16.08.2018

БИЛИМСИЗЛИК ВА ТАРБИЯСИЗЛИК ЖИНОЯТНИНГ ИККИ ИЛДИЗИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ички ишлар органлари ва давлат идоралари, шунингдек, жамоатчиликнинг масъулиятини янада ошириш, айниқса, ёшлар орасида жиноятчиликка йўл қўймаслик масалалари бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шу кунларда видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб муаммолар юзасидан жойларда қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Куни кеча таҳририятимизда ҳам «Жиноятчиликнинг сабаблари ва унга қарши кураш йўллари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда турли касб эгалари ва депутатлар иштирок этди.

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.

Бугунги «Давра столида» жамиятимиз учун ўта долзарб бўлган масала бўйича фикрлашиб олишга йиғилганмиз. Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмаганидек, ҳеч бир жиноят ўз-ўзидан содир этилмайди. Ҳар бир жиноятдан эса одамлар ва жамият зиён-заҳмат кўради, қонун бузилади.

Бугун жамоатчиликни қийнаётган, ташвишга солаётган савол битта: жиноятчилик содир этилишининг сабаблари нимада, жиноятчиликнинг олдини олиш кимларга ва нималарга боғлиқ?

Ушбу масалаларга жавоб ахтарсак, жиноятчиликнинг олдини олишга ўз муносабатимизни билдирсак, тинчлик-осойишталигимиз, фарзандларимиз тарбияси, тақдири ҳақида қайғурган бўламиз, деб ўйлаймиз.



Асрор РЕЖАМАТОВ, Тошкент шаҳри, Миробод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, капитан:

Тўғрисини айтганда, жиноятчилик асосан бепарволик, лоқайдлик оқибатида келиб чиқади. Болалар тарбиясига бепарволик, ён-атрофимиздаги воқеаларга лоқайдлик кўплаб жиноятларга сабаб бўлмоқда. Оддий мисол: қўшнимизни маст ҳолда тез-тез кўрамиз, менга нима, деб ўйлаймиз. Ичкилик оқибатида икки киши уришиб, бир-бирига тан жароҳати етказади, яъни жиноят содир бўлади. Бу менинг муаммом эмас, деймиз. Спиртли ичимлик сотиши мумкин бўлмаган савдо дўконларини ҳам биламиз, лекин ҳеч кимга айтмаймиз. Жим юрамиз. Чунки ўша дўкондан зарурат юзасидан ўзимиз ҳам спиртли ичимликлар харид қиламиз.

Ичкилик сабабли арзимаган нарса устида тортишиб, йўқ жойдан жанжал чиқарганларни кўп кўрганмиз. Олган маошининг ярмини ичкиликка сарфлаб, оиласидаги етишмовчиликни унутган эркак уйига маст ҳолатда келиб, аёлини дўппослайди, демак жиноят содир бўлади.

Бугун ички ишлар ходимларининг жиноятчиликнинг олдини олишга муносабати ўзгарди. Биз ишни янгича ташкил этяпмиз. Яъни маст ҳолатда уйга келиб жанжал чиқарган эрнинг масаласини маҳалла фаоллари билан муҳокама қилмоқдамиз. Бундан мақсад бошқа оилаларда ҳам шу каби воқеалар бўлмаслигининг олдини олиш, фалончининг оиласида ичкилик оқибатида жанжал чиқиб, унинг масаласи маҳаллада муҳокама қилинибди, деган гап-сўзлардан бошқа оилалар хулоса чиқариб олади.

Видеоселектор йиғилишида жиноятларнинг 30 фоизи ёшлар томонидан содир этилиши айтилди. Бу масала ҳаммамизни ташвишга солиши керак. Фарзандларимизга ота-онанинг, оиланинг ва мамлакатнинг келажаги, деб қарайдиган бўлсак, ёшлар томонидан қилинган ҳар бир жиноятга фавқулотда воқеа сифатида қарашимиз керак бўлади. Олдинлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари эрталабдан «разводга» борган бўлсак, эндиликда мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларига бориб, ўқувчи ҳамда талабаларнинг давомадини текширишдан ишимизни бошламоқдамиз. Агарда ўқувчи ёки талаба бирон сабабга кўра дарсга келмаган бўлса, бунга аниқлик киритамиз. Ота-оналари чақиртирилиб, суҳбатлар ўтказилмоқда. Бу каби ишларнинг йўлга қўйилиши давомаднинг кескин ошишига ҳамда дарс вақтида ёшлар кўчада назоратсиз қолиб, қонун бузиш ҳолатларига йўл қўйилмаслигига хизмат қилади.

