14.08.2018

«ҲАР БИР ИНСОН ФИДОЙИ БЎЛИШИ КЕРАК»

Дилфуза ТЎХТАЕВА, Шайхонтоҳур туман «Янги шаҳар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев туман фаоллари билан ўтказган йиғилишда мен ҳам қатнашдим. Тўғриси, давлат раҳбари билан битта туман аҳолиси ўртасида бунчалик очиқ-ойдин мулоқот бўлишини, энг майда-чуйда ташвишлардан тортиб, энг катта муаммоларнинг шу жойнинг ўзида ҳал қилинишини тасаввур ҳам қилмагандим. Бир олам таассурот олдим, буни идрок қилиш, мағзини чақиш ва тегишли хулоса чиқариш керак.

Буни қаранг, ҳеч кутилмаган ҳолат: Президентимиз туман аҳолисининг турмуш тарзи, атроф-муҳитининг аҳволи, қаерда қандай муаммолар бор, шулар ҳақида бу ерда бир умр яшаб келаётган анча-мунча одамдан кўра яхшироқ биларкан! Туман иқтисодиётини ривожлантириш, уй-жой-коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказишдан олдин Президентимиз маҳаллаларда уйма-уй юриб, одамлар билан суҳбатлашди, уларнинг талаб-истакларини тинглади. Бир оғиз сўз билан айтганда, туманимизда эътибор қаратилмаган соҳа қолмади.

Кун тартибида битта масала: кимлигидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, хотин-қизларни, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бугун яхши яшаши таъминланиши керак. Маҳалла раислари, фаоллари хонадонма-хонадон юриши, ҳар бир оиланинг талаб-истакларини ўрганиши, уларнинг муаммоларига ечим топиши кундалик иш фаолиятига айланиши керак, деб таъкидлади Президентимиз.

Очиғини айтиш керак, йиллар давомида яхши яшаш, эртанги кунимиз яхши бўлиши ҳақида жуда кўп гапирилди-ю, аммо кўпинча катта-кичик муаммоларга панжа орасидан қаралди, улар ҳал қилиниши ўрнига баттар чигаллашиб кетди. Натижада халқнинг раҳбарлардан кўнгли совиди, уларнинг гап-сўзларига, ваъдаларига ишонмай қўйди. Энди бутунлай бошқача, янги давр келди. Халқ дарди билан яшамайдиган раҳбар энди майдонни тарк этиши, ўрнини муносиб шахсларга бўшатиб қўйиши керак. Акс ҳолда, ҳозирги талабчан муҳит, замон талаби уларни четга суриб чиқаради.

Ҳозирги давр оқсаган, орқада қолган, халқни ортидан эргаштира олмайдиган нўноқ раҳбарни табиий равишда тан олмайди. Аҳоли турмуш тарзини яхшилашни ўз иш мезони деб биладиган, хотин-қизлар билан ишлаш, ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг эртанги куни янада яхшироқ бўлиши учун жон куйдирадиган инсонларгина жамиятни ривожлантиришга қодир ва бундай одамлар Худога шукрки, жуда кўп.

Ҳар бир оилада тадбиркорликни ташкил этиш, уни ривожлантириш ишларини изчил давом эттириш – мана муаммоларнинг оддий ва энг тўғри ечими. Чунки тадбиркор бўлган одам ишни ташкил этишни билади, ҳалол меҳнат билан пул топишни ўрганади. Бизнинг «Янги шаҳар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 662 оила, 4224 нафар фуқаро истиқомат қилади. Доимий равишда уларнинг аҳволидан хабардор бўлиб турамиз, яхши-ёмон кунларида биргамиз. Маҳалламиз ҳудудида 23 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатади. Уларнинг ҳар бирида маҳаллада яшайдиган икки-уч нафар одам иш билан таъминланган. Тадбиркорларимиз эҳтиёжманд оилаларга мунтазам ёрдам бериб келишмоқда.

Хусусий тадбиркор Нажмиддин Эргашев Рамазон ҳайитида ўз даромади ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир тонна гуруч, бир тонна шакар, бир тонна картошка тарқатди. Жавдат Мелиқулов бир тонна ун, Сайфулла Холматов бир тонна шакар олиб берди. Бундай саховатли тадбиркорларимиз сони кўпайиб бораётгани одамни қувонтиради.

Қаранг, жорий йилда Тошкент шаҳрида прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўп солиқ тушиб, маҳаллий бюджетда 1,5 триллион сўми қолиши кутилмоқда экан. Президентимиз буни шундай изоҳлади: «Тошкентга ҳеч қачон бунча пул берилмаган. Биз нега 1,5 триллион сўмни шаҳарнинг ўзида қолдиряпмиз? Тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун, одамларнинг маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойлар, боғчалар қуриш, иш ўринлари яратиш учун. Энди жойлардаги раҳбарлар ҳам ўзини қийнаши, садоқат билан ишлаши керак».

Бу гапларнинг замирида минг-минглаб одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, болаларимизнинг порлоқ келажагини таъминлашдай эзгу мақсадлар мужассамлигини ҳаммамиз юрак-юракдан ҳис қилдик. Тўғрисини айтай, шунча ёшга кириб, муаммомизни ўрганишга келган бирорта раҳбардан ҳали бундай меҳр кўрмагандик, меҳрибон сўзларни эшитмагандик. Шахсан мен ўзимни шунча тутиб туришимга қарамай, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Кўнглимиз кўтарилди, шижоатимизга-шижоат қўшилди.

Кеча Президентимиз таклифи билан бир гуруҳ маҳалла раислари ўзаро тажриба алмашиш учун Фарғона шаҳрига келдик. Ҳозир маҳаллаларда бўлиб, уларнинг қўллашга арзийдиган иш услубларини ўрганаяпмиз, билганларимизни ўргатаяпмиз. Ўйлайманки, бундай ёндашув ўзининг ижобий натижаларини беради.



«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.