14.08.2018

ТАҚДИРЛАР, МАҚСАДЛАР ТУТАШГАН МАСКАН

Фориш туманига кираверишда, Жиззах — Фориш автомобиль йўли бўйида жойлашган Оқтом қишлоғининг қиёфаси кейинги тўрт ой ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Жанубий Қизилқумнинг Нурота тоғ тизмаларига туташ қисмидаги кўримсиз бу манзил «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, туманнинг ўзига хос табиатини, қиёфасини акс эттирадиган обод манзилга айланди.

3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган 509 хонадондан иборат қишлоқда дастурга мувофиқ кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Пастқам, кўримсиз ва яроқсиз ҳолга келиб қолган бинолар бузиб ташланиб, ўрнига янгилари қурилди. Мактаблар, қишлоқ врачлик пункти таъмирланди. Қуриган дарахтлар кесилиб, ўрнига япон софораси ва арча кўчатлари экилди. Қишлоқнинг ички йўлларига шағал ётқизилиб текисланди, кўчалар тўлиқ тартибга келтирилди.

Қишлоғимизда рўй берган энг катта ўзгариш давлат идоралари ҳолимиздан хабар олиб, турмушимизни енгиллатишга ёрдам бергани бўлди, — дейди қишлоқ мўйсафидларидан Фахриддин Қўйчиев. — Айниқса, узоқ йиллар бир амаллаб тирикчилик қилиб келган одамларни иш билан таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланишда кўмак берилгани оилалар турмуш шароитини яхшилади. Масалан, 36 сотих ерга эккан токларим сувсизликдан қуриб қолган эди. Сув таъминоти борасида кўрсатилаётган ёрдам туфайли томорқа ва деҳқон хўжаликлари аҳолининг асосий даромад манбаига айланмоқда.

Одамларнинг ҳаётида, онгу тафаккурида рўй бераётган бундай ўзгаришларни Фориш туманининг барча қишлоқларида кўриш мумкин.

Туманнинг Нурота тоғ тизмалари этаги бўйлаб жойлашган қишлоқлар аҳолиси азалдан боғдорчилик, Қизилқумнинг бепоён этакларида, Арнасой кўли бўйида чорвачилик билан шуғулланиб келишган. Мустақиллик йилларида бу тармоқлар ривожланиши, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиши билан тумандаги катта-кичик 100 дан зиёд қишлоқнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Замонавий уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, турли иншоотлар қурилиб, ишга туширилмоқда. Чунончи, илгари тумандаги 70 мактабдан 14 тасигина замонавий бинога эга эди. Бугунги кунда уларнинг сони 60 дан ошди. Яқин йилларда қолганларини ҳам янгилаш бўйича иш олиб борилмоқда.

«Обод қишлоқ» дастури асосида туманда яна бир маскан — Хонбанди шаҳарчаси ҳам қайта қурилмоқда. Кейинги йилларда қаровсизликдан анча хароба аҳволга келиб қолган шаҳарчада қисқа муддатда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудуд қиёфаси, одамлар турмуши тубдан яхшиланди.

Шаҳарчадаги 14 кўп қаватли уй таъмирланди, ҳовлиларида болалар майдончалари барпо этилди. Дастурга мувофиқ, маҳаллий бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ижтимоий муассасалар бинолари, йўл ва бошқа инфратузилма иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 90 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаси ишга туширилди.

Мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар самараси Жанубий Қизилқум бағридаги шаҳарчамизда ҳам акс этаётганидан беҳад мамнунмиз, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норбиби Аҳмедова. — Одамларнинг яшаши учун қулайликлар яратилаётир, тадбиркорлик йўлга қўйилиб, иш ўринлари барпо этилмоқда. Шундоқ кўз ўнгимизда рўй бераётган бундай ўзгаришлар одамларда эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамлади.

Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли олис қишлоқларда ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани туман иқтисодини юксалтириб, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир. Жумладан, ўтган йил охирида Эгизбулоқ қишлоғида Буюк Британиянинг «Leigh Barrier LLP» компанияси билан ҳамкорликда «Mega invest industrial» МЧЖ шаклидаги композит арматуралар ишлаб чиқариш заводи қурилиши туман иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лойиҳа қиймати 51,8 миллион долларга тенг ушбу йирик корхона йилига 2,5 минг тонна базальт тола ва 2,9 минг тонна арматура ишлаб чиқариш қувватига эга. Энг муҳими, корхона иш бошлаши билан 150 кишининг доимий бандлиги таъминланди.