Бундан ташқари, ички ишлар ходимлари, миллий гвардия ҳамда пост патрул хизмати билан ҳамкорликда кечки соат 22:00-23:00 ларда кўчада юрган ёшларни хизмат хонасига чақириб, кеч бўлганда нима қилиб юргани ва бундан ота-онасининг хабари бор-йўқлигини сўраб, уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошини чақирамиз. Мана шундай суриштирувларда уларнинг кўпчилиги ҳар хил баҳоналар билан ота-онасини алдаб, кўчага чиқиб кетганлиги маълум бўлмоқда.



Улуғбек РАЖАБОВ, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Мирзо Улуғбек касб-ҳунар коллежи директори:

Боланинг жиноят содир этишида, энг аввало, ота-она айбдор бўлади. Уларнинг кўпчилиги фарзандини моддий томондан таъминласам бўлди, қолганини мактабда ўрганиб олади, деб ўйлашади. Бу жуда хато фикр. Тарбияда мактабнинг ҳам, ота-онанинг ҳам ўз ўрни, мавқеи ва масъулияти бўлиши лозим.

Бугун миллий қадриятларимиз иккинчи ўринга тушиб қолаётгандек туюляпти. Болалигимизни бир ёдга олайлик. Саломлашиш одоби, катталарга, устозларга ҳурмат бошқача эди. Буларни болага ўргатиш аввало ота-онанинг вазифасига киради. Афсуски, фарзандидаги салбий ҳолатларга ўқитувчини айбдор, деб биладиган ота-оналар оз эмас. Тўғри, орамизда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашадиган, тажрибасиз ўқитувчилар ҳам бор. Аммо «замонавий» ота-оналар орасида «фалончами, хафа бўлма, ўша ўқитувчинг билан ўзим гаплашиб қўяман», дегувчилари ҳам топилади. Бундай ота-оналар ўқувчи олдида ўқитувчига дўқ уриб, уни обрўсизлантираётган ҳолатлари ҳам учраётгани жуда ачинарлидир.

Ота-она бўлиб, таълим муассасаси, ўқитувчи билан боғланиб, фарзандимиз тўғрисида, унинг ўқув даргоҳида ўзини тутиши, дарслардаги ўзлаштиришига оид маълумотларни сўрамаймиз. Биз учун боламизнинг бераётган ахбороти етарли. Бу қанчалик тўғри экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Фарзандимиз 5-7 синфга чиққанда ёш, юқори синфга ўтганда эса, энди катта бўляпти, менинг давримда яйраб қолсин, десак ўз қўлларимиз билан боламизнинг келажагига болта урган бўлмаймизми?.. Боламизга ҳаддан ташқари меҳрибонлик қилиб, вақтни бой бераётганимизни, боламиз тарбиясига путур етказаётганимизни биламизми? Бугун ота-оналар ўзларига мана шу саволларни бериб кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди.

«Ота-она-маҳалла-мактаб» концепцияси ишлаб чиқилганидан барчангизнинг хабарингиз бор. Аммо мазкур концепция тўлақонли ишлаяпти, дея олмаймиз. Қоғозда барчаси аъло даражада. Баённомалар, ҳисоботлар ўз ўрнида, белгиланган меъёрлар асосида тўкис ёзилган. Амалда эса бу ҳужжат ижроси кўп жойда таъминланмаяпти. Акс ҳолда бугун жиноятчиликнинг 30 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келмаган бўларди.

Болани назорат қилиш ҳам тарбиянинг муҳим мезони ҳисобланади. Лекин бунга амал қилувчилар камайиб бормоқда. Масалан, Юнусобод туманидаги бир мактаб ўқувчилари уйида туриб, интернет орқали ўйин ўйнашар экан. Энг ёмони, ўртага пул тикилади. Ота-она хотиржам. Фарзанди уйда, ўз хонасида дарс қиляпти, деб ўйлайди. Унга халақит бермаслик, безовта қилмаслик учун боланинг хонасига кирмайди. Аслида эса биз қайси фандан, қайси мавзу ўтилганини сўрашимиз, керак бўлса, уй вазифаларни бирга бажаришимиз лозим.



