Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.08.2018

ЖАҲОН АДАБИЁТИДА ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Бу халқаро анжуман иштирокчилари томонидан ҳам эътироф этилди

Пойтахтимизда 7-8 август кунлари ўтказилган «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзуидаги халқаро конференция миллатлараро адабий, маданий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши, ижодий алоқалар ўрнатилишида янги босқични бошлаб берди.

Дунёда анжуманлар кўп. Ҳатто керагидан ҳам ортиқча. Лекин халқаро миқёсда адабиёт аҳлининг бир жойга жамулжам бўлиши, дийдорлашуви камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса. Тўғриси, турли хил конференция, учрашув ва анжуманларда қатнашавериб, бир хил қолипдаги сценарийларни кўравериб, этимиз қотиб қолган.

Лекин халқаро адабиёт анжуманига келаётган таниқли шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлар чеҳрасидаги байрамона кайфиятни кўриб, юрак шодланади, кўнгил ороланади. Адиблар хиёбонида барпо этилган Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси ижодкорлар билан гавжум. Шу топда мамлакатимиз Президентининг: «Бугун одамларимизнинг қонини тозалашимиз керак, бу маънавий тозариш жараёнида адабиётнинг ўрни беқиёс», деган гаплари ёдимга тушади.

Анжуман қатнашчилари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олдидаги зангор майсалар, анвойи чечакларга бурканган майдонга ўрнатилган буюк мутафаккир бобомизнинг салобатли ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг порлоқ руҳига ҳурмат-эҳтиром бажо келтирдилар.

Шундан сўнг университет анжуманлар залида конференция иштирокчиларига Ўзбекистон адабиёти ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи ролик намойиш этилди. Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид йиғилганларни адабиёт байрами билан табриклаб, Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевга сўз берди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновларнинг табрик сўзлари тингланди.

Бир қанча адабиётшуносларимиз томонидан анча йиллардан буён Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаяпти, — дейди Украинадаги АДЕФ нашриёт уйи директори Игорь Шпак. — Адабиёт дунёни бало-қазолардан асрайди, халқларни бир-бири билан бирлаштиради, инсон маънавиятини тозартиради. Ана шу маънода кўп йиллар давомида бир-бири билан ижодий ҳамкорлик қилиб келаётган ўзбек ва украин халқи вакиллари учун анжуман жуда катта байрамга айланди. Бу халқаро конференция азалдан давом этиб келаётган алоқаларимизни янада мустаҳкамлайди, деб ўйлайман. Тўйга тўёна сифатида Алишер Навоийнинг аслиятдан таржима қилинган «Фарҳод ва Ширин» достонини уч тилда — эски чиғатой ва ўзбек-украин тилларида чоп қилиб, олиб келдик.

Япониялик профессор Ҳисао Коматсу ўзбек тилида яхшигина гапирар экан. У анжуман таассуротлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:

Мен Токио чет тиллар университетида фаолият кўрсатиш билан бирга, Марказий Осиё тадқиқотлар департаменти таркибида илмий изланишлар олиб бораман, — деди Ҳисао Коматсу. — Ўзбекистон номини жумлаи жаҳонга танитган, дунё тамаддунини тафаккур зиёсидан баҳраманд қилган улуғ мутафаккирлар юртида мана шундай анжуман ўтказилишига умид қилиб юргандим. Мана, орзуимга етдим, бундан жуда хурсандман. Эски дўстларни, қадрдонларни учратдим. Анжуманда «Ўзбек жадид адабиётида саёҳатнома» мавзуида маъруза қилдим. Мавзу кўпчиликда қизиқиш уйғотди. ХХ аср бошларида ёзилган бир қатор саёҳатномаларни япон тилига таржима қилганман.

Татар жадидларидан Абдулазиз Иброҳим афанди 1907-1908 йилларда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон шаҳарларида бўлиб, ўзбек зиёлилари билан мулоқотда бўлади, Туркистон ўлкасининг сиёсий-ижтимоий муҳити билан танишиб, кўрган-кечирганлари асосида «Саёҳатнома» асарини ёзган. Япон халқининг ўзбек халқи тарихи, адабиёти, урф-одатлари ва турмуш тарзига қизиқишидан келиб чиқиб, ана шу асарни япон тилига таржима қилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола қилдим.

Куннинг иккинчи ярмида адабиётшунос олимлар тўртта шўъбага бўлинган ҳолда иш олиб бордилар. «Алишер Навоийнинг форсий тилдаги луғатлари», «Ўзбек мумтоз адабиёти намуналарининг хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари», «Ўзбек замонавий адабиёти намуналарининг хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари», «Ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва таржима асарларни тарғиб қилиш масалалари», «Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарининг халқаро миқёсда ўрганилиши», «Бадиий таржима соҳаси мутахассислари тайёрлашдаги халқаро илғор тажрибалар», «Ўзбек замонавий адабиётининг халқаро миқёсда ўрганилиши» сингари бир қатор мавзуларда маърузалар тингланди, ўзаро фикр ва тажриба алмашинилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, конференцияда 25 давлатдан ўзбек адабиётини яхши биладиган қирққа яқин таниқли олим ва адиблар, таржимонлар, ўзбек адабиёти намуналарини чоп қилган ноширлар ўз маърузалари билан қатнашди.