Туманда табиий имкониятлар катта. Шунинг учун фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш ҳисобига экин майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2018-2019 йилларда Жиззах вилоятида Ирригация-мелиорация давлат дастури асосида тумандаги 20 минг гектар ерни сув билан таъминлаш имконини берадиган канал ва сув омбори қурилишига киришилди.

Президентимиз жорий йил март ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ушбу иншоот қурилишининг бориши билан танишди. Мазкур гидроиншоотни жорий йилда қуриб ишга тушириш бўйича тегишли топшириқлар берди. Айни пайтда қурилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Бу 2019 йилнинг кузидан бошлаб тумандаги ўзлаштирилмаган майдонлар сув билан таъминланишини англатади. Сув борган ерларда боғ ва узумзорлар барпо этилади. Бунёдкорлик ишлари учун 250 миллиард сўм сарф этиладиган мазкур гидроиншоот ҳудудда мева-сабзавотчилик, узумчилик фермер хўжаликлари ташкил этиш, ўз навбатида, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлайдиган йирик корхоналар барпо этиш имконини беради.

Бундай йирик лойиҳалар бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилаётир. Масалан, «Farish agro valley» МЧЖ да 1000 бош эчки боқишга мўлжалланган замонавий ферма қурилиши ҳам ҳудудни ривожлантиришга янгича ёндашувлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги «Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017-2018 йилларда ҳудудда қиймати 3,5 триллион сўмлик 3 минг 48 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Туман ҳудудида Нурота тоғлари, Арнасой кўллари тизими, Қизилқум чўлларининг ранг-баранг табиати уйғунлашиб кетган. Ана шу табиий хилма-хиллик ҳудудда асрлар давомида бақамти яшаб келаётган ўзбек, тожик, қозоқ халқлари тақдирида, маданияти, урф-одат ва анъаналари муштараклигида ҳам ўз аксини топган.

Нурота давлат қўриқхонасида «Қизил китоб»га киритилган, бошқа бирор ҳудудда учрамайдиган дилбанд лоласи, оқ думли бургут, олқор каби ўсимлик ва жониворларнинг кўплаб ноёб турлари мавжуд. Шу жиҳатлар билан туманда туризм, айниқса, экотуризмни ривожлантириш имкониятлари кенг.

Туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор қишлоғимиз аҳолиси имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда, — дейди Фориш туманидаги «Sarbon Nraval» оилавий корхонаси раҳбари Сарбон Шавқиев. — Хорижлик меҳмонлар туманимизда табиатнинг барча хилма-хиллигидан — тоғ ва яйловлар, бепоён чўл ва мовий кўллардан завқ олади. Шуни ҳисобга олиб, сайёҳлар учун 20 ўринли уй-меҳмонхона қуриб, ишга туширдик.

Тўғри, ҳозирча фақат экотуризм ҳақида гапирилаётир. Аммо туманнинг бой тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, фольклор- этнографик санъат намуналари, халқ ўйинларининг ранг-баранглиги бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Айниқса, Сайёд, Осмонсой, Илончи, Кўҳна бозор, Сафар ота, Учма қишлоқларида Наврўз байрами, тўй-томошаларда ижро этиладиган лапару ўланлар, айтишувлар, халқ ўйинлари фақат шу ҳудудга хослиги билан диққатга сазовор. Улоқ-кўпкари томошаларининг зўри Жанубий Қизилқум бағридаги Дарбоза, Омонкелди, Қизилқум, Айдаровул қишлоқларида ўтади.

Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ана шу ўзига хос маданиятни ўрганиш, тарғиб қилиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1994-1996 йилларда туманда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар вакиллари иштирокида икки марта халқ ўйинлари олимпиадаси ўтказилиб, халқимизнинг маънавий ва жисмоний баркамоллигига хизмат қилувчи кўплаб халқ ўйинлари қайта тикланди. Бу йўналишдаги ишлар давом этаётир.

Дарҳақиқат, Форишда янгиликлар кўп. Ҳар бир қишлоқда кунда-кунора нимадир қурилмоқда, нимадир янгиланаётир. Одамлардаги ана шу ҳаракат, интилиш туфайли боғлар гуллаб-яшнаб, қишлоқлар обод бўлмоқда. Ўз ҳаётини яхшилаш учун ҳаракат қилаётган форишликлар оиласи фаровонлигини таъминлаш билан Ватан равнақига ҳисса қўшмоқда.



Тошқул БЕКНАЗАРОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.