Қобилжон МИРНИҒМАТОВ, меҳнат фахрийси, ЎзХДП аъзоси:

Эркак оиланинг моддий таъминоти учун жавобгар шахс ҳисобланади. У оиласининг фаровонлиги, болаларининг ҳеч нарсага зориқмаслиги учун оғир меҳнатдан ҳам қочмайди. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ота иш излаб, бошқа вилоятга ёки хорижга йўл олади. Фарзанд тарбияси эса онанинг зиммасига тушади. Бугун мана шундай оилаларда фарзандлар тарбиясида отанинг роли йўқлиги сезилиб қолмоқда. Муаммони эркакларга хос босиқлик билан ҳал этиш ўрнига, оналар тезда ҳиссиётга берилиб, боласи ёнини олаётган ҳолатлар кузатилмоқда.

Жиноятга қўл урган кўп ёшлар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг кўзларида афсусни кўрамиз. Ўша вақтда ўзи истамаган ҳолда жиноятга қўл урганини айтишади. Бу ички салбий кучга эрк берилганини англатади. Уни жиловлаш эса таълим-тарбия орқали бўлади. Оилада аёл ҳиссиётга берилганида, ота босиқлик билан тушунтириш беришини, ўн муаммони бир оғиз сўз билан ҳал этишини фарзанд кўриши лозим. Унга биргина жонли мисол, намуна — ота керак. Шунда ўйламай қадам босувчилар сони камайган бўларди.

Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш ҳам анчайин самарали восита ҳисобланади. Негаки, китоб инсонни эзгуликка чорлайди. Мирзо Улуғбек туманидаги «Дархон» маҳалласида кўп йиллар мобайнида раислик қилганман. Маҳалламизда Есенин номидаги кутубхона бор эди. Китоб фонди ҳам анча бой бўлиб, ундан беш маҳалла аҳолиси фойдаланарди. У ер доимо ўқувчилар билан гавжум бўларди. Кутубхона биноси Адлия вазирлиги тасарруфига берилди. Биз кўп мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Ҳозир унинг ўрнида нотариус ишлаб турибди. Маҳаллаларда кутубхоналар фаолиятини қайта йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Жиноятчиликнинг олдини олишда яна бир муҳим жиҳатни ёддан чиқармасак яхши бўларди. Жиноят қилганни жазолаш ҳар доим ҳам кўзланган мақсадга етказмайди. Уларнинг барчаси ҳам қамоқхонадан бутунлай қайтадан тарбияланиб келмайди. Жиноят содир этган шахсларни жамиятдан тўрт-беш йил ажратамизда, яна жамиятга қўшолмай овора бўламиз. Қамалиб чиққанларнинг аксарияти ҳар замонда бир-иккита депутат ёки ёзувчи, шоир билан учрашув ўтказилганини айтишади. Фақат шу билан уларнинг маънавиятини бойита олмаймизку. Қамоқхоналарда ҳам тарбиявий ишларни замон талабига мос равишда олиб бориш вақти келмадимикан?..

Жазо муддатини ўтаб қайтган шахсни атрофдаги одамлар қабул қилиши қийин кечади. Унга шубҳа билан қаралади. Собиқ маҳбус иш қидирганда ҳам шу ҳолатга дуч келади. Амаллаб маҳалла ёрдамида ишга жойлашди ҳам дейлик, олаётган маоши рўзғорини тебратишга етиш-етмаслиги билан ҳеч биримизнинг ишимиз йўқ. Ишга жойлаштириш билан вазифамиз ниҳоясига етди, деб ҳисоблаймиз. Аслида, жазо муддатини ўтаб келганларга ўз ҳаётини йўлга қўйиб олгунларича, маҳалла, қўни-қўшни, ички ишлар бўлимлари ҳамкорликда кўмаклашиши зарур. Қамалиб келиб ҳам ақли кирмади, яна жиноятга қўл урибди, деган нохуш гапларни эшитиб турамиз. Аммо нега бундай бўлгани билан қизиқмаймиз. Президентимиз ҳар бир жиноят сабабини, илдизини билиш кераклигини бекорга айтмади. Жиноят сабабини билмай туриб, унга қарши курашиш самара бермайди.



