2017 йилга белгиланган манзилли дастур бўйича 2 млрд. сўмлик иш бажарилди. Бугунги кунда бу соҳил халқимизнинг энг севимли оромгоҳига айланган.

Инвестиция дастурига мувофиқ, манзилли дастурларга 57 ижти­моий соҳа объекти киритилиб, ­бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. «Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси» маблағлари ҳисобидаги 224 объектда катта ҳажмдаги иш амалга оширилмоқда.

Шундан: 54 сув таъминоти, 39 дренаж ишлари, 77 кўп қаватли уйларни таъмирлаш, болалар майдончаларини қуриш обектларида, «Бердақ» кинотеатри қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли ва тезкор суратда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 221 объектда 212,3 км. йўлни қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бошлаб юборилган.

Биз айрим мисолларни келтирдик халос. Бу рақамлар шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг ортида обод бўлган ота-маконимизни, унда бугунги кунидан рози бўлиб яшаётган халқимизнинг фаровон ҳаёти, ёруғ ва буюк келажагимиз кўринади. Бу рақамларни буюк ­бунёдкорлик ишлари бошланаётганидан дарак бераётган яхши хушхабарлар деб ҳам тушинишимиз мумкин.

...Ҳар куни ишдан кейин «Дўстлик» каналининг обод бўлган икки соҳили одамлар билан гавжум. Беихтиёр улар орасига қўшиламан. Суҳбатларини тинглайман:

— Бу икки соҳил, қақраб ётган эди. Шундай қаровсиз қолган ерларни жаннатга айлантириб қўйди. Қаранг, эсаётган салқин шамол танангни яйратиб, кайфиятингни кўтаради, — дейди бир онахон.

Онахон ёнидаги уч нафар неварасига пул беради: — Боринглар музқаймоқ олиб енглар.

Болалар қийқириб чопиб кетишади. Уларнинг қувонч тўла ҳайқириқлари, каналнинг тўлиб оқаётган оқимларига қўшилиб кетади. Бироздан сўнг бувиларини ҳам муз­қаймоқ ейишга чақиришади...

— Буларнинг қувончини кўриб, ҳеч ўлмасдан яшагинг келади, — дейди Гулзебо она. — Қандай ­бахтли авлод булар. Юрт раҳбари ҳар бирини менинг фарзандим деб турса, буларнинг олмайдиган тоғи йўқ...

Онахон кулимсирайди. Унинг юзида бахт нашидасини кўраман, сўзларидан бу ҳаётдан, тақдиридан рози эканлигини сезаман.

Канал бўйидаги кўркам йўлакча чеккаларида чироқлар ёна бошлайди. Рангли фавворалардан отилаётган сув янги ҳаёт қўшиқларини айтаётгандек гўё. Суҳбатимизга нукуслик устоз ўқитувчи Ҳожибой Эгамбердиев, нуроний Жаббор Рўзимовлар қўшилади.

Ҳар каломда шукроналик, ҳар сўзида миннатдорлик, яқин атрофдан қўшиқ жаранглай бошлайди:

Озод юртим, тонгларингда, очиқ осмоним бор менинг,

Очиқ осмоним остида, озод давроним бор менинг...

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Сенат аъзоси.



DB query error.
Please try later.