Мен 2009-2011 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институтида талабаларга туркий тиллар адабиёти фанидан дарс берганман, — деди Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети профессори, Замонавий турк тиллари ва адабиётлари бўлими профессори, филология фанлари доктори Вели Саваш Йелок. — Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик ижодкорлар билан ҳамкорлик қилиб келаман. 20 нафар турк ёзувчисининг ҳикояларини ўзбек тилига ўгирдим. Абдуҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари улуғ сўз усталарининг, асарларини турк тилига таржима қилдим.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодида тил ва услуб мавзусида докторлик диссертациясини ёқладим. Унинг кўплаб шеър ва ғазалларини таржима қилганман. Ҳаммасини жамлаб, 760 бетлик китоб тайёрладим ва турк тилида чоп қилдирдим. Лекин устоз бу китобни кўрмай кетди, вафотларидан 2 ой ўтиб, уни оилаларига етказдим, жуда хурсанд бўлишди.

Ёзувчилар уюшмаси учун қурилган шарқона ва замонавий услубларни уйғунлаштирган муҳташам бинони кўриб, тўғриси, ҳайратга тушдим, — дейди германиялик тадқиқотчи олим Карл Райхл. — Жуда кўп мамлакатларда бўлганман, Европани кезиб чиққанман, лекин ижодкорларга Ўзбекистондагидай шароит яратиб берилганини кўрмаганман.

Адиблар хиёбонида ўзбек адабиётининг буюк намояндаларига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини, вилоятларда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа ижодкорлар хотирасига ўрнатилган ҳайкалларни зиёрат қилиб, бу халқнинг ўз аждодларига нақадар беқиёс эҳтиромини юрак-юракдан ҳис қилдим. Демак, бу заминда минг йиллик анъаналар давом этаяпти ва бу — асрларга татигулик эзгуликнинг давомийлигидир.

Мен ўзбек халқ эртак ва афсоналари, достонлари, халқ оғзаки ижоди билан қизиқаман ва бу борада анча йилдан буён илмий-тадқиқот ишлари олиб бораяпман. Бир қатор достонларни немис тилига таржима қилганман. Ўзбек тилини яхши ўзлаштирганим учун ҳар бир сўз ва қочирим, маълум бир халққагина хос бўлган ибораларнинг маъносини немис китобхонига етказишга ҳаракат қилганман. Анжуманда «Қаҳрамоннинг қайтиши: Алпомиш, Арасту ва халқ достонлари» мавзуида маъруза қилдим.

Мен Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган адабиёт байрамига таклиф этилганимдан хурсандман, — деди «Литературная газета»нинг «Песнь Хумо» лойиҳаси муаллифи Алексей Шавлов. — Бугунги анжуман адабиёт келажагини, демакки, миллат, халқ келажагини ўйлаб ташкил этилганини унинг мазмун-моҳияти кўрсатиб турибди. Алоҳида олинган бир мамлакатда дунё ҳамжамиятидан ажралган ҳолда бирор-бир оламшумул ютуққа эришиб бўлмаслигини ўтган давр сабоқларидан яхши биламиз. Адабиёт қачонки дунёга бўй кўрсатса, унинг ютуқ ва камчиликлари холис баҳоланса ёки эътироф этилса, ана шунда ўсиш бўлади.

Ўзбекистонлик ижодкорлар билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланаяпти, уларнинг асарларини рус тилига таржима қилиб, газетамиз саҳифаларида беришдан ташқари, китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилаяпмиз. Ўзбекистонлик шоир ва ёзувчилар томонидан рус адиблари асарлари мунтазам равишда таржима қилиниб келинаётгани, ўйлайманки, бу борадаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида адабиётимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш мақсадида миллий адабиётимизнинг сара намуналарини танлаб таржима қилиш, унга хорижлик олим ва таржимонларни жалб қилиш масаласи ҳам қўйилган эди. Анжуман якунида ана шу масала юзасидан ижодий мулоқот ташкил этилди. Ўзбек адибларининг асарларини таржима ва нашр қилиш бўйича Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари раислари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Анжуманнинг иккинчи куни меҳмонлар дунё маданият ва маънавият марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳрида бўлиб, имом Бухорий, Соҳибқирон Амир Темур, Ҳазрати Хизр мақбаралари, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли ва Имом Мотуридий мақбараси сингари тарихий масканларда бўлишди.

Икки кун мобайнида давом этган ушбу халқаро анжуман мамлакатимиз ўтмиш тарихи, қадим маданияти, маънавиятини, ижодкорларимизнинг бугунги бунёдкорлик ишларини, амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшлар ташаббускорлигини ўзида мужассам қилган энг сара ва юксак савияли асарларини дунё миқёсида намоён этишга хизмат қилади.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.



Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.