Нигора БОБОНАЗАРОВА, Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги 51-мактаб директори:

Менинг фикрим шундай: авваламбор фарзанд тарбиясида ота-онанинг ролини кучайтириш лозим. Бундай дейишимга сабаб, баъзи бир ота-оналар қачон мактаб бошланади, фарзандларимизнинг инжиқликларидан қутилардек, деб очиқдан-очиқ гапиришади. Бу гапларни кимлардир оддий қабул қилиши мумкиндир, аммо ўз фарзандининг тарбиясига шу даражада эътиборсизлик қилаётган ота-онани олдинда нималар кутяпти? Фарзанди эртага эгри йўлга кириб, жиноятчига айланмаслигига ким кафолат беради? Ота-она ўз ўй-ташвишларидан ортмаса, фарзанди нима билан бандлигига қизиқмаса, уларнинг тарбиясини яхши томонга ўзгартирадиган китоблар олиб бермаса ёки фарзандини бирон бир спорт ёки фан тўгаракларига бермаса, эртага кимни айблайди? Ўқитувчиними?.. Ўзлари вақтида фарзандини нимага қизиқишини, қайси соҳага қобилияти борлигини вақт топиб ўрганмаган бўлса, эртага кимни айбдор қилади? Вақтида ўзларини ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйган ота-оналар билиши керак, унинг боласини биров келиб тарбиялаб бермайди.

Биламиз, ота-оналар туғилган кунга, тўйга, чойхонага, гапга боринки, кўнгли тусаган тадбирларнинг барчасига боришга вақт топади. Аммо, ўзлари дунёга келтирган фарзандининг тарбиясига бир минут ҳам вақт топа олмайди. Бу ҳақда сўрасангиз, ишлари кўплигини рўкач қилишади. Ҳатто, шанба ва якшанба кунлари ҳам болаларига вақт ажратишмайди.

Бир сўз билан айтганда, ўз вақтида фарзандини қизиқишини инобатга олиб, қўлидан етаклаб, спорт ёки фан тўгаракларига олиб борган, уларга таълим-тарбия берган ота-оналар ўз меҳнати роҳатини кўриб, эл-юрт олдида юзлари ёруғ бўлиб, ҳурмат-иззатда юришибди. Вақтида фарзандларига эътибор қаратмасдан улфатчиликлардан бўшамаган ота-оналар эса бугун тинчини йўқотиб, эътиборсизлигининг азобини тортмоқда, эл-юрт орасида бош кўтара олмай қолмоқда. Халқимизда ибратли нақл юради, «нимани эксанг, шуни ўрасан».



Зулфия ЮНУСОВА, халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, 155-мактаб директори:

Барчамизга маълум, ўтган йили мактабларда 10-11-синфлар қайтадан ташкил этилди. Ўқувчиларнинг аксарияти ота-онасининг истаги билан мактабда ўқишни давом эттирадиган бўлди. Дастлаб, улар ўзларини катта бўлган, энди мактабда эмас коллеж, лицейларда ўқиши керакдек тута бошлашди. Бу ҳолат уларнинг ўқиш сифатига, юриш-туришига салбий таъсир кўрсатди. Тўрт-беш ўқувчимда мана шундай ҳолат юз берди. Улар дарсга на китоб-дафтар олиб келар ва на дарсга қулоқ соларди. Ўқувчиларнинг ота-онасини чақиртирганимизда, фақат оналар келди. Биз оталар ҳам келишини илтимос қилдик. Ички ишлар ходимларини ўқув муассасасига таклиф этдик. Улар хулқида ўзгариш кузатилган ўқувчилар билан суҳбатлашишди. Натижа кўнгилдагидек бўлмади. Охири маҳалла гузарида мактаб-маҳалла-ички ишлар бўлими ҳамкорлигида йиғилиш ўтказдик. Оталар ҳам келди. Ўқувчилар кўпчилик олдида ота-онаси изза бўлганидан хижолат тортишди. Бу уларнинг юз қиёфасидан кўриниб турарди. Эртаси куни ўша ўқувчиларимиз мактаб либосида, дарсга тайёр ҳолда келди. Кейин маълум бўлишича, оналар ота фарзандини койимаслиги учун вазиятни яшириб келишган.

Ота-она таълим муассасасига чақиртирилдими, демак, фарзандим бирор ишни бошлаган, деб тушунадиганлар кўпайди. Синф мажлисига чақирганимизда, телефон қилишиб, фарзандим муаммо чиқармаяптими, бўлдида, деган жавобни оляпмиз. Мен тушуна олмайдиган жиҳат шундаки, ота-она ўқув даргоҳига келиб, фарзандининг юриш-туриши, дарсларни ўзлаштириши билан қизиқиши учун бола албатта бирор айб иш қилиши керакмикан?!

