14.08.2018

ҒАФЛАТ — КЕЧИРИБ БЎЛМАС ХИЁНАТ

Ҳайдар БОБОХОНОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 август куни Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан ўтказган мулоқотларида билдирган фикрлари барчамизни яна бир бор ўз фаолиятимизга танқидий ёндошишга даъват этди. Шайхонтоҳур тумани фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда пойтахтимизнинг марказий туманида кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани куйинчаклик билан қайд этилди. Ачинарлиси, мутасадди ташкилотлар бунга бепарволик билан қарагани айтилди.

Йиғилишда тумандаги муаммолар очиқ — ойдин танқидий-таҳлил этилди. Бугунги ҳолат, одамларнинг яшаш тарзи ва ижтимоий вазиятлар акс этган видеоролик кўрсатилди. Гувоҳи бўлдикки, туманда камчиликлар кўп, ишсизлик муаммоси мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг ахир бу одамлар ҳам бизнинг фуқароларимизку, нега улар бундай вазиятда кун кечириши керак, уларнинг ҳам айнан бугун яхши яшашга ҳаққи борку, деб куйиниб айтган сўзлари барчамизни ўйлантириб қўйди. Дарҳақиқат, бугун пойтахт туманларида одамларнинг уй-жойга муҳтожлиги, ногиронлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани бор гап. Бандлик масаласида ҳам муаммолар кўп.

Тўғри, партиямиз вакиллари, депутатлар муаммоларни ўрганяпмиз, хонадонма-хонадон юряпмиз. Хусусан, 256 маҳаллада 1846 хонадонга кириб одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Аммо йиғилишда айтилган муаммоларга етиб бора олганимиз йўқ. ЎзХДП электорати, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ишсиз ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш учун жуда кўп меҳнат қилишимиз кераклигини чуқур англаб етдик.

Шайхонтоҳурда муаммоларнинг тўпланиб қолганининг сабаби бу ерда иш ўринларини яратишга етарли эътибор қаратилмаганида, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, одамларнинг ишсизлиги, ёшларнинг тайин бир иш билан банд бўлмагани ҳудудда ижтимоий тангликни ва жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида режадан кўра 2 триллион сўм кўп солиқ йиғилгани ва ушбу маблағнинг 1,5 триллион сўми маҳаллий бюджетда қолишини таъкидлади. Албатта, бу жуда катта сумма. Буни пойтахтимизда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, арзон уй-жойлар, боғчалар қуришга, умуман олганда одамларнинг маиший шароитларини яхшилашга сарфланиши таъкидланди.

Биз ҳам мазкур жараёнда аниқ режаларни белгилаб олдик. Юқоридаги каби камчилик ва муаммолар нафақат Шайхонтоҳурда, балки, пойтахтнинг барча туманларида мавжуд. Демак, аҳолининг муаммоларини ўрганиш, ёшлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар устидан депутатлик назоратини йўлга қўйган ҳолда аниқ чоралар кўриш лозим. Биз билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, йўл харитасини тайёрлашга келишиб олдик.



Миржамол АДИЛОВ, халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, 2-сонли республика тиббиёт коллежи директори:

Шайхонтоҳур тумани фаоллари билан бўлган учрашувда Президентимиз масъулиятсизлик, эътиборсизлик, лоқайдлик ҳақида куйиниб гапирди. Ғафлат кечириб бўлмас хиёнат эканини таъкидлади. Аслида жойлардаги ҳақиқий аҳволдан давлат раҳбаридан кўра кўпроқ биз, халқ депутатлари хабардор бўлишимиз зарур. Тошкент шаҳар туманларига депутатлар сайланиши ҳам айни шу мақсадларга қаратилган эди. Бизга туманлардаги муаммоларни чуқур ўрганиш, моҳиятини англаб, мақбул ечимни кўрсатиш масъулияти юкланганди. Афсуски, кўзланган натижага эриша олмадик. Буни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда янада чуқурроқ англадим.

Туманимизда бу каби аянчли аҳволда яшаётган фуқаролар борлиги кишини сергакликка ундайди, рости. Марказий кўчаларда, маҳалла гузарларида учрашувлар ўтказиб юраверган эканмиз. Туманнинг ҳали ҳокимият, мутасадди раҳбарларнинг қадами етмаган жойлари борлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Депутатлик фаолиятимни бошлаганимга саккиз ой бўлди. Шу вақт оралиғида тегишли ташкилотларга 6 депутатлик сўрови юбордим. 68 нафар фуқаронинг турли масалаларда қилган мурожаатларининг аксариятига ечим топишга кўмаклашдим. 8 мурожаат ижроси устидан назорат ўрнатилган. Аммо юртимизда шу вақт оралиғида қанчадан-қанча ўзгаришлар бўлди, ислоҳотлар амалга оширилди. Бу жараёнда депутатлик бирлашмалари ҳам бевосита иштирокчи, ташаббускор бўлиши керак, аслида.

Эътиборимизни қаратишимиз керак бўлган яна бир масала, ҳудудда аҳолининг кам таъминланган қатлами, ногиронлиги бўлган шахслар ва хотин-қизларнинг муаммолари йиғилиб қолган. Оқибатда аҳолининг маиший шароити оғирлашиб борган.

Бу ҳолатларни юзага келишида туман Кенгаши депутатларининг ҳам айби катта. Муаммоларни бартараф этиш бўйича кутилган ташаббуслар билан чиқмадик, сайловчиларга берган ваъдаларимизни бажара олмадик.

Куни кеча, биз халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари ҳудудда аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш бўйича туман кенгашида йиғилиш ўтказиб, ишчи гуруҳини шакллантирдик. Кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш борасида аниқ йўл харитасини ишлаб чиқишни белгилаб олдик. Тумандаги маҳалла раислари билан биргаликда ҳар бир хонадонга кириб, мавжуд муаммоларни аниқ ўрганиш, уларнинг базасини шакллантириш ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда босқичма-босқич ҳал этиш чораларини кўрамиз, албатта. Ишчи гуруҳимиз томонидан ишлаб чиқиладиган ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишга қаратилган йўл харитасида кам таъминланган оилалар ва ногиронларни уй-жой билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган ташаббуслар билан чиқиш масалалари қамраб олинади.

Бундан ташқари, ҳудуддаги таъмир талаб мактаблар, томлари чириб ётган турар-жойлар, анҳор ва ариқлар чиқиндихонага айланиб қолгани, бунга аҳоли, маҳалла фаоллари бефарқ қарагани дилимизни сиёҳ қилади, албатта. Шу боисдан Ишчи гуруҳимиз томонидан ишлаб чиқиладиган йўл харитасида тумандаги таълим муассасаларининг бугунги ҳолати ўрганилиб, тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш режалаштирилган.

Шуни айтишим керакки, таъкидлаб ўтилган муаммолар бугун эмас, кеча эмас, бир неча ўн йиллар давомида тўпланиб ётганини англаб етдик. Агар ушбу муаммоларни бугун ўрганиб, таҳлил этиб, ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади, вазият янада кескинлашади.



«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.