Шу ўринда яна бир оғриқли масалага тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Дарс жараёнини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Лекин дарс бошланганда инспектор келади, давоматни текшириб кетади. 5-10 дақиқа ўтгач, маҳалладан ёки ёшлар иттифоқидан ҳам вакиллар келишади ва яна шунча дақиқа исроф бўлади. Энди бир ўйлаб кўринг, ўқитувчида дарс ўтиш учун қанча вақт қолади?!

Мана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратсак, назоратнинг маъқул йўлларини излаб топсак мақсадга мувофиқ бўларди.



Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот кутубхонаси директори, ЎзХДП фаоли:

Оилавий низолар ҳам жиноятчиликнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бугун келин қайнонасини, бола отасини, ҳатто она ўз боласининг қотилига айланаётганини эшитиб ёқангни ушлайсан киши. Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Оиладаги носоғлом муҳит, атрофдагиларнинг беэътиборлиги оқибатида мана шундай мудҳиш воқеалар содир бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, ўтган йили жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йилнинг олти ойида эса 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга камайган. Аммо қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолмоқда. Бу вазиятда Президентимиз айтганидек, ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганида эди, бугунги аҳвол ва рақамлар бошқача бўларди.

Кузатишлар кўрсатадики, болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш уларни жиноятчиликка мойилликка олиб боради. Бола тарбиясига масъул ота-она унинг кунлик дарс жадвалини яхши билиши лозим. Яна бир масалага оталар эътиборини қаратмоқчиман. Дам олиш кунлари кўп оталар улфатлари билан тоғда, боғда бирга бўлишни ёқтиришади. Аммо уйда оила аъзолари зерикиб ўтирганини ўйлашмайди. Дам олиш кунлари учун ҳар бир оиланинг ўз анъанаси бўлгани маъқул. Кимдир табиат қўйнига саёҳат уюштириши, маданий дам олиш марказлари ёки театрга бориши мумкин. Буларнинг барчаси кишига кўтаринки кайфият бағишлайди. Ота билан болалар ўртасидаги меҳрни мустаҳкамлайди. Болалар дунёқарашини кенгайтиради, уларни тартиб-интизомга ўргатади.

Менинг фикримча, китоб совға қилишни одат тусига киритишимиз лозим. Бугунги кунда ҳар бир оиланинг ўз кутубхонаси бўлиши керак. Оила даврасида кичик китобхонлик кечалари ташкил этиш бола тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳам болада ижобий хислатларнинг ўсишига олиб келади. У эзгуликлар ортидан боришни ўрганади.

Инсондаги энг яхши фазилатлар китобдан эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Китоб ўқийдиган боладан ёмонлик чиқмайди. Китоб кўплаб жиноятларнинг олдини оладиган қудратли кучлигини унутмаслигимиз керак.



Аброр ҚУРБОНОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

Ҳар бир ота-онанинг энг катта орзуси фарзандларининг камолотини кўриш. Ҳеч бир инсон зурриёти жиноят йўлига киришини истамайди. Шу ўринда савол туғилади. Унда жиноятчилар қаердан пайдо бўлади?..

Фарзандлар олдидаги бурчимиз уларни фақат моддий таъминлашдан иборат эмас. Биринчи галдаги вазифамиз маънавиятли, маърифатли, замон талабларига жавоб берадиган баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунинг учун энг аввало биз, ота-оналар ўрнак кўрсатишимиз шарт. Зеро, халқимиз қуш уясида кўрганини қилади, деб бежизга айтмаган.

Иккинчи масала. Аксарият оилаларда ота ҳам, она ҳам эртадан кечгача ишда бўлади. Пул топиш илинжида ёки бошқа турли сабабларга кўра, уйга кеч қайтади. Бу вақт мобайнида бола уйда ёлғиз қолади. Юзага келган бўшлиқ эса фарзанд тарбиясига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Ёш авлод тарбияси билан бутун жамият шуғулланиши, масъул ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман. Бу масалада сиёсий партиялар зиммасига ҳам катта вазифалар юклатилган. Хўш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида сиёсий партияларнинг роли қандай бўлиши керак? Барчангизнинг хабарингиз бор, ўтган йили июль ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар қаттиқ танқид қилинди. Ёшлар масаласи бўйича тайинли ишлар амалга оширилмаётгани таъкидланди. Тўғриси, сиёсий партиялар сайловолди дастурларида ёшлар тарбияси билан боғлиқ яхши гаплар айтилган. Аммо, ўйлайсан киши, қанийди шу ишлар амалга оширилса эди...

Видеоселектордаги танқидий фикрлардан сўнг хусусан, ЎзХДП «Ёшлар қаноти» фаолияти тубдан ўзгартирилди. Янги лойиҳалар, янги «йўл харитаси», стратегия ишлаб чиқилди. Тошкент шаҳар партия кенгаши ўтган олти ой оралиғида 120 маҳалладаги қарийб икки мингга яқин хонадонда бўлди. Уюшмаган ёшлар билан ишлади. Партиямиз бу борада ҳамкор ташкилотлар билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйди. Лекин бу билан мақтаниб бўлмайди. Негаки, олдимизда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар етарлича. Бунда бандлик масаласи устувор ҳисобланади. Бир йилда 600 мингдан ортиқ йигит-қиз мактаб, коллеж, лицейларни битиради. Олий ўқув юртлари уларнинг 10-15 фоизини қабул қилади. Биз партия вакиллари қолганларининг тақдири билан қизиқишимиз лозим. «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури ижросини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали ташкиллаштириш керак бўлади. Уйма-уй юриб, ёшларни ўйлантираётган муаммоларни шунчаки ўрганмасдан, тегишли ташкилотларга масаланинг асосли ечимлари акс этган таклифлар билан мурожаат этишимиз муҳим вазифалардан ҳисобланади.



Сирожиддин ШОНАЗАРОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлим мудири:

Бугунги кунда биз болалар ва ўсмирлар, ёшлар учун замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиб бера олмаяпмиз. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг келиб чиқиш омилларидан бири шу билан боғлиқ, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда ёшларимиз турли хориж фильмларидаги қаҳрамонларга ўхшашга интилишади. Бу фильмларда эса шу кунларда ҳам кўраяпмиз, уюшган жиноий гуруҳлар ҳаракатлари — отиш, пичоқ санчиш ва бошқа жоҳиллик, шафқатсизликлар намойиш қилинмоқда. Бундай фильмлар ёшларда жиноятга мойилликни уйғотмаслигига ким кафолат бера олади?

Юртимизда дунё тан олаётган спортчиларимиз, санъат усталари, машҳур олимлар етарлича топилади. Уларни ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш учун тарғибот-ташвиқот воситаларидан унумли фойдаланишимиз керак.

Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан «Депутат соати» лойиҳаси тайёрланиб, амалиётга татбиқ қилинди. Унда мактаб, коллежлардаги маънавият, маърифат дарсларида партиянинг туман, шаҳар депутатлари иштирок этяпти. Дарс мобайнида депутатлик фаолияти, масъулияти, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мана шу жараёнларда иштирок этишнинг шарафи каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Шу ўринда мазкур лойиҳа кутилганидек самара бераётганини айтиш ўринли. Дарслардан сўнг ёшларнинг орзу-ўйлари, келажакдаги режалари хусусида суҳбатлашилмоқда. Таълим муассасалари томонидан бундай дарсларни мунтазам ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилаётгани кишини қувонтиради.

Турли соҳа ва касбларда юксак ютуқларга эришган шахслар иштирокида маҳаллаларда учрашувлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бундай учрашувларда ота-оналар, ёшлар иштирок этиб, улардан ибрат олади.

Шунингдек, партия ходимлари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиш режалаштирилган. Ишчи гуруҳнинг вазифаси ҳудудлардаги жиноятга мойиллиги бор ёшларни аниқлаб, уларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ниҳоятда чуқур ўйлаб ишлаб чиқиш лозим. Бунда жиноят содир этган инсонларнинг қайта бу йўлга кирмасликлари учун ҳам маълум бир лойиҳалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ҳар бир туманда эҳтиёжманд оила болалари учун бепул спорт тўгараклари ташкиллаштириш механизмларини яратишни ҳам режалаштирганмиз. Болалар дарсдан бўш вақтларида спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиб берсак, катта иш қилган бўламиз. Спорт бола тарбиясида ғоят муҳим аҳамиятга эга.



Мафтуна МИРЗАХЎЖАЕВА, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби талабаси:

Мен юқоридаги фикрларни эшитиб, жуда кўплаб хулосаларга келдим ва шу жумладан ўзимда ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикрлар пайдо бўлди.

Биринчидан, ёмон хулқ-атворга эга бўлган ўқувчи устозини ҳақорат қилди ёки тартибни бузди. Унинг ота-онаси эса фарзандининг айбини тан олмай, ўқитувчилар ёки қўшнилар билан жанжал келтириб чиқаради. Фарзандига таълим-тарбия бераётган ўқитувчисининг дилини хира қилади. Бундай ҳолатда ана шу отанинг ёки онанинг ҳам ота-онасига, агар улар вафот этган бўлса, акасига ёки опасига, ёки бирон-бир қариндошига мурожаат қилиб, тартибга чақириш йўлларини топиш зарур. Чунки ота-оналар ҳам ўз қариндошларидан ҳайиқади, уларнинг олдида изза бўлишни истамайди.

Шунингдек, мактабда ота-оналар мажлиси ўтказилади-ю лекин унга ҳамма ҳам келавермайди, айниқса ўқувчининг отаси. Мен мактабда ўқиганимда ота-онам ўқитувчиларим билан доим учрашиб туришарди. Мен бирорта хато қилсам ёки номуносиб баҳо олсам, ота-онам ўқитувчиларимиз олдида уялиб, хижолатда қолишмасин, деган ҳадик билан юрардим. Худдики, ота-онамни хурсанд қилиш учун ўқиётгандек эдим.

Ўрни келганда яна бир мулоҳазани билдирмоқчиман. Бугунги кунда телевидение, айниқса, хусусий каналлар орқали эфирга узатилаётган баъзи бир сериалларнинг ёшлар тарбиясига қанчалик фойда ёки зарар келтириши тўғрисида ҳам жиддий ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Мен ўзимдан қиёс қилиб бир гапни айтмоқчиман. Ўсмир ёшимизда жуда ҳам тақлидчи эдик. Гоҳ ўқитувчига, гоҳ шифокорга ўхшагимиз келарди. Гоҳида маҳалладаги обрўли отахон ва онахонга ҳурмат билан қарардик. Демак, ёшларга ибрат бўладиган обрўли кишилар ҳаёт йўли кўпроқ тарғибот қилиниши керак. Айрим хориж сериалларида салбий қаҳрамон жуда кучли, қўлидан ҳамма нарса келадиган қилиб тасвирланади. Ачинарли томони, ёшлар орасида уларга тақлид қилиб, сериалдаги бош қаҳрамоннинг исмини фахр билан айтиб юрадиганлари бор.

Ёки айрим сериалларда келин қайнонасига, хотин эрига, бола отасига гап қайтариб, дағдаға қилишини кўрамиз. Бу ҳолатлар миллий қадриятларимизга мос келадими? Миллий урф-одатлар йўқолиб боргани сари ёшлар тарбиясига дарз кетади, жиноятларга йўл очилади, деб ўйлайман.



ТАҲРИРИЯТДАН:

Давра суҳбатида билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, жиноятчилик сабабларини аниқроқ, кенгроқ билмоқчи бўлсак, чуқурроқ фикрлашимиз, масалага ҳар томонлама ёндашиб, таҳлил этиб, хулосалар чиқаришимиз керак бўлади. Ҳар бир жиноят, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ўша жамиятнинг маҳсули, хатоси.

Шунингдек, жиноятнинг тури кўп, сабаби кўп. Кимдир билиб-билмай, кимдир қасддан жиноят қилади. Қайси бир жиноятга ижтимоий муаммо, қайси бирига оиладаги носоғлом муҳит, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатлар сабаб бўлади. Қандай жиноят бўлмасин, бош сабаби айланиб-айланиб барибир бир масалага — тарбияга бориб тақалади.

Биргина давра суҳбатида жиноят ҳақиқатининг барча қирралари ҳақида фикр юритиш имкони йўқ, албатта. Газетхонларда, ўқитувчи, мураббийлар, ёшлар, ота-оналар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, олимларимизнинг ушбу масала бўйича айтадиган гаплари бўлса, марҳамат, муносабатларини кутамиз ва уларни чоп этишга тайёрмиз.